Ижтимоий тармоқ саҳифаларида бу йилги пахта йиғим-терими хусусида турли гап-сўзлар юргани, мавзуга доир ҳар хил фикр-мулоҳазалар билдирилаётгани, хуллас, раҳбар ходимлар томонидан теримга мажбурлаш, жамоаларнинг норозилик хатлари, шикоятлар, пахта далаларидаги бахтсиз ҳодисалар, ҳашарчиларга шароитларнинг мавжуд эмаслиги хусусида хабарларга тўлиб тошгани ҳеч кимга сир эмас.
Эътибор берган бўлсангиз, таҳририятимиз бу мавзуда “пашшадан фил ясаб” жамоатчилик эътиборини тортавергани йўқ...
Шундоқ ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг олиб бораётган сиёсий, иқтисодий, маданий-ижтимоий фаолиятига таҳлилий ёки холисона ёндашиб эмас, “мухолиф нигоҳида” ёндашадиган айрим нашрлар, таъбир жоиз бўлса, бу масалани “чайнаб” ташлашди.
Бир томондан уларни тушинишга ҳаракат қиласан киши... Аслида қайсидир хорижий ташликотларнинг молиявий эҳсони ҳисобига кун кўрадиган бундай “ҳақиқатпарвар” нашрлар қанча кўп “танқидий шов-шувлар” ясасалар, шунча кўп “гонорар” олишлари аниқ. Ахир уларнинг асл мақсади инсон ҳуқуқларини “ҳимоя қилиш”дан иборат-ку...
Иккинчи томондан, уларнинг бундай “дод-войлари” жамиятда учрайдиган айрим ноҳақликлар, адолатсизликларга чуқурроқ эътибор беришга ундайди кишиларни. Баъзи бир ўз ваколатини суиистеъмол қилаётган мансабдор шахслар “олди-ортига қараб” иш юритишади.
Хуллас, жамиятда ўрин борки, жой борки, бундай “муносабатлар” қарор топаверади ва, шартли равишда, талаб ҳамда таклифдан иборат ҳаётимизда “мувозанат” сақлайди. Аниқроғи, униси ёмон, буниси яхши, демоқчи эмасман, аксинча, ҳар бир яхшида — ёмон, ҳар бир ёмонда — яхшининг бўлиш эҳтимоли мавжуд. Гап унга қайси томондан ёндашишда...
Бироқ бугунги фикр-мулоҳазаларимиз бу ҳақда эмас.
Пойтахтда туғилиб вояга етган қариндошим, унинг таъбири билан айтганда, 2-босқич толибаси “Бизни институтдан пахтага олиб кетишмоқчи... Пахта терими деганлари қанақа бўлади”, деб сўраб қолди. Юзлари оппоқ, сочлари узун, йигирма ёшга кириб пахта даласини кўрмаган жияним менинг жавобимдан ҳангу манг бўлиб қолди!!!
Келинг, жияним билан суҳбатимизга бироз кейинроқ тўхталсак...
Тўғри, пахта йиғим-терим мавзуси билан боғлиқ айрим “кўникмаларга” эга камчиликлар, ноҳақликлар мавжуд эди. Масалан, ҳашарчилар келишига одатланган қишлоқ аҳолиси пахта теришни эплолмайдиган ёки эплашни истамайдиганлар томонидан маълум маънода “ёлланарди”. Аниқроғи, ҳам ҳашарчилар берадиган кунлик маблағни олишарди, ҳам терган пахтасининг пулини...
Айрим ўқув юртларининг, ҳашарчилар олиб чиққан ташкилот-корхоналарнинг баъзи бир мутасадди раҳбарлари мазкур “мавсумий мажбурият”ни қойил қилиб бажаришарди. Бу “жадвал” барчамизга аён...
Яхши пул топадиган эр талаба бўлган хотинини (янги келин, ҳомиладор аёл) ётоқли ҳашарга жўнатмаслик учун, қайсидир “ишбилармон ота” нозик қизини узоқ муддатли “гигиенага зид” тадбирга юбормаслик учун юқорида номи тилга олинган “мавсумий мажбурият” эгаларига уч-тўрт сўм пул “қистирарди”. Мутасадди ходим эса “рўйхат сонини” тўлдириш учун теримчиларни ёлларди.
Бу ерда фермерларнинг зиммасига тушадиган “мажбуриятлар” алоҳида мавзу. Вояга етмаганлар, ўқувчи ёшлар меҳнатидан фойдаланиш ҳам ақлга сиғмас ишлар. Хуллас, ичига кириб бораверса, гап кўп...
Аммо ҳаммасини биз, такрор айтаман, биз — ўзимиз қилардик! Энг қизиғи, айбни талаффуз билан эмас, имо-ишора билан бошқаларга, аниқроғи ҳокимиятга осонгина ағдарардик. Янаям аниқроғи, мавсумда “уч-тўрт танга” ишлаб қолаётганлар тутаётган исириққа олов пуркарди...
Тўғри, пахта иши осон эмас, шу пайтгача ҳам осон бўлмаган. Бироқ у — зарур хомашё! Қишлоқ хўжалигининг йирик тармоғи! Шуни унутмаслик ҳам даркор...
Майли, хорижга пахта ёки тола сотишни масаласини қўя турайлик, пахта — Ўзбекистонда мавжуд минглаб корхоналарнинг асосий хомашёси! Унда минг-минглаб даромад солиғи тўловчилар меҳнат қилади, оила боқади, истеъмол бозоримиз пахта толасидан тайёрланадиган юзлаб маҳсулотлар билан тўлдирилади.
Пахтадан нафақат тола, балки ўнлаб бошқа маҳсулотлар, ишлаб чиқаришга тайёр ва яримтайёр хомашёлар олинади.
Буни кўпчилигимиз мактаб парталарида ўтирган пайтларимизданоқ биламиз. Хуллас, далаларимиздан пахтани бирдан йўқотиб юборолмаймиз...
Табиий толанинг пахтадан яхшироқ ва арзонроқ варианти ихтиро қилинмагунча уни экиш, парваришлаш, селекция ва етиштириш нуқтаи назаридан такомиллаштириш зарур бўлади. Уни босқичма-босқич бошқа экинлар ҳисобига камайтирилаётганининг сабаби шунда бўлса керак.
Шу жойида талаба жияним билан бўлган суҳбатга қайтсак...
– Синглим, гуруҳингда, умуман, курсларингда нечта талаба бор?
– Таълим рус тилида ўқитиладиган 2 та гуруҳ, ўртача 20 тадан 40 нафар...
– Хўш, ўша қирқ нафар тенгдошларинг ичидан қайси бирларига ҳақиқий дўст, чинакам инсон сифатида ишониш мумкин? Нима деб ўйлайсан...
– Билмасам... Энг яқин дугоналарим икки киши. Қолганлари билан ҳам курсдош дўстлармиз! Билмадим, нимага шаъма қилаяпсиз... Кейин, барчаси билан ҳам бирдай дўстлашиш мумкинмас ахир...
– Тўғри! Синалган — дўст дейишади. Уйидан кундалик харажатлар учун пул олиб чиққан, ота-онасига ўзлари киймаган кийимларни олдирган, хуллас, усти бут, қорни тўқ, тоза-озода, илмга чанқоқ ёшлар-да бари, шундайми?
– Шундай. Лекин буларни пахтага нима алоқаси бор?
– Ҳамма гап шунда! Пахта (терим ҳашари) — ҳақиқий дўстларни, чинакам инсонларни ажратиб берадиган мактаб!
Жияним билан қисқа суҳбатимизда айрим изоҳларни келтиришни ўзимга эп кўрмадим... Биринчидан, у қизбола, ҳали ёш, эндигина 2-курс, тоғалик мавқеим, аниқроғи ёшимиздага тафовут унга айрим “нозик” масалаларни гапиришга йўл қўймади.
Бироқ сиз азизлар билан буларни бўлишмасам бўлмайди...
Фикримча, талабалар учун пахта терим мавсумидаги ҳашар — улар учун алоҳида мактаб вазифасини ўтайди!
Психологияда инсоннинг маънавий қиёфаси ва жисмоний имкониятлари “хўжалик шароитида” намоён бўлади, деган шартли тушунча бор.
Олийгоҳда жисмоний бақувватлигини, “гапдон билимдон”лигини кўз-кўз қиладиган йигитлар пахта ҳашарида “қизлардан нозик” бўлиб чиққанини кўп кўрганмиз.
Уйида (тилида) пазанда, озода, чевар, эсли-хушли бўлган қизларнинг асл қиёфаси пахта деб аталмиш “талабалар амалиётида” ўз сўзини айтганига гувоҳ бўлганмиз.
Бир сўз билан айтганда, пахта мавзумидаги ҳашар — бу ёшларнинг насли, оиласи, қизиқишлари, қобилияти, хуллас, қандай инсон эканлигини кўрсатиб берадиган мактаб!
Тўғри, қишлоқ шароити, ҳашарчиларга яратилган шароитлар — бешюлдузли меҳмонхона эмас! Эрта тонгда турасан, совуқ сувда ювинасан, шахсий гигиена талаблари ҳар доим ҳам одатдагидек қондирилмайди, енгил-елпи нонушта, кечаси совуқдан қалтирайсан, кундузи қуёш тиғидан қораясан, бармоқларинг, оёқ-қўлинг тарам-тарам ёрилади, эгилиб пахта терасан, кўтариб дала бошига чиқасан, дала ичида ёки тут дарахти остида тушлик қиласан, илиқ сувидан қорнинг буралиб оғрийди, чарчаб ётоққа қайтасан, бунинг устига ўқитувчилардан “нормани” бажармаганинг учун танбеҳ эшитасан, уйингдагиларни, яхши шароитни соғинасан...
Узр, ошириб юборган бўлсам. Ҳар қалай мен ўқиган йилларда шу каби шароитларда пахта терганмиз. Бу биз учун ҳақиқий, ҳаётий амалиёт бўлган. Бироқ...
Бироқ пахта ҳашарининг ўзига яраша завқи бор эди. Айнан ўша ерда она-онасининг, оиласи яратган шароитнинг қадрига етганлар қанча, ҳақиқий дўстларини “таниган”лар қанча, муҳаббатини, умр йўлдошини топганлар қанча...
Узр, бадиийлаштириб юбордим...
Келинг, энди масаланинг жиддий томонига эътибор қаратамиз. Мени қийнаган ва шу мавзуда мақола ёзишга ундаган ягона савол бор!
Пахта теримида ҳашарчиларга яратилган шароитлардан нолиб, “инсон ҳуқуқлари” поймол бўлаётгани важида жамоавий хатларга имзо чеккан ва чекаётган йигитлар (майли, қизларга юқоридаги гаплар етарли) — эртага армияга сафига чақирилса, қандай қилиб харбий хизматга ярайди? Улардан қандай ватан посбонлари чиқади?!
Худога шукр, тинчлик замонида яшаяпмиз.
Бу бизнинг энг катта ютуғимиз! Бироқ дунё нотинч, урушнинг, жанжал-тўполоннинг тури кўпайган ҳозир...
Тинчлик — туҳфа этилмайди, сақланади! Шунинг учун ҳам миллий армия, қуролли кучлар бор! Чегара, тартиб-қоида мавжуд!
Худо кўрсатмасин, юртга ёв ораласа нима қиламиз?! Уни ҳимоя қиламизми? Ё яна “инсон ҳуқуқлари”ни важ қилиб “пулимиз етган жойга” қочамизми?
Ватан ҳимояси — иссиқ-совуқни, қор-ёмғирни, шарт-шароитни суриштириб ўтирадиган нарса эмас! Унда жон олиб, жон берилади! Ватан, миллат, оила шаъни ҳимоя қилинади!
Нима эмиш, пахтада шароит йўқ эмиш... Ким эккан бўлса, ўзи терсин эмиш...
Уят эмасми? Пахта териш ҳам иш бўптими?!
Наҳотки авлодлар янгиланиб, қадриятлар ўзгариб, Иккинчи жаҳон уруши ва унинг узоқ давом этган талофатлари ҳалқимиз ёдидан кўтарилган бўлса?
Жумлаларим кимларгадир ёқмаслиги тайин. Кимлар энса қотириб қўйиш билан кифояланар балки. Хуллас, фикрлар хилма-хиллигига чегара йўқ...
Аммо, реал ҳаётда ҳамма нарсанинг чек-чегараси бор. Ҳамма нарсани ҳукумат қилиб бериш керак деган тушунча қачон онгимиздан ўчади? Давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш, унинг иқтисодини юксалтиришдаги миллий бирлигимиз қаерда қолди?
Наҳоки, далаларимизда очилиб-сочилиб турган оппоқ пахтани нес-нобут қилмасдан териб олишга кучимиз етмаса... Ахир у минглаб одамларнинг меҳнат маҳсули, табиатнинг инъоми, қилинган ҳаражатларнинг кутилаётган натижаси...
Манба: qalampir.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди