22:06 / 14.07.2017
6 639

Пора олишмас экан. Энди нима қиламиз?

Пора олишмас экан. Энди нима қиламиз?
Кеча ишга келаётганимда автобусда икки хонимнинг гурунги қулоғимга чалинди.

Гап ўғрилаш - айб. Аммо энсангнинг тагида қизғин муҳокама бошланса, иложинг қанча. Қулоғингга пахта тиқолмайсан-ку. Бунинг устига, шу кунларда пахта деганни топиш осон ишмикин. “Нишолда”дан умидвор кас борки, “оқ олтин”ни чигитлаб, тозалаб, тойлаб, кутиб турибди. Имдоту имкон бўлса, бас: Тахтларига қават-қават тўшаб, тўйиб-тўйиб яласа...

Оббо, ўтлаб кетдик. Майли, қўяберинг, ўйнасин. Автобусдаги хонимларга қайтайлик. Уларнинг ёшроғи, чамаси, қаердадир ҳисобчими-ей, иқтисодчими-ей бўлиб ишлар экан. Ўзга сайёраликни кўргандек ҳайратда. Эмишки, биржага олти ойлик ҳисоботини топширгани борса, кўзлари қинидан чиқиб кетишига сал қолибди. Илгари ўнлаб хоналарга тариқдай сочилиб, ҳинд рожаларидай қўр тўкиб ўтирадиган ходимлару ходималарнинг ҳаммаси каттакон бир залга тиқилмиш. Залки, эшигу туйнугидин йўқ нишон. Ҳамма ёқ ойна. Саккиз томонда - тўқсонта камера. Бошлиқ - ўртада. Қашингани қўрқармиш. Мудом қўлига қарайдиган ходима бу гал ҳисобдор хонимдан ҳеч нарса олмабди: “Менга яхшилик тиласангиз, энди совға-повға кўтариб келманг!..”

“Ахир қуриқ қўл билан қандай келаман? – деб ёзғирибди ҳисобдор. – Шунча йилдан бери... Ўрганиб қолганмиз... Олақолинг. Илтимо-ос!..”
“Йў-ўқ! – деб ўшқирибди инспектор. - Қамалиб кетишни истамайман! Раҳбарларимиз: замон ўзгарди. Олди-бердини тўхтатиб туринглар. Қўлга тушсаларинг, қутқаришимиз гумон, деб огоҳлантиришди...”

“Унда кўчага чиқайлик, - деб ялинибди бечора аёл. - Кўздан панароқ жойга... Машинангизга солиб қўя қолай...”
“Йўқ, дедимми, йўқ!..”
- Хуллас, манглайи қора олмади, - деди андуҳ билан жувон.
-Нима олиб боргандинг, ўзи? – деб сўради ёши каттароқ аёл.

Суҳбатдоши овозини пасайтирди:
- Нима бўларди. Одатдаги насибаси-да. Битта коняьяк. Конфет. Юз минг.
- Бирортасиниям олмадими?
- Олмади, - деб оғир хурсинди мотамсаро жувон. - Лекин ҳисоботимга тихирлик қилмай қўл қўйди.
- Совғани нима қилдинг? Сенга опкеган одамга қайтариб бердингми?
- Йўқ. Директоримиз коньяк билан конфетни менга бериб, пулни ўзлари олдилар.

Жувон яна оғир уф тортди:
- Ҳайронман, энди нима қиламиз?..
- Нима қилардик, - деб жавоб берди суҳбатдоши. – Дуо қиламиз.
- Вой? Кимни?
- “Пора олма! Олсанг, ўзингдан кўр!”, деб Огоҳлантираётганни.

Жонқобил Жума

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пора олишмас экан. Энди нима қиламиз?