17:44 / 28.01.2018
5 332

Адлия вазири: «Қачон халққа яқинлашамиз? Нима қилсак халқ бизга ишонади?»

Адлия вазири: «Қачон халққа яқинлашамиз? Нима қилсак халқ бизга ишонади?»
Ҳалол ишламаётган адлия ходимларига мажбурийлик принципи қўлланилади. Кимки бунга амал қилмаса у билан бутунлай хайрлашилади.

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов адлия идораларининг 2017 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоби ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган ҳайъат мажлисида бу ҳақда маълум қилди.

Мажлисда адлиянинг фуқароларга бевосита хизмат қиладиган тизимларидан бири бўлган нотариат соҳасида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар эътибор марказида бўлди.

Нотариат аҳолидан энг кўп эътироз тушаётган соҳа экани таъкидланди. Фуқаролар билан ишлашда ҳанузгача қўпол муомалада бўлиш, уларни сарсон қилиш, кўрсатилган хизматлар учун ортиқча пул маблағларининг ундирилиши ҳолатлари муроса қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бундай камчиликларга йўл қўйганлиги учун 229 нафар нотариат ходимига нисбатан кескин чоралар кўрилган. Айримлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

“Ўзимизга савол бериб кўрайлик, фаолиятимизга четдан баҳо берайлик. Шунда ҳаммаси ойдек равшан бўлади. Қачон халққа яқинлашамиз? Нима қилсак халқ бизга ишонади?”, дея вазирлик ҳамда видеоконференцалоқа тизими орқали мажлисда иштирок этаётган ҳудудий адлия органлари раҳбарларига мурожаат қилди вазир.

Нотариал идораларда ўтказилаётган рейдларда нотариусларнинг ишга сурункали равишда кеч келиши маълум бўлмоқда. Бу фуқароларнинг узоқ кутиб қолиши, иши вақтида битмаслигига ва табиийки, норозилигига сабаб бўлган.

Айрим адлия органларида нотарус ахборот тизимлари талаб даражасида юритилмаган. Тақиқ олиб ташланган ҳолатлар тизимга вақтида киритилмаган. Бу фуқароларнинг мулкини эркин тасарруф этишига тўсқинлик қилади.

Мамлакатимизда бугунги кунда 704 нотариус фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўзи ишини ўз вақтида виждонан адо этяптими? Тўғри, ўз ишини пухта биладиган, вазифасига виждонан ёндошиб, фидокорона хизмат қиладиган нотуриуслар кўпчиликни ташкил этади. Нотариусларнинг маҳаллаларда фуқароларни қабул қилиши ва нотариал ҳаракатларни ўша жойнинг ўзида бажариш тизими йўлга қўйилгани натижасида 5 мингдан ортиқ нотариал ҳаракатлар амалга оширилди.

Бироқ уларнинг айримлари ўзлари учун қоидалар яратиб, ихтисослашиб олган. Бири фақат мерос, яна бири фақат гаров билан боғлиқ ҳаракатларни расмийлаштирган. Кўпчилиги ипотека кредитига оид шартномани тасдиқлашни асоссиз равишда рад этмоқда. Аммо бунга уларнинг мутлақо ҳаққи йўқ. Нотариус давлат нотариал идорасига келган фуқарога бир хил ёндошув асосида бир хил хизмат кўрсатиши керак.

Мана шундай қонунга зид ҳаракатлари туфайли Тошкент шаҳрида кейинги 4 ойда 26 нотарус интизомий жавобгарликка тортилган, 3 нафари ишдан бўшатилган.

“Фуқароларга хизмат кўрсатишни рад этадиган, уларни хафа қиладиган нотариусдан кўра ўша жой вакант бўлгани маъқул”, таъкидлаб ўтди вазир.

Адлия тизимидан норози бўлаётган фуқаролар кўплиги сабаб тизим ходимларидан қонун доирасида ишлаш билан бирга маданият билан хизмат кўрсатиш талаби қўйилаётган бўлишига қарамай бундан ўзига тўғри хулоса чиқараётган ходимлар жуда озлиги таассуф билан қайд этилди. Айримлар интизомий жазо чоралари қўлланилганига қарамай инсофга келмаган.

“2018 йилда янгича иш олиб борамиз. Фуқароларга хизмат кўрсатишда қўйилаётган талабларни бажармайдиган, яъни ҳалол ишламайдиган ходимларга мажбурийлик принципи қўлланилади. Кимда ким бунга амал қилмаса у билан бутунлай хайрлашишимизга тўғри келади”, деб қатъий қайд этди вазир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазири: «Қачон халққа яқинлашамиз? Нима қилсак халқ бизга ишонади?»