22:17 / 07.07.2017
12 919

Қашқадарёлик “қайта тирилган” Муҳаммаджон воқеаси: шифокорлар томони нима дейди?

Қашқадарёлик “қайта тирилган” Муҳаммаджон воқеаси: шифокорлар томони нима дейди?
Куни-кеча Ўзбекистондаги интернет нашрларда Қашқадарё вилоятида содир бўлган шов-шувли воқеа – шифокорлар ёш болани жони узилди, деб онасига беришгани, болани уйга олиб кетишгани, уни дафн этиш маросимида бола “тирилгани” ҳақида мақола пайдо бўлди. Мақолада тилга олинган бемор боланинг яқинлари – унинг бувиси ва онаси бу вазиятга шифокорларни айблашган, уларнинг масъулиятсизлиги, сансоларлиги ва ўз касбини пухта билмаслигини важ этиб кўрсатишган.

Ушбу воқеа юзасидан Кун.uz мухбири Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлим бошлиғи И.Рўзиев билан боғланди. Шифокор бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

“2017 йилнинг 14 май куни туғилган бемор Рашидов Муҳаммад ВБКТТМ чақалоқлар реанимация бўлимига ўта оғир ҳолатда: «Ҳомила ичи инфекцияси, сепсис, этиологиясида Stafilokokkus aurius. Марказий нерв системасини перинатал зарарланиши, чақалоқлар гемолитик камқонлиги, ичаклар фалажи» ташхиси билан ётқизилди. Беморга керакли текширув ва даво муолажалари ўтказилди.

Касаллик тарихидан маълум бўлишича, бола биринчи ҳомиладан биринчи фарзанд, қийналиб туғилган. Бемор боланинг ота-онасида ТОРЧ инфекция аниқланган. Шифохонага етгунча яшаш жойида поликлиника врачи назоратида бўлиб, эссенциали ва глюкоза олган”.

Шифокорнинг маълум қилишича, 2017 йилнинг 28 июнь куни Муҳаммадга «Ярали некротик энтраколит, ичаклар перфорацияси, перитонит» ташхиси қўйилади ва онаси ҳамда бувисига касалликнинг оғирлиги, ўтказиладиган операция хавфи тўғрисида тушинтирилади. Беморнинг онаси ва бувиси операцияга розилик тилхати беришади.

Операция вақтида беморнинг ичакларида тешилган некротик яралар, тарқалган нажасли перитонит аниқланиб, патологик ўзгаришлар бартараф қилинди”, деди шифокор И.Рўзиев.

Операциядан кейинги Муҳаммадга “Ярали некротик гангреноз тотал энтероколит. Ичаклар яраларини перфорацияси тарқалган – йирингли - нажасли - фибринли перитонит. Илеостома операциядан кейинги ҳолат”, ташхиси қўйилади.

Шундан сўнг беморнинг онаси ва бувисига бажарилган операция ҳақида тушинтирилади. Ана шу ерда, кутилмаган воқеа юз беради. Беморнинг онаси ва бувиси “болани олиб кетамиз”, деб тилхат ёзишади ва 2017 йилнинг 28 июнь куни соат 19:40 да Муҳаммадни шифохонадан уйга олиб кетишади. Бироқ орадан икки соат ўтгач, болани ўта оғир аҳволда қайтариб олиб келишади ва реанимация бўлимига жойлаштиришади.

Раҳимов Муҳаммад айни дамда реанимация бўлимида даво муолажаларини олиб келмоқда”, деди И.Рўзиев.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтида маълум қилишларича, охирги вақтларда беморда қўшимча равишда қорин таранглашиши, дам бўлиши, қориннинг катталашиши, ич келмаслиги, тана ҳароратининг кўтарилиши, қайт қилиш каби белгилар кузатилган.

Бундай вазиятда, албатта, оператив даво лозим бўлади. Аммо Муҳаммад Рашидовнинг аҳволи оғирлиги боис, операция катта хавф остида қилиниши бемор яқинларига тушунтирилган. 2017 йилнинг 28 июнь куни бемор Муҳаммад Рашидовнинг онаси тилхат асосида операцияга розилигини билдирган. Шу куннинг ўзидаёқ, яъни соат 15:30дан бемор операцияга тайёрлана бошланади. Ва соат 17:00 дан 18:50 гача жарроҳлик амалиёти бажарилади.

“Шифокорларнинг барча амалий чораларни кўришига қарамасдан бемор аҳволи оғир бўлган. Жарроҳ ушбу мураккаб вазиятни беморнинг қариндошларига тушунтирган. Шундан сўнг беморнинг бувиси болани уйга олиб кетмоқчи бўлади. Шифокорларнинг рухсат бермаслигига қарамай, тилхат асосида 28 июнь куни соат 19:30 да бемор Муҳаммад Рашидовни уйга олиб кетган.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, бемор уйига олиб кетилаётганда ижтимоий тармоқларда тарқалганидек вафот этган эмасди, у тирик бўлган. Бу ҳақда беморнинг бувиси Шаҳноза Ҳамидова тилхат ҳам ёзган. Бола вафот этгани ҳақидаги хулоса унинг яқинлари томонидан қилинган ва бу ҳақда тиббиёт ходимларига хабар берилмаган”, дейилади Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Расулов берган маълумотда.

Шифокорларнинг бизга маълум қилишларича, Муҳаммаднинг айни дамда реанимация бўлимида. Унинг аҳволидан хабар олгани Тошкентдан ҳам зарур шифокорлар Қаршига етиб келишган.

P.S: Биз кейинроқ ушбу воқеа юзасидан Раҳимов Муҳаммаднинг бувиси Ҳамидова Наргиза билан боғландик. У кишининг айтишича, ҳақиқатан ҳам Муҳаммаджон реанимацияда. Унинг аҳволини яхши деб ҳам, ёмон деб ҳам бўлмайди. Воқеа сабабини тушунтирар экан, Наргиза опа шундай деди: “Неварамнинг бундай бўлишига шифокорларнинг нотўғри ташхиси, Муҳаммаджонни даволашда пайсалга солиш ва сансоларликка йўл қўйишлари сабабдир. Мен тақдирга кўниб бўлдим, аммо бошқаларнинг фарзандлари, жигарпоралари мана шундай ҳолатга тушмасин, шифокорлар ўз касбларини сидқидилдан бажарсин дейман...”.

Бу масала қайсидир томоннинг кўрсатмаси билан якунига етказилиб, индамай кетиладиган масала эмас назаримизда. Чунки гап инсон аталмиш ҳилқатнинг ҳаёт-мамоти ҳақида кетмоқда. Бу иш масъул мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилади ва чиройли якун топади деган ниятдамиз. Бизнинг мақсадимиз қайсидир томоннинг ёнида бўлиш эмас, жажжи боланинг соғайиб кетишидан умид қилиш ва яхши ниятда бўлишдир.

Сарвар Анвар ўғли

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёлик “қайта тирилган” Муҳаммаджон воқеаси: шифокорлар томони нима дейди?