15:59 / 08.07.2017
6 987

Мингбулоқ нефть конида янги қидирув қудуғи ишга туширилди

Мингбулоқ нефть конида янги қидирув қудуғи ишга туширилди
Давлат раҳбари Мингбулоқ туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Мингбулоқнефть” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасига ташриф буюрди.

“Мингбулоқ конида қидирув ва қазиб олиш” лойиҳаси узоқ истиқболга мўлжалланган кенг кўламли лойиҳадир. Лойиҳа доирасида 4 қидирув-бурғилаш қудуғи ишга туширилади ва 4 мавжуд қудуқ капитал таъмирланади.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил Давлат инвестиция дастурининг манзилли рўйхатига киритилган бўлиб, айни пайтда бош пудратчи – “Xibu Duolling Engineering” компанияси бурғилаш майдони ва вахта қароргоҳидаги тайёргарлик ишлари якунига етказилди. Жорий йилда Мингбулоқ нефть кони маъмурий биносини таъмирлаш, М15 қидирув-бурғилаш қудуғини ишга тушириш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш учун Хитой молия-тижорат институтлари киритадиган 15 миллион долларга тенг сармоя ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Яқинда бу ерда М15 қидирув қудуғи ишга туширилди. Қудуқда бурғилаш ишлари катта – 6 минг метргача чуқурлик, аномал босим – 1200 атмосфера босими ва коллекторларнинг геологик мураккаб тузилиши шароитида олиб борилиши энг замонавий муҳандислик ечимларини тақозо этади. 25 йилга мўлжалланган ва умумий қиймати 255 миллион доллардан ортиқ бўлган ушбу лойиҳа натижасида Мингбулоқ нефть конидан йилига 200 минг тонна суюқ углеводород қазиб олиш режалаштирилган.

М15 қидирув-бурғилаш қудуғининг ишга туширилиши билан 130 дан зиёд иш ўрни яратилди.

Президент ушбу корхона мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Қурувчилар ва хитойлик мутахассислар билан суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мингбулоқ нефть конида янги қидирув қудуғи ишга туширилди