06:30 / 30.01.2018
4 885

«Янги урфлар» тўйларимизга қандай кириб келмоқда?

«Янги урфлар» тўйларимизга қандай кириб келмоқда?
Жуда болажон халқмиз. Оилада янги меҳмон — чақалоқ туғилса, биздан бахтли одам йўқ. Фарзандимиз улғайган сари яхши ният билан тўй тадоригига тушамиз. Бу асрлар давомида шаклланган гўзал қадриятларимиздан бири. Бироқ кейинги пайтларда тўй билан боғлиқ анъаналаримиз қаторига айрим бемаъни урф ва расм-русумлар қўшилдики, уларнинг миллий қадриятларимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёли вакиллари билан учрашувда «…айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади», деди ва бу борада амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Ҳақиқатан, тўйлар билан боғлиқ «янгича урф»лар кўплаб юртдошларимизни иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга солиб қўймоқда. Қолаверса, маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга ҳам путур етказмоқда. Тўйлар билан боғлиқ иллатларнинг олдини олиш борасида Марҳамат тумани ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими, имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари, умуман, шу ишга масъул барча мутасаддилар ҳамкорлигида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Келинг, шу ўринда никоҳ тўйлари ҳақида бироз мулоҳаза юритайлик. Тўй аслида йиллар давомида яхши ният, эзгу орзу-ҳавас билан орзиқиб кутиладиган, қавм-қариндошлар, ёр-дўстлар жам бўлиб, янги оилани қутлайдиган тадбир. Элга дастурхон ёзиб, никоҳни маълум қилиш гўзал удумларимиздан бири. Лекин кейинги йилларда тўйларимизни дабдаба билан ўтказишга, янгидан-янги «кашфиёт»лар қилишга ўрганиб қолаётган эдик.

Меҳмонларга келин-куёвнинг тўйдан олдинги муносабати, йиллар давомида йиққан сепи муҳрланган видеотасвирлар, биргаликда тушган ҳар хил ҳолатлардаги фотосуратлар кўрсатилишидек «янги урф»лар, никоҳдан олдин бўладиган базм, келин-куёвнинг қатор-қатор машиналарда сайр қилиши, қайсидир ресторанда ўйин-кулги қилинишининг нима кераги бор? Ортиқча харажат, кераксиз даҳмаза эмасми? Бу халқимизнинг ҳеч бир одоб-ахлоқ мезонларига тўғри келмайди. Бугун айрим юртдошларимиз замонавийликни рўкач қилиб, ана шу каби «оммавий маданият» кўринишларини ўзлари англамаган ҳолда ҳаётимизга олиб кирмоқда.

Ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши. Шунинг учун ҳам ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинидаги тўй ўтказиш комиссиялари, кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга отахон-онахонлар кўмагида тўй билан боғлиқ юқоридаги каби иллатларга барҳам берилмоқда.

Маҳаллаларимизда тўйдан аввал ва кейин ўтказиладиган «мазар еди», «юз очди» тадбирлари тўй куни ўтказилиши йўлга қўйилди. Никоҳ куни қатор-қатор машиналарда сайрга чиқиш, ёшларнинг алламаҳалгача ўйин-кулги қилиши сингари ҳолатлар бартараф этилди. Одамлар ўзлари англаган ҳолда тўйни қоронғи тушмасдан тўхтатмоқда.

Маҳаллаларда фаолият юритаётган «Қайноналар кенгаши» жамоатчилик тузилмаси фаоллари, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, кенг жамоатчилик вакилларининг юқоридаги каби иллатларни бартараф этиш, тўйларни ихчам ўтказиш бўйича олиб бораётган тарғибот ишлари туфайли самарали натижаларга эришиляпти. Айниқса, бу борада Дурафшон, Гар-гар, Эрши, Мингтепа, Бобохуросон маҳалларида амалга оширилган ишлар эътиборга молик. Бундан ташқари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ҳам ижобий натижалар бермоқда. Кейинги ойларда туманимизда мана шундай ҳолатлар умуман қайд этилмади.

Ота-оналарга тўйда кераксиз, ортиқча харажат ўрнига ёш оилага ҳаётда зарур бўладиган жиҳоз ёки маънавиятини оширишга хизмат қиладиган китоб совға қилиши мақсадга мувофиқ экани тушунтирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, тўйларни ихчам, дабдабасиз ўтказиш, шунингдек, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, оила қуриш остонасида турган йигит-қизларнинг оилавий ҳаёт, оиладаги бурч ва масъулият ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиш борасидаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш юзасидан зарур ишлар олиб борилмоқда.
Маъмурахон СОТВОЛДИЕВА


Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Янги урфлар» тўйларимизга қандай кириб келмоқда?