14:30 / 29.12.2017
7 739

Энрике томошаси: Алишер Усмоновнинг байрам совғасини пуллаганларга очиқ хат

Энрике томошаси: Алишер Усмоновнинг байрам совғасини пуллаганларга очиқ хат
Хабарингиз бор, куни кеча испаниялик машҳур хонанда Энрике Иглесиас Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройида концерт берди. Мазкур концерт таниқли бизнесмен Алишер Усмоновнинг ўзбек ёшларига байрам совғаси бўлиб, билетлар Ёшлар иттифоқи томонидан тарқатилиши тўғрисида ҳам хабар берилди.

Аммо, концерт бошланишига бир неча соат қолганида Энрике Игласиаснинг дастурига чипталар ҳали кўзимиз кўникмаган, тилимиз ўрганмаган суммаларда сотилаётгани тўғрисида нохуш хабарлар тарқалди. 7 миллион, 10 миллион… Қачондан буён биз концерт дастурига миллионлар тўлаб кирадиган бўлиб қолдик?

Эсга олайлик! 26 декабрь куни Халқаро пресс-клуб Ўзбекистон Олий таълим вазирлигининг миллиардер Алишер Усмоновга йўллаган ташаккурномасини эълон қилди.

«Бизга беғараз асосда тақдим этилган чипталар давлат стипендиялари соҳибларига айланган иқтидорли талабалар ҳамда ота-онасиз талабалар орасида тарқатилди… Ёрдамингиз — мамлакатимизда хайрия ишини ривожлантиришга қўшилган бебаҳо ҳисса… Ота-она меҳрисиз қолган талабалар муаммоларига бефарқ муносабатда бўлмаганингиз учун самимий ташаккуримизни айтамиз», — дейилган эди вазирлик ташаккурномасида.

Аммо маълум бўлишича, мазкур хабар эълон қилинганида пойтахтдаги барча олий ўқув юртлари талабалари қишки таътилга чиқиб улгурган. Демак, дунёга машҳур санъаткорнинг ижодий кечаси учун билетларни талабалар орасида тарқатиш имкони бўлмаган. Иқтидорли талабалар ҳамда ота-онасиз талабалар таътилга чиққан, лекин шундай концертни томошабинсиз ўтказиб бўладими? Албатта, йўқ. Ёшлар иттифоқининг байрам совғаси бўлган концерт билетларини қандай тартибда ёшларга тарқатгани бизга қоронғи. Лекин билетлар асл эгаларига етиб бормагани аниқ. Акс ҳолда, текин билетлар катта нархда пулланмаган, совға учун ҳақ талаб қилинмаган бўларди.

Интернет тармоқларида мазкур концерт дастури билетларини (бир эмас, бир неча ўриндан иборат билетлар!) ўта юқори нархда сотишни таклиф этган тармоқ фойдаланувиларининг суҳбатлари оммалашди. Ҳали кўзимиз кўникмаган, тилимиз ўрганмаган суммаларда таклиф этилган мазкур билетларнинг «эга»лари кимлар? Асл соҳибига етиб боришга улгурмай, бозор оралаган шўрлик билетлар сотувчиларининг қўлини куйдирмадимикан, виждонини уйғотмадимикан?

Қадрли ўзбек ёшлари! Совғани тўғри қабул қилишни, ундан баҳра олишни ўрганайлик! Акс ҳолда, муносиб бўлмаганимиз сабаб улар бизга тақдим этилмай қўйиши мумкин!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энрике томошаси: Алишер Усмоновнинг байрам совғасини пуллаганларга очиқ хат

Жамият янгиликлари