Россия мадҳияси янграётганда турмаган икки аёлга 2500 рублдан жарима солинди

Россия мадҳияси янграётганда турмаган икки аёлга 2500 рублдан жарима солинди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Доғистоннинг Каспийск шаҳрида 1 сентябр куни ўтказилган тантанали тадбирда Россия мадҳияси вақтида ўрнидан турмаган икки аёлга 2500 рублдан жарима белгиланди.
  • Аёллар ўз ҳаракатларини ёш боласи борлиги ва соғлиғи ёмонлашгани билан изоҳлаган бўлса-да, суд уларнинг важларини инобатга олмади.
  • Мазкур шахсларга Россия Федерациясининг давлат рамзларидан фойдаланиш тартибини бузганлик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Доғистоннинг Каспийск шаҳрида Россия мадҳияси ижро этилган вақтда ўрнидан турмаган икки аёл маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳар бирига 2500 рубль (372 944 сўм) миқдорида жарима белгиланди. Аёллардан бири ёш боласи борлигини, иккинчиси эса ўзини ёмон ҳис қилганини сабаб қилиб кўрсатган бўлса-да, суд уларнинг важларини инобатга олмади. Бу ҳақда The Caucasian Knot хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳар икки аёлга Россия Федерациясининг давлат рамзларидан фойдаланиш тартибини бузганлик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Доғистон Олий суди матбуот хизмати маълумотларига кўра, мазкур воқеа 1 сентябрь куни Республика таълим марказида Билимлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбир давомида содир бўлган. Россия мадҳияси янграган пайтда икки аёл ҳам ўз жойида ўтиришда давом этган.

Суд мажлисида улар ўзларига нисбатан қўйилган айбловларни тан олмаган. Аёллардан бири қучоғида ёш боласи бўлгани сабабли ўрнидан тура олмаганини билдирган. Иккинчи аёл эса ўша пайтда ўзини ёмон ҳис қилгани ва соғлиғи туфайли тура олмаганини тушунтирган.

Бироқ судьялар уларнинг келтирган сабабларини етарли деб топмаган ва ҳар иккисини маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топган. Ҳозирча жаримага тортилган аёллар суд қароридан норози бўлиб, уни юқори инстанцияда шикоят қилиш-қилмаслиги ҳақида маълумот берилмаган.

Кавказ минтақасида бундай ҳолатлар аввал ҳам кузатилган

Шимолий Кавказ республикаларида давлат мадҳияси ижро этилаётган вақтда унга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш ҳолатлари учун фуқароларнинг маъмурий жавобгарликка тортилиши аввал ҳам кузатилган. Бундай воқеалар, айниқса, таълим муассасалари ва спорт тадбирлари доирасида содир бўлган.

Масалан, 2024 йил июль ойида Налчик шаҳридаги мактаб битирув маросимида Россия мадҳияси янграган вақтда ўрнидан турмаган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий баённомалар тузилган.

Натижада Кабардино-Балкариянинг саккиз нафар аҳолисига 3 минг рублдан жарима белгиланган. Жаримага тортилганлар орасида «RusHydro» компанияси ходими ҳам бўлган. Маълумотларга кўра, корхона ундан содир бўлган воқеа юзасидан оммавий равишда узр сўрашни талаб қилган.

Шунингдек, 2025 йил апрель ойида Кабардино-Балкария ва Қорачой-Черкесия республикаларида спорт мусобақалари вақтида давлат мадҳиясига ҳурматсизлик кўрсатган саккиз нафар киши жаримага тортилган.

Кейинчалик Черкесск шаҳрида ҳам шунга ўхшаш воқеа қайд этилган. Стадионда Россия мадҳияси ижро этилаётган пайтда ўрнидан турмаган 20 ёшли йигит маъмурий жазога тортилган.

Шу тариқа, Доғистондаги сўнгги воқеа Россиянинг айрим минтақаларида давлат мадҳиясига нисбатан муносабат ва давлат рамзларидан фойдаланиш қоидалари билан боғлиқ маъмурий ишларнинг давом этаётганини кўрсатмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар