23:44 / 26.08.2017
7 052

Сизда гапим бор…

Сизда гапим бор…
Ассалому алайкум! Қимматли вақтингизни аямай мен билан ғойибона суҳбатга киришганингиз учун ташаккур! Ўйлайманки, суҳбатимиз — йўқотилган вақтимизни хайрли ва манфаатли қилади…

Дунёда бўлаётган жараёнларни кузата туриб, бир фикр уйқу бермайди. Нега одамлар кундан — кун ваҳшийлашиб боряпти?! Нима етишмайди уларга?! Яратганимиз биз инсонларнинг фаровон ҳаёт кечиришимиз учун бир гўзал ҳилқатни, ерни тақдим этган бўлса, унда биз инсонлар яшашимиз учун барча неъматлар бисёр бўлса, бизга нима етишмайди? Айтинг нима? Бир парча қоғоз ёки бир парча темирдан ясалган қутими?

Суҳбатимиз бошидаёқ қўпол муносабатда бўлган бўлсам, узр!
Суҳбатни бу тарзда авж олиб кетишига ягона сабаб бор. У ҳам бўлса бегуноҳ, ёш гўдаклар ва меҳрибон онажон-у, ғамхўр отажонларнинг бесабаб қурбон бўлишлари! Бугунги кунда тоборо авж олиб бораётган ҳар хил “уруш ўйинлари” ҳали ҳам давом этмоқда. Масалани нима ҳақда кетаётганини тушундингиз назаримда. Бу разил ҳаракатларга қачон барҳам берилади? Қонли юришлар қачон тугатилади? Нафсини қулига айланган манқуртларни режалари қачонгача бажарилади? Бу каби саволларни сиз ҳам ўзингизга бериб кўринг-чи, кўзингизга уйқу келармикан?!

Тўғри, биз Худони назари тушган, ҳур Ўзбекистонда яшаяпмиз! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо! Аммо, бутун дунё ҳавас билан назар ташлаб турган мана шундай жаннатмонанд юртдан ҳам урушнинг аҳмоқона машмашаларига аралашаётган айрим манқуртларнинг борлиги бизга уйқу бермайди… Улар ниманинг ва қандай сафсаталарнинг эвазига у томонларга сафар қилишяпти? Бунга уларни нима мажбур қиляпти? Айтинг, дўстим! Нима сабабдан ёнинигиздаги қўшнингиз муқаддас оиласини, меҳрибон ота-оналарини ташлаб кетди? Нега синглингиз, акангиз, укангиз, яқинингиз, ватандошингиз, қардошингиз сиздан юз ўгириб уруш майдони томон отланди? Нега?

“Улар менинг яқиним эмас” дейсизми? Бундай дейишга ҳаққингиз йўқ, у Сизнинг яқинингиз! Бир Ватанда яшар экансиз, у сизнинг яқинингиз, керак бўлса жигарингизнинг бир бўлаги! Шундай экан, нега ўз жигарингиз тақдирини эътиборсиз қолдирдингиз? Бугун қўшнинигиз, эртага маҳалладошингиз, индин бошқалари секин – секин эргашиб бораверсаю сиз эътиборсизгина, гўё кўрмаган инсон ролини маҳорат билан ўйнаётган актёр каби бефарқ бўлиб турсангиз?! Қачонгача?!

Ҳар куни минг-минглар бегуноҳ болалар қурбон бўлиб, уруш майдони гўдаклар ноласи билан тўлиб кетди… Минг-минглаб онажонлар фиғони, уруш майдонини “базм” га айлантирмоқда… Наҳотки шулар ҳақида бир мулоҳаза қилиб кўрмасангиз?! Қалбидаги иймонини моддиятга алмаштирган баъзи кишиларнинг ёвуз ниятли режаларини бажараётганлар сиз ва биз каби оддий одамлар, фақатгина уларнинг маънавияти жаҳолат сувлари билан суғорилган, холос! Ана шундай жаҳолат сувлари бизнинг маънавий оламимизга сизиб кирмаслиги учун ҳам руҳан, ҳам жисмонан эътиборда бўлишимиз керак эмасми?! Бунга қўшимча қилиб, ёшлар ҳаётига эътиборли бўлиш лозимлигини бот-бот ёдга олиб, унга қарши курашишимиз керак эмасми?! Ўтмиши ва келажаги буюк бўлган юртимиздан айрим ватандошларимизнинг ажал майдонига қараб отланиши жуда оғир ҳолат эмасми?! Йўқ! Бунга шунчаки қараб туриш сизнинг, бизнинг, миллатимизнинг қонида бўлмаган, бўлмайди ҳам!

Бу билан уруш бўлаётган ўлкаларга бориб, бўлаётган нотинчликларга барҳам беринг демоқчи эмасман. Мен айтмоқчи бўлган ягона истак, ўз яқинларингиз тақдирига, ўз Ватанингиз тақдирига бефарқ бўлманг! Юрт тинчлиги кўнгил ҳотиржамлиги эканлигини, қолаверса, тинчликнинг шунчаки осмондан тушиб қолмаганлигини ҳам жуда яхши биласиз. Шундай экан, уни муҳофаза қилиш, шу юртга жон фидо қилиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз! Мен хоҳлардим, ҳар кун тонгда туриб, биринчи қиладиган юмушимиз, шу Ватанга манфаатли нимадир қилиш керак эканлигини… Агар ҳеч нарса қўлимиздан келмаса, ҳеч бўлмаганда зараримиз тегмаса ҳам шуни ўзи шу юртга қилган энг катта хизматимиз эканлигини доимо ҳис қилиб яшасак! Қани эди…

Агар ортиқча ҳиссиётларга берилиб кетган бўлсам, узр. Бу шунчаки баландпарвоз гаплар эмас, бу қалбни тирнаётган инсоният тақдири…Миллатимиз тақдири… Дунё тақдири…

Тасаввур қилинг, дунёйимиз тинч, ҳамма хурсанд… Болакайларнинг шўх-шодон кулишлари, оналарнинг тундаги янграётган сокин аллалари… Бир тасаввур қилинг-га! Жуда ёқимли! Тинчлик- тотувликка нима етсин! Энди, тобора қора зулмат қоплаётган уруш майдонларини кўз олдингизга келтириб кўринг, жуда аянчли, шундай эмасми?!

Яқинда, машинада кетаётиб бир Афғонистондан келган, юртимиз меҳмони билан суҳбатда бўлдим. У кишининг айтишича, тонгда туриб бирор жойга кетоётган бўлса, бутун оила аъзолари билан хайрлашиб, “ кўришолмай қолсак, болаларни эҳтиёт қил” деб чиқиб кетишар экан. Яъники, шу чиқишда унинг келиши номаълум бўлиб қолмоқда. Бу нимадан?! Бу, юртида тинимсиз ўқлар парвоз қилиб юриши-ю, танкларнинг ваҳимали отишмаларидан! Юқорида келтирилган ҳаётий бир мисолнинг ўзидаёқ, урушнинг нақадар ёвуз эканлигини тушуниб олишимиз мумкин.

Биз ҳам бир вақтлар кимларнинг, қандай инсонлар қўлига қараб ҳаёт кечирардик. Бир эслаб кўрингчи. Аянчли хотирлар тарихга айланди. Энди у даврларда ортда қолди. Биз буюк неъмат-мустақиллик, ҳурликка эришдик. Биз энди эркинмиз! Энди бизнинг олдимизда бир вазифа турибди, у ҳам бўлса юрт тинчлигини асраш-авайлаш, унга гард юқтирмаслик.

Азиз дўстим! Келинг, шу бугундан бошлаб гўзал Ўзбекистонимиз учун ҳар куни бир манфаатли иш қиламиз. Келинг, кунлик режамизнинг бош бўгинига “бугун Ватаним равнақи учун бир фойдали иш қиламан” деб ёзиб қўямиз. Ўшандагина мана шу Ватан ҳаққини оз бўлсада оқлаган бўламиз. Келинг, эътиборсиз бўлмайлик!

Сирожиддин Муҳаммад Ўсар

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сизда гапим бор…