«Кишининг ўз қусурларини кўрмоғи – энг катта билимдир».
Сенека
1. Энг катта душман — ўзингиз…
Шарқда Искандар Зулқарнайн номи билан машҳур бўлган македониялик Александрга форс ҳукмдори Доро қўшинларига кечаси ҳужум қилишни таклиф этишганда, у: “Мен ғалабани ўғирламайман!” — дея жавоб бергани тарих саҳифаларида ёзиб қолдирилган. Ўша пайтда кимлардир Александрнинг бу қарорини хатога йўйгани турган гап. Аммо, у ҳақ эди. Дородек қудратли шоҳ бундай ҳарбий ҳийлалар оқибатида енгиладиган рақиб эмас. У тунги кутилмаган ҳужумда аскарларининг бир қисмидан ажралар, аммо йўқотишлар ўрнини қисқа муддатда тўлдириш ва жанг тизгинини қўлга олиш имконига эга эди. Шундай экан, Дорони ва унинг шонли армиясини мағлуб этишнинг бирдан-бир йўли уларнинг жанговор руҳини синдириш бўлиб, буни эса фақат очиқ майдондаги юзма-юз жангда амалга ошириш мумкин эди холос.
Бугун жамият айни ҳолатда. Давлат ислоҳотлари тафаккур ва руҳият ўзгармагунча кутилган натижани бермайди. Жамиятимизда янгиликка тўғаноқ бўлаётган энг катта душман миллий стереотипларимиз, руҳиятимиздаги қусурларимиз, онгимиздаги турғунликдир.
Тасаввур қилинг: чорвадан хабари йўқ одамга 100 та қўй берилса… Бир умр автомобилга эга бўлишни орзу қилиб келган, аммо уни бошқаришни билмайдиган одамга машина совға қилинса… Боринг, ана, қулга озодлик ҳадя этилса, нима бўлади? Чорвадан хабари йўқ одам қўйларнинг камида ярмини нобуд қилади, машина бошқаришни билмаган, табиийки, авария қилади. Қул эса… Бу ҳақда мақола сўнгида тўхталамиз.
2. Асл мақсадимиз – …
Бу мақолада биз еру-кўкка сиғмай янги ҳукумат ва давлат раҳбарини алқаш, маддоҳлик қилиш, тасаннолар ёғдириш (аслида булар энди нима қилишни билмаганлар ёхуд давлат ва ҳукумат кўзини шамғалат қилувчиларнинг хоббиси) каби тенденцияларда ўзимизни кўрсатишни мақсад қилмадик. Мақсадимиз жамиятимизга кириб келган янги бир ислоҳотларни амалга оширишда давлатга ёрдамчи бўлиш. Аммо ёлғонларсиз, мақтовларсиз ва энг асосийси конструктив бир шаклда.
Шундай қилиб, давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар чинакамига амалга ошишида қатор тўсиқларга дуч келмоқда. Бошқарув кадрларининг малакасизлигидан тортиб, оддий фуқаронинг янги даврга кўникишигача, бизнес эстеблешментнинг иқтисодий ислоҳотлар шиддатидан ортда қолаётганлигидан, жамият аъзолари тафаккурининг ўзгартиришда масъулларнинг нима қилишни тушунмаётганигача. Мавжуд реал муаммолар таҳлил қилинганда, бугунги жамият муаммоларини қуйидаги турларга бўлиш мумкин:
— иқтисод билан боғлиқ муаммолар (соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, фуқаролар реал даромадларининг пастлиги, ишсизлик, бозор иқтисоди ва муносабатлари кўникмаларининг камлиги);
— тиббиёт соҳасидаги муаммолар (сифатли тиббий хизмат қамровининг чекланганлиги, малакали мутахассисларнинг хорижга кетиб қолаётгани, тиббиёт ходимлари маошининг камлиги ва ҳоказолар);
— таълим ва саводхонлик борасидаги муаммолар (мактабгача таълим муассасаларидаги салбий ҳолатлар, мактаблар ҳамда олий ўқув юртларида таълим сифатининг пастлиги, кирилл ёки лотин алифбоси машмашалари, ёшларнинг китоб ўқишга қизиқмаслиги);
— мафкура соҳасидаги муаммолар (муаммоларнинг энг каттаси!).
Баъзи бир эски тизим вакилларига ёқса-да, ёқмаса-да, давлат раҳбари томонидан иқтисодий ислоҳотлар жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда. Гарчи ҳали сезилар-сезилмас бўлса ҳам улар самара бера бошлаганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Аммо ислоҳотларнинг асл моҳиятини халққа етказиш, одамларни янги бозор муносабатларига кўниктириш, юртдошларимизнинг тафаккурини ўзгартиришда камчиликлар кўп. Иқтисодчи бўлмаганим учун ҳам бу соҳадаги муаммоларни таҳлил қилиш мақсадидан йироқман. Мен масаланинг мутлақо бошқа жиҳатларига эътиборингизни жалб этишни хоҳлардим.
Президент тиббиёт соҳасини кескин танқид қилишига қарамай соҳада ўзгаришлар жуда секинлик билан амалга оширилаётганига ким сабабчи? Таълим соҳасидаги коррупция ва сифатсиз таълим, бунинг сабаблари ва айбдорлари хусусида ҳам соатлаб гапириш, кимларнидир айбдор қилиш мумкин. Аммо бу муаммоларнинг энг катта сабаби — жамият келажаги ва равнақини белгиловчи омил ҳисобланган ижтимоий тафаккур масаласидир. Жамият аъзолари тафаккури ўзгармас экан, бошланган ислоҳотлар қанчалик чуқур ўйлаб мукаммаллаштирилган бўлмасин, натижа бериши қийин. Биз бугун ана шу муҳим ва оғриқли нуқта — тафаккур ва мафкура масаласига тўхталишга қарор қилдик. Зеро, банданинг Ҳақ олдидаги даражаси молу дунёси-ю, бошқаси билан эмас иймони билан белгилангани каби миллатнинг даражаси унинг тафаккури билан белгиланади.
3. Миллий “брэнд” даражасидаги қусурларимиз
Миллатимизнинг улуғлигию, юксак маънавий тарафлари ҳақида биздан бошқа миллионлаб гапирганлар, гапираётганлар ва гапирадиганлар топилади. Биз эса миллий “брэнд” даражасига кўтарилган қусурларимиз ҳақида мушоҳада этишга жазм этдик. Тафаккурдаги қусурлар ҳақида сўз юритганимизда уларнинг бутун бошли миллатга хос камчилик сифатида тамғаланмаслигини истардик. Бироқ миллатимиз вакиллари орасида баъзи қусурлар кундан-кунга урчиётирки, фалокатга олиб борувчи бу иллатларнинг олдини олиш, оқибатлари ҳақида огоҳлантиришни фуқаровий бурчимиз деб билдик.
Ана шундай қусурлардан бири маддоҳлик деб эталади. Бугун жамиятда рўй бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар, муаммолар тўғрисида конструктив мулоқот ўрнини йиғилишлар, мажлислар, телекўрсатувларларда аравани қуруқ олиб қочишу фэйсбук саҳифаларида давлат раҳбарини, ҳукуматни алқаш, кўкка кўтариш тенденцияси эгаллаб олди. Ва бу кундан-кунга авж олаяпти.
Маддоҳлик мустақилликни қўлга киритган илк кунларимиздан бошланмади ёки совет тузуми даврида шаклланмади. Унинг илдизи олис-олисларга бориб тақалади. Тупроғимизда вужудга келган улкан давлатларнинг аксарияти сарой аъёнлари ва амалдорларининг зиммасидаги вазифаларни адо этиш ўрнига маддоҳликни касб этгани, мақтов ва алдов орқали давлат раҳбарининг кўзини кўр қилиб, ҳақиқий аҳволдан узоқлаштиргани сабабли инқирозга юз тутгани ҳақида кўп ўқиганмиз. “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”, деганда Абдулла Қодирий ўтмишдаги хатолардан тўғри хулоса чиқариш, уларни такрорламасликни назарда тутган бўлса не ажаб?! Афсуски, ўтмишдаги ана шу хатолар бугун қайта бўй кўрсатмоқда, айримларнинг қон-қонига сингиб кетган, таъбир жоиз бўлса, йўргакда юққан эски иллатлар яна жонланмоқда.
Маддоҳликнинг энг ёмони зиёлиларникидир. Чунки у давлатни ҳамиша жарга етаклаган. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт, ОАВ, санъат ва маданият соҳалари вакиллари билан учрашувда зиёлиларнинг асосан моддий масалаларнигина кўтариб чиқишди. Яхшики, Президентнинг ўзи жиддий муаммоларни тилга олди. Йиғилишда зиёлилар томонидан бирор-бир конструктив фикр айтилмади. Биргина шоира опамизнинг Амир Темурдан ўринли иқтибос келтирганини ҳисобга олмасак, зиёлиларнинг айтгани “Бўлди, кўзимиз очилди, энди зўр ишлаймиз, ишончингизни оқлаймиз!” қабилидаги олди-қочди гаплар бўлди.
Бундан аввал сиёсий партиялар, депутатлар Президент танқидига худди шу форматда жавоб берган эди. Бирортаси мард бўлиб, мен ўзимга билдирилган ишончни оқлолмаганим сабабли истеъфо бераман, халқим мени кечир демади.
На депутатлар, на олимлар ва на бошқа зиёлилар давлат раҳбари билан учрашув чоғида давлат ва миллат тақдирига дахлдор масалалар, ечимини кутаётган ўткир муаммолар, дунёда рўй бераётган мафкуравий эврилишлар, бу жараёнда юзага келаётган янги хавфларнинг олдини олиш, бунинг учун қилиниши керак бўлган ишлар хусусида фикр билдирмади, таклиф бермади.
Ушбу ушрашувларда кўтарилган муаммоларнинг пичоққа илингани тўйлар ҳақидагиси бўлди. Шундан бери ОАВ, ижтимоий тармоқларда шу мавзу обдон чайналмоқда. Дунёда учинчи жаҳон уруши ҳиди анқиб турган бир пайтда гўёки ўзбек давлатчилигининг бошқа муҳим муаммоси йўқдек?!
Президент зиёлиларнинг дарду изтиробини эшитай, юрт ва миллат қайғусига доир фикрларини билай, амалга оширилаётган ислоҳотларни кучайтириш бўйича аниқ амалий таклифлар олай деб учрашув ташкил этган эди. Афсуски, улар жуда майда нарсалар ҳақида гапиришди, асосан мақтов ва алқовлар ёғдиришди, ўзлари таклиф бермагач, давлат раҳбари ўртага ташлаган масалаларни “Бажарамиз!”, “Дўндирамиз!”дан нарига ўтишмади. Буларни эшитиб, Шавкат Миромоновичнинг ҳафсаласи пир бўлган бўлса ажабмас. Шукурки, учрашувда сўз ололмаган адабиётшунос Шуҳрат Ризаев миллатни ҳақиқатда қийнаётган масалаларда ўз фикрларини ажойиб бир мақола шаклида эълон қилди.
Тараққиётимизни ортга сураётган яна бир қусурлардан бири андиша деб аталади. Аслида ижобий бўёққа эга бу хусусият йиллар мобайнида моҳиятини ўзгартирди. Бугун ноҳақни ноҳақ демаслик, ҳақсизликка индамай кетиш, ахлоқсизликка кескин муносабат билдирмаслик, керакли ўринда ўз фикрини, ўз муносабатини билдиришдан уялиш — буларнинг барчасини биз андиша дея ўзимизни алдай бошладик. Надоматки, жасоратсизлигимизга, қўрқоқлилигимизга, масъулиятсизлигимизга маънавий важ топиб ўзимизни оқлаб, андишалимиз деб виждонимизни тинчлантириб, ўз ёлғонимизга ўзимиз ишониб келаяпмиз.
Дарвоқе ўзини алдаш хусусида. Ўзини ўзи алдаш энг буюк хиёнатдир. Нафақат инсоннинг ўзига балки миллатга нисбатан энг катта хиёнатдир. Чунки ўзини ўзи алдаётган оломон ўз ёлғонларини культга, “брэнд”га айлантиради. Ёлғонларидан бутлар ясаб олади ва уларга сиғина бошлайди. Авлодларини ҳам сиғинтиради. Бу бутлар миллатларни инқирозга юз туттирган, туттираяпти ва туттиражак! Аччиқ бўлса-да ҳақиқат шуки, бу қусурлар қуллик асоратини ифода этувчи қусурлардир.
4. Титаник ҳолатига тушмайлик – Бутларни синдиринг!
Бугунги изтиробли масалаларни санасак адоғига етиб бўлмайди. Кийиниш маданияти дейсизми, динга муносабат масаласи, китобхонликни оммалаштириш муаммоларими ёки ўша зиёлилар тилга олган тўйлардаги урфлар масаласими — буларнинг барчаси айсбергнинг устки кўриниши холос. Биз қачонки сабаблар билан эмас, тафаккур даражасининг маҳсули бўлган асоратлар билан курашда давом этар эканмиз, гўёки соялар билан жанг қилаётган одам уни енголмаганидек, миллат сифатида қисматимиз айсбергнинг кўздан панадаги, яъни сув остидаги катта қисми ҳалок қилган Титаникдек фожиали тугаши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак???
5. Нажот илм тараққиёти ва ахлоқ равнақида!
Гай Саллюстий Крисп Цезарга ёзган тўртинчи мактубида шундай насиҳат қилади:
“Ҳеч қачон ўз давлатингда ахлоқсиз инсонларнинг фақат пулдорлиги учн обрў топишига йўл қўйма! Чунки камбағал бўлсада ахлоқли инсондан кўра, ахлоқсиз бой жамиятда обрў топса, ахлоқсизлик ўша жамиятда урф бўлади ва Сенинг ҳар қанча қудратли империянг таназзулга юз тутади”.
Биз энг аввало ёлғондан воз кечишимиз керак! Бу ҳақда аввалги мақолаларимдаям айтганман, шу боис бу нуқтаи назаримни қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Чунки давлат бошқаруви соҳасида кўпчилик ибрат қилиб кўрсатадиган Сингапур иқтисодий мўъжизаси ҳам аслида ана шу қадамдан бошланган эди. Ўзимизни алдашни бас қилиш айни онда ҳақиқатни қабул қилиш демакдир.
Ишга ўн дақиқа кеч келса мукофотдан маҳрум қилиб, иш соати олтида тугаса-да, яна икки уч соат ишлатиб, айни маошни бериш ёлғондир! Беш иш кунига шартнома тузиб, олти кун ишлатиб, беш кунлик маош бериш ёлғондир! Ҳар куни ишга келиб кетиб, на ҳафталик, на ойлик мақсад қўймасдан, натижасиз ишлаш ёлғондир! Ўқитувчи, шифокор, нафақали (нафақахўр эмас!), зиёлиларнинг жамият ижтимоий ҳаётида мавқеи ва ижтимоий аҳволи паст бўлса, буюк келажак ҳақидаги ўйлар ёлғондир! Бир ойлик армияга бориб келиб, бир маротаба ўқ отмаган, автоматни қисмларга ажратиш ва йиғишни билмаган аскарнинг ҳарбий гувоҳномаси ёлғондир! Ўқитувчиси кўча супураётганини, чопиқ қилаётганини кўрган авлоднинг муаллимга эҳтиром руҳида тарбияланиши, ўша жамиятда Устознинг мавқеъи улуғлиги ёлғон!
Ёшларни чиройли гапиришга (маддоҳлик қилишга) эмас, амалда жасоратли, ҳақиқатпарвар, принципиал, илмга муккасидан кетган, фидойи бўлишга; шаҳардаги шундоқ ҳам истаса бўш вақтини нима билан ўтказишни биладиган ёшлар эмас, қишлоқда меҳнатнинг тагида эзилиб, вақт топса кетмонини тутиб иш билан андормон бўлаётган қаҳрамон ёшларнинг ҳаётига маъно бахш этишга, ўз салоҳиятини ошириш учун имконият яратишга асосий эътиборини қаратмаётган ёшлар тарбияси учун масъулларнинг, ташкилотларнинг ишлари, ҳисоботлари ёлғон! Уюшмаган ёшлар муаммоларини конференция ўтказиш, оммавий концертлар, фестиваллар ўтказиш билан ҳал қилиш мумкин деган хаёллар ёлғон! То давлат раҳбари айтмагунча ёки тепадан топшириқ бўлмагунча нима иш қилиши кераклилигини билмай ўтирадиган амалдорларнинг фидойилиги ёлғон!
Миллат бақоси учун эртаю кеч тинимсиз ишлаяпман деб ўзини овутаётган, аслида Форобий, Хос Ҳожиб, Кошғарий, Беҳбудий, Достоевский, Толстой, Бжезинскийларнинг асарларини ўқимаган масъулларнинг лаёқатлилиги ёлғон! Бир адолатсизлик ёки ҳақсизликни кўриб индамай кетиш жиноят эмаслиги ёлғон! Пора орқали мансабга ўтираётганларнинг давлатга хизмат қилиш даъвоси ёлғон! Пора олаётганларнинг ўзларини ҳожатбарор деб билишлари ёлғон! Маддоҳларнинг мақтови, қўрқоқларнинг андишалиги ёлғон! Биз бу ёлғонлардан воз кечишимиз керак.
6. Оловни қаердан оламиз?
Кучли жамият барқарор Давлат қуриш йўлидаги асосий қадамлардан яна бири жамиятда ахлоқнинг ролини кучайтиришдир. Ахлоқ аслида тарбияловчи ва чекловчи хусусиятларга эга. Бу икки хусусиятнинг бирлиги ахлоқни вужудга келтиради. Ахлоқ инсонларни тарбиялайди ва ёмонликлардан тияди. Бизда-чи? Аксарият ҳолларда ахлоқ фақат тарбиялайди. Аммо чеклашга келганда афсуски…
Тунги клублар, калта кўйлаклар, тор шимлар, ичиш-чекиш, китоб ўқимаслик каби ўнлаб илллатларнинг ёмонлигини таъкидлаймиз-у, аммо қонун даражасида чекламаймиз. Эътибор қилинг! Биз чеклаш тўғрисида гапираяпмиз, тақиқлаш тўғрисида эмас! Дунёвий давлатда тунги клубларни ёпиб ташлаш, сигарет ва спиртли ичимликларни сотишни тақиқлаш ақлга сиғмайдиган иш. Аммо уларни тартибга соладиган механизмларни миллий манфаатларга мосламаслик ҳам жиноят.
Тунги клубларга 25 ёшдан кичикларнинг киришини, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини шу ёшдан кичикларга сотишни ман этиш, уларни кечки 2200дан кейин сотишни тақиқлаш кўпгина ривожланган мамлакатлар тажрибасида бор-ку!
Иккита қабилани тасаввур қилинг: биринчиси, оловни кашф этгунга қадар уч минг йил кутди ва кашф этди. Хўш, қўшни қабила оловни кашф этиш учун у ҳам уч минг йил кутиши керакми ёки биринчи қабиладан олгани мантиқлироқми?
Бизнинг бугунги муаммоларимизга анча олдин дуч келган мамлакатлар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Улар қоқилиб, синаб, ахийри топган тўғри ечимларини тадбиқ этишга нима халақит беради бизга?! Биз дунёга очилаётган мамлакат сифатида ҳамма соҳада халқаро тажрибаларни ўрганиб, ечимларни тадбиқ этсак мамлакат тезроқ ривожланмайдими? Бунга нима халақит беради?!
7. Фобиялар – тараққиёт кушандаси
Дунёга сўз айтишни мурод қилган эканмиз, бунинг учун юқоридаги қадамлар баробарида фобиялардан воз кечиш зарур. Фобия — у қанақа шаклдаги қўрқув бўлишидан қатъий назар руҳият билан, янада тўғрироғи, тафаккур билан боғлиқ муаммодир. Аммо асосийси шуки, фобия (қўрқув) ўзига ишонмаган шахсда, кенгроқ олинганда, миллатда учрайди.
Биз бугун нафақат Марказий Осиёда, балки дунёда энг ривожланган Давлат бўлиш мақсадида дунёга очилган эканмиз, миллий тафаккуримиздаги турли фобиялардан воз кечишимиз керак. Эски СССРни тикламоқчи дея русофобияни, Туркий мамлакатларни бирлаштириб ўзига бўйсундириб олмоқчи дея Туркофобияни, ҳамма намоз ўқиса террористлар босиб кетади дея исломофобияни, янгиликлар яхшиликка олиб келмайди дея неофобияни урчитмаслик керак.
Ўзига ишонган миллат, ўз қудратига ишонган Давлат ҳеч нарсадан қўрқмайди. Кучли маънавиятга, мустаҳкамга эътиқодга эга шахс даҳрий билан мулоқот қилиб даҳрий бўлиб қолмаганидек, уч ярим минг йиллик давлатчилик тарихига эга бу Давлатни ҳеч қандай куч ўз йўлидан, ўз эътиқодидан қайтара олмайди!
8. Фақирлик миллатга исноддир
Тараққиётга зарар келтирувчи энг катта тушунчалардан бири бу камбағаллик айб эмас деган тушунчадир. Камбағаллик — ҳозирги замонда айб. Тўғрироғи камбағалликка кўникиш, у билан курашмаслик айбдир. Биз ҳар биримиз, энг аввало, камбағал ва фақир бўлишдан қутулиш чорасини кўришимиз керак. Ҳаракат билан, қатъият билан иқтисодий аҳволимизни яхшилашимиз зарур. Бу Ватаннинг корига яраш учун ҳам фақир бўлмаслик керак. Унга хиёнат қилинишига йўл қўймаслик учун ҳам фақирликка қарши курашиш керак. Нафақат моддий фақирлик балки маънавий фақирлик билан ҳам курашиш керак. Ватанга нисбатан ким хиёнат қилади, биласизми? Маънан фақирлар. Фақирлик нима? Фақирлик – муҳтожлик. Лекин мол-дунёга, пулларга муҳтожлик эмас.
Фақирлик — чиройли жавонларига терилган, лекин бирор марта ўқилмаган китоблардир. Фақирлик — ҳожатхоналарга қирқиб қўйилган газеталардир. Фақирлик — автомобил ойнасидан кўчага улоқтирилган пўчоқлардир. Фақирлик — тўрт киши учун ўн киши тўйгулик ноз-неъматлар қўйилган дастурхондир. Фақирлик — маънавият масхараланиб, моддият улуғланган суҳбатлардир. Фақирлик — муҳтожларга берилмаган эҳсон, тўраларга кийдирилган тўнлардир. Фақирлик — очликдан азобланиш эмас, тўқликдан мағрурланишдир. Фақирлик — бехабарлик, ИЛМдан бехабарликдир. Фақирлик — қориндаги тўқлик, ақлдаги бўшлиқдир.
Фақирлик — ҳашамат тобутидаги юраклардир…
9. Хўш қул нимани орзу қилади?
Ҳақиқатда қул нимани орзу қилади? Биз мақола бошида қулга озодлик ҳадя этилса нима қилади деган саволга атайин мақола сўнгида жавоб беришга мақсад қилдик.
Гап шундаки, қул ҳеч қачон озодликни орзу қилмайди, қул ҳамиша ўз қуллари бўлишини орзу қилади! Нима учун дейсизми?! Ўзини эзган хўжайинининг аламини бошқалардан олиш учун! Эътибор қилсангиз, ҳаётда қаттиққўл қайнонага учраган келинларнинг кўпи ўзлари қайнона бўлгач, бошига тушган кунлар эслаб, келинларини асраб-авайламайди. Аксинча, онгостидаги хотиралар ҳаракатга келиб, уларга қайнонасидан баттар муомалада бўлади, шу орқали қайнонасининг ўчини бошқалардан олади. Бу бир ҳаётий мисол холос. Айтмоқчимизки, шунинг учун ҳам қуллик психологияси асоратларидан кечиш юксалиш учун муҳим омил саналади!
10. Шакл ва моҳият
Комиллик шакл ва моҳият уйғунлигида эканлигини ҳаммамиз биламиз. Бизнинг шаклимиз моҳиятимизга ва аксинча моҳиятимиз шаклимизга уйғун бўлмас экан, тафаккуримиз ўзгармас экан биз бахтли бўла олмаймиз. Муродимизга етмаймиз. Жалолиддин Румий ҳазратларининг машҳур етти ўгитидан энг асосийсини эсланг: “Ё бўлганинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл!”.
Бугун ҳукумат Президент қабул қилган ҳаракатлар стратегиясини улуғлаш билан, уни мадҳ қилиш билан овора. Эътибор қилинг: унинг моҳиятини тараннум этиш билан банд ҳамма. Аммо унинг чинакамига, ҳов, ўша олис қишлоқ одами ҳаётига ижобий таъсир қилиши борасида амалий ишлар кам. Ҳатто миллатнинг олийжаноби бўлган бободеҳқон, меҳнаткаш одамлар орасида тарғибот ҳам суст. Гўёки ҳаракатлар стратегияси фақат Тошкент ва марказий шаҳарлар учун қабул қилинганидек. Эртага йил якунларида эса ҳукумат Президент олдига чиқиб унча уй қурдик, бунча кўприк қурдик, аҳолини ижтимоий ҳимоясини кучайтирдик дея гўзал ҳисоботлар беради. Аммо бу ҳисоботларда қишлоқдаги оддий меҳнаткаш оналаримизу сингилларимизнинг қонидаги гемоглабин миқдори нега ошмаганлиги, қоракўз миллатим боласининг жисмида йод танқислиги нега камаймаганлиги, нега қишлоқдаги ҳар бир гўдак ҳар эрталаб шаҳардаги болалар каби сутли овқат, колбаса, сарёғ ейиш имконияти йўқлиги ҳақида бирор сўз бўлмайди. Президент бу саволларни сўрамайди деб умид қилади. Аммо Президент буларнинг барчасини сўрайди. Чунки у ўғрини ўғри, тўғрини тўғри дейишдан қўрқмайди. Ҳаракатлар стратегияси оддий қишлоқ меҳнаткаши ҳаётига ижобий ўзгартириш киритмагунича тинчимайди.
Шу ўринда яна бир фикр. Биз Ҳаракатлар стратегиясини тилга олган эканмиз, уни тўлақонли ҳаётга тадбиқ этишда муаммо туғдираётган кичик бир нуқтага тўхталишимиз лозим. Ҳаракатлар стратегияси қанчалик улуғ марраларни мақсад қилиб олган бўлмасин, токи ҳар бир стратегияни амалга ошириш бўйича аниқ концептуал дастурлар ишлаб чиқилмас экан, муродга етилмайди.
11. Мураккаб давр
Умуман олганда, юқорида айтганимиз барча изтиробли масалалар ортида миллий тафаккур ва мафкура масаласи ётади. Бугунги кун учун янги бир мафкура зарурлигини ҳаётнинг ўзи исбот қилиб турибди. Биз бир онгли жамият сифатида дўппини бошдан олиб бизга қандай мафкура кераклиги ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Бу жуда оғир танлов. Чунки яшаётганимиз ва мураккаб деяётганимиз ҳозирги замон фақат Ўзбек учун эмас, барча миллатлар учун мураккаб бир даврдир.
Бугун мамлакатимиз эмас, дунёга космик нуқтадан бир назар солинг-а: Бугун биз инсониятнинг қураётган иморатларимиз юксак, аммо сабримиз саёз; йўлларимиз кенг, аммо ўйларимиз тор; кўп сарф қиламизу кам тасарруф этамиз; катта уйлар қурамизу оилаларимиз кичрайиб бормоқда; ақл бовар қилмас даражадаги ҳаётни енгиллаштирадиган шароитларга эгамизу, вақтимиз кам; илм соҳасида етукмиз-у, ақлимиз нокаслашмоқда; юксак тиббиётга эгамизу саломатлигимиз жойида эмас.
Эксперт, таҳлилчиларимиз кўп-у вазиятни тўғри баҳолай олмаймиз. Кўп ичамиз, кўп чекамиз, кўп гапирамизу кам ўйлаймиз; кам табассум қиламиз. Автомобилни тез ҳайдаймиз, жаҳлга тез бериламиз. Кеч ётамиз, кеч турамиз, аммо шунда ҳам чарчоқ билан уйғонамиз. Кўп телевизор кўрамиз, кўп баҳслашамиз, аммо кам китоб ўқиймиз, кам ибодат қиламиз.
Кун сайин майлларимизни орттирдигу аммо соат сайин қадриятларимизни камайтирмоқдамиз. Нафратимиз кўпаймоқда, муҳаббатимиз озаймоқда. Қаҳрда саховатли, меҳрда хасис бўлмоқдамиз. Яшаш учун курашишни биламиз-у яшашни билмаймиз. Инсон умрига йиллар қўшаяпмиз-у, аммо йилларга умр бахш этолмаяпмиз.
Коинотни забт этишни уддаладигу, яқинимизнинг кўнглини забт этишни эплолмадик. Атмосферани тозалаймизу, кўнглимиз кирини кетказмаймиз. Ўз иродамизга атомни бўйсиндирдигу, нафсимизга эга чиқолмадик. Кўп ёзамизу кам ўрганамиз. Шошилишни ўргандигу, кутишни унутаяпмиз гўё. Дунёнинг исталган нуқтаси билан боғланиш имконини берувчи технологиялар яратдик, лекин дилдан суҳбат қурмай қўйдик. Ҳирслар ортди, ҳислар камайди. Гулларнинг янги навларини яратаяпмизу, туйғуларни эскитиб қўймоқдамиз.
Бугун гўёки йирик одамлар, аммо майда шахслар, тез олинадиган манфаатлар ва мураккаб муносабатлар асри —– парадокслар асрида яшаяпмиз.
12. Оғир танлов
Давр шартларининг ўзи жамиятимиз олдига долзарб масала сифатида бундан кейин қайси йўлдан кетишимизни танлаб олишимиз кераклилигини кўрсатмоқда. Йўл муродга кўра танланади. Муродсиз йўл танланмаслиги каби, мафкурасиз жамият ҳам ҳаракатга келмайди. Мафкура борасида олдимизда тўрт хил танлов бор: биринчиси, миллатчилик руҳидаги мафкура; иккинчиси, диний-монархик мафкура; учинчиси, либерал-демократик мафкура; тўртинчиси, консерватив мафкура.
Қайси бирини танлашдан қатъи назар, муҳим бир нуқтани унутмаслигмиз лозим: биз мафкурани оммани бошқариш воситаси эмас, мамлакатимиз ва бутун дунё олдида турган муаммоларини ечиш инструменти сифатида кўришимиз керак.
Бу танловнинг оғирлиги шундаки, буларнинг ҳеч бири идеал эмас. Барчасининг фойдаси каби зарари, яхшисига баробар ёмон оқибатлари бор. Биз бугун яхши ёки ёмон ўртасида танлаш имкониятимиз йўқ. Бизда фақат кўп ёмондан кўра озроқ ёмонини, кўп зарардан кўра озроқ зарарлисини танлаш имкони бор холос. Аммо бунда ҳам адашмаслигимиз, бунинг учун ҳар томонлама чуқур ўйлаб, етти ўлчаб бир кесишимиз зарур. Ҳолатнинг оғирлиги шундаки, ўйлашга вақтимиз оз. Жуда ҳам оз.
Саид Абдулазиз Юсупов, сангтарош уста
P.S. Мен миллатимни бошқарилувчи эмас, бошқарувчи; тарошланувчи эмас, тарашловчи сифатида кўришни орзу қиламан!
Манба: Tafsilot.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас