ОТМларда “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилинмоқда: вазирлик ҳолатни ўрганмоқда

ОТМларда “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилинмоқда: вазирлик ҳолатни ўрганмоқда

Ўзбекистондаги айрим олий таълим муассасаларида талабалардан “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш сўралаётгани, бунга рози бўлмаганлар эса дарсларга киритилмаётгани ҳақида мурожаатлар тарқалди.

Жумладан, Тошкент давлат юридик университети талабаларидан бири иловани ўрнатиш ҳозирча мажбурий қилинмаган бўлса-да, маъмурият уни юклаб олишни сўраётганини билдирган. Шунингдек, иловани ўрнатмаган талабалар рўйхати шакллантирилиши ва уларга танбеҳ берилиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалган.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида эса айрим талабалар кириш жойида иловани ўрнатишга мажбурланаётгани айтилган. Жараён сабаб баъзи талабалар дарсга кечикиб, давоматга “NB” қўйилганини билдиришган. Дарс вақтида ҳам масъуллар аудиторияларга кириб, иловани ўрнатмаган талабалардан ўрнидан туришни талаб қилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси ҳам икки ҳафтадан буён кириш жойида турли APK иловаларини ўрнатиш таклиф қилинаётганини маълум қилган.

Талабалар илованинг мақсади ва уни ўрнатиш зарурати етарлича тушунтирилмаётганидан норози бўлмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Таълим ва илм-фан вазирлиги муносабат билдириб, раҳбарият томонидан вазиятни тезкор ўрганиш бўйича топшириқ берилганини маълум қилди. Айни пайтда ишчи гуруҳ текширувни бошлаган.

Вазирлик таълим жараёни узлуксизлиги ва талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши шартлигини таъкидлади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар