14:33 / 09.08.2017
6 520

"Хорижлик йигит билан кетмоқчиман"

"Хорижлик йигит билан кетмоқчиман"
— 24 ёшдаман. Юртимизда ишлаб юрган хорижлик йигит билан танишиб, бир-биримизни ёқтириб қолдик. Танишганимизга икки йил бўлди. Яқинда унинг иш муддати тугаб юртига кетди. Ота-онамга бу ҳақда гапиришга қўрқаман. Чунки биламан, барибир розилик беришмайди. Йигит эса: «Мен билан бирга кета қол, олти ойдан сўнг қайтиб келамиз-да, тўй қилишни айтамиз. Шунда улар рози бўлишдан бошқа иложи қолмайди», демоқда. Шундай йўл тутсам бўладими?
Муяссар, Хоразм вилояти.

Таҳририятдан:

— Жуда нотўғри фикр. Ота-онадан яширинча иш қилишнинг оқибати «вой» бўлади. Сизнинг дунёга келишингизга сабабчи бўлган, оқ ювиб оқ тараган, қоғоздаги қанддек гўзал тарбиялаган ота-онани доғда қолдириб, аллақайдаги чет эллик йигит билан ўзингиз билмаган юрт, нотаниш одамларникига қай юрак, қай журъат билан борасиз? Ва сўнгра қай юз билан Ватанга қайтасиз? Бу шармандалик, ғирт аҳмоқлик-ку! Бу муҳаббат эмас, қабоҳат! Жон қизим, кўзингизни очинг! Тафаккур қилиб кўринг, сизни бу йўлга бошлаётган йигитда ор-номус борми ўзи?

Балки уларда бундай йўл тутиш одат тусига кирган оддий ҳодиса бўлса ажабмас. Биз — ўзбекларда бу орият! Ота-онани тириклайин гўрга тиқиш! Қолаверса, ҳаёт тажрибасига эга бўлган, хотин-қизлар масалалари билан ишлаб турли муаммоларни ўрганган ва натижасини кўрган инсон, аёл ва она сифатида маслаҳатим — ўз юртингиздаги, иложи бўлса ўз қишлоғингиздаги йигитга турмушга чиқишга ҳаракат қилинг.

Энг асосийси, ота-онангиз, қариндош-уруғингизга яқин жойда яшайсиз. Бу эса ўзимиз сезмаган катта бахт, қизим! Турмуш масаласи фақат ишқ-севги романтикасидангина иборат эмас. Бизда оила муқаддас! Никоҳ муқаддас! Ота-она-муқаддас зотлар ҳисобланади. Бу муқаддасликка хиёнат қилиш гуноҳ, болам. Унутманг, ўзлигини йўқотган одам ўзини тамоман йўқотади.

Меҳмон йигитимизга ҳам ўз юрти, ота-онаси бағрида бахт ва омади кулиб яшашини тилаб қоламиз.


Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Хорижлик йигит билан кетмоқчиман"