5-лавҳа. Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган давлатлар тарихи
Афросиёб — ҳозирги Самарқанднинг шарқий чегараси ҳудудларида мил. авв. VIII–VII асрларда асос солинган қадимги шаҳар. Унинг майдони 219 гектар бўлиб, унга суғдийлар асос солганлар.
Дастлаб суғдийлар “Смараканса”, яъни суғдчасига “анжуманлар ўтказиладиган жой”, сўнгра юнонлар “Мароканда”, хитойликлар “Кан” деб аташган. XI асрдан бошлаб “Самарқанд” деб аталган.
1220 йилда мўғул хони Чингизхон бу шаҳарни вайрон қилади. 1370 йили Амир Темур мазкур шаҳарни шимоли-шарқ қисмида қайта бунёд этади. XVII асрдан бошлаб шарқ муаллифларининг асарларида қадимги шаҳар ҳаробалари “Афросиёб” ёки “Кўҳна қалъа” деб атала бошлаган.
Қадимги Хоразм — Амударёнинг қуйи оқими, Қорақалпоғистон, Хоразм ва Тошовуз вилоятларини ўз ичига олиб, “Авесто”да бу давлат “Хваризам”, Беҳистун ёзувларида “Хваразмиш”, Арриан ва Страбон асарларида “Хорасмия”, қадимги суғд ёзувларида “қуёшли ўлка” тарзида учрайди.
Мил. авв. IV асрда Қадимги Хоразм Аҳамонийлар империясидан мустақил давлатга айланди. Македониялик Александр ва Салавкийлар ҳукмронлиги даврида ҳам Қадимги Хоразм давлати мустақил эди. Мил. авв. I асрда ва дастлабки милодий асрларда Хоразмда кумуш ва мис тангалар зарб қилинган.
Милодий I асрда Хоразмда ишлаб чиқилган маҳаллий тақвимдан хоразмликлар VII асрга қадар фойдаланишган.
Қадимги Бақтрия — қадимда Марғиёна ва Суғдиёна унинг таркибига кирган бўлиб, у ҳозирги Сурхондарё вилояти, Жанубий Тожикистон, Шимолий Афғонистон ҳудудларини ўз ичига олган.
Ёзма манбаларда “Бахди” (“Авесто” китобида), “Бақтриш” (Беҳистун ёзувларида), “Бақтриана” (юнон-римликларнинг асарларида) шаклида учрайди. Бундан ташқари, ушбу қадимги давлат “Авесто”да “баланд байроқли ўлка”, юнон-рим асарларида “минг шаҳар мамлакати” сифатида ҳам тилга олинади.
Суғдиёна — Қадимги Бақтрия таркибида бўлиб, у ҳозирги Қашқадарё ва Зарафшон воҳаларини ўз ичига олган. Ёзма манбаларида мазкур ўлка “Сўғда” (“Авесто” китобида), “Суғуда” (Беҳистун ёзувларида), юнон-римликлар (Арриан, Страбон, Курсий Руф) қаламига мансуб асарларда эса “Сўғдиёна” шаклида тилга олинган.
Сак ва массагетлар — бошқа халқ ва элатларга нисбатан кўп сонли бўлган кўчманчи чорвадор халқлардир. Кўчманчи сак ва массагет элатларининг асосий машғулоти чорвачилик бўлиб, уларнинг туя, от ва қўй-эчкилардан иборат катта-катта сурувлари бўлган. Маълум номдаги давлатчиликка эга бўлмаган бўлсаларда ўз ерларини бошқа қабилалар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун саклар мил. авв. VI асрда “ҳарбий қабила иттифоқи”га бирлашадилар.
Саклар, юқорида таъкидланганидек, Ўрта Осиёнинг тоғли ҳудудлари, даштлари ва чўлларида яшаган кўчманчи чорвадор қабилалардир. Бундан ташқари, чўллар ва Амударё бўйларида кўчманчи массагет қабилалари ҳам яшаганлар.
Фарғона — маҳаллий ҳокимлиги Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, пойтахти Косон ва Ахсикат шаҳарлари бўлган. Фарғона ҳукмдорлари “ихшид” деб аталган. Фарғона деҳқончилик (зироатчилар кўпинча пахта ва шоли экишган), чорвачилик, ҳунармандчилик хўжаликлари ва ички-ташқи савдо ривож топган мустаҳкам иқтисодий пойдеворли ўлка эди.
Қўшни мамлакатларга бўёқ, рангли шиша буюмлар ва дори-дармонлар чиқарилган. Қурама ва Қорамозор тоғлари ёнбағирларида қадимдан йилқичилик билан шуғулланилган. Бу ерда кўпайтирилган тулпор отларнинг донғи жаҳонга таралган. Аҳолисининг акарияти будда динига сиғинишган.
Фарғона давлатининг Шўрабашат, Учқўрғон сингари шаҳарлари атрофидаги аҳолиси ерни ишлаш, шоли ва буғдой етиштириш, боғдорчилик ва узум етиштиришда катта ютуқларга эришган. Олимларнинг аниқлашича, милодий II асрда Фарғона давлати барҳам топган.
Чоч ва Илоқ — Чирчиқ ва Оҳангарон водийларида жойлашган эди. Чочнинг пойтахти Чочкат шаҳри, Илоқнинг пойтахти Тункат эди. Чочнинг ҳукмдори “тудун”, Элоқники эса “деҳқон” деб юритилган.
Элоқ олтин ва кумушларни ковлаб олишда Ўрта Шарқда маълум ва машҳур бўлган. Чоч тудунлари олд томонига мулкдорнинг сурати, орқасига гажак думли барс ёки қоплон тасвири, баъзан сулолавий айри тамға туширилган чақа-тангалар зарб этганлар.
Айрим танга пуллар орасида подшоҳ билан ёнма-ён турган малика тасвири туширилган пуллар учрайди. Бундай қўшалоқ тасвир, шубҳасиз, қадимги туркийлар давлатчилигида ҳукмдорнинг маликаси — “хватун” (“хотун”) вазирлик даражасига эга бўлиб, давлат бошқарувида фаол иштирок этганлигидан далолат беради. Саройда у ҳоқондан кейинги ўринни эгаллаган.
Қадимги Қанғ — ҳозирги Тошкент воҳаси, Чимкент вилояти ва Сирдарё бўйи ҳудудларини эгаллаган қадимги давлатлар бирлашмаси. Мил. авв. III асрда унга саклар асос солишган. Хитой манбаларидан у “Қанғйуй”, Хитой тарихчилари эса уни “Битйан” деб аташган.
Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги Қанғҳа шаҳар харобаси сакларнинг ўша кезлардаги “Қанғдез” номли пойтахти бўлган, унга археологлар “Қовунчи маданияти” номини беришган.
Мил. авв. II аср охирида Қанғ қабилаларнинг ҳукмдорлари танга зарб эттиради. Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғи орқали хитойлик савдогарлар билан узвий алоқада бўлишган. Милодий III асрга келиб Қанғ давлати парчаланиб кетган.
Тохаристон — ҳозирги Жанубий Ўзбекистон ва Тожикистон, Шимолий Афғонистонни ўз ичига олган бу тарихий вилоят шимолда Ҳисор тоғлари, жанубда Ҳиндикуш, ғарбда Мурғоб ва Херируд водийси, шарқда Помир билан чегараланган.
Тохаристон номи мил. авв. II асрда Юнон-Бақтрия давлатини қулатган чорвадор қабила — йуечжилар номидан олинган.
Тохаристон — Ҳиндистон, Яқин ва Узоқ Шарқ мамлакатлари билан савдо-маданий алоқалар ўрнатган. Ўз чақа-тангалари орқали ички-ташқи савдо муомаласини юргизишган. Тохаристон Марказий Осиёда будда ва монийлик динларининг тарқалиши ва ривожида муҳим рол ўйнаган.
Довон — тахминан мил. авв. III асрдан то мил. II асргача мавжуд бўлган давлат. Хитой манбаларида бу ўлка “Довон”, бошқа манбаларда эса “Паркана” деб аталган. Аҳолиси 70 дан ортиқ кичик шаҳарларда истиқомат қилишган.
Масалан, Довонда бўлган хитойлик сайёҳ Чжан Цян бундай деб ёзади: “…Довон диёрида 70 тача катта-кичик шаҳарлар бор; …аҳолисининг сони бир неча юз мингга етади. Ўқ-ёй ва найзалар билан қуролланишган. Халқи от чоптириб ўқ отишга моҳир”.
Бошқа бир хитой солномасида: “Анъси (Қадимги Эрон) шаҳарлари Довондагига ўхшашдир”, деб ёзилган. Хитой тарихчиларининг гувоҳлик беришича, Довон давлати ҳудудлари ҳозирги Тошкент воҳасигача чўзилган.
Манба: qalampir.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)