15:38 / 01.02.2018
4 831

Тахмонда «музлаб ётган» миллиардлар

Тахмонда «музлаб ётган» миллиардлар
Бизни Россияга, Туркияга ишга жўнатиб турган аввало бузуқ иқтисодимиз ва нафсибанд бошқарув тизими (эди). Қолаверса, чириб битган урф-одатларимизнинг ҳам ҳиссаси бунда беқиёсдир. Бир чақага қиммат урф-одатларимизни қанчалик зарарли эканлигини билиш учун кичкина тадқиқот қилиб, ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз.

Ўзбекистонда бир йилда ўртача 200 000 (икки юз минг) тўй маросими бўлади. Шу маросимларда ҳамма ўзбек хонадонларида кўрпа ва тўшакка одатда 120$-150$ сарф қилинади. Қаранг, икки-уч йилда бир маротаба, уйда меҳмон кўпайиб қолгандагина ўша кўрпа-тўшаклар тахмондан пастга тушади ва ўша ерда «чириб» йўқ бўлиб кетади. Камига у зормандани янгилаб туришга ҳам дунёни пулини сарфлаймиз, аҳмоққа ўхшаб. Қўшимчасига, тўйдан кейин «кераксиз нарсалар» сотувчисини чақириб, кечагина сотган нарсасини, яна ўзига 30-40 фоиз арзонига қайтариб беришимиз ҳақида ёзишга қўрқдим. Зеро, буни ҳам ҳисобласак, бутун бошли индустрияга айланади.

Демак, биз ўртача ҳисоблаганда 135 долларни фақат кўрпаларнинг ўзигагина сарфлаймиз. Бир йилда қилинадиган 200 000 тўйларимизга кўрпа учун сарфлайдиган пулларимизни кўпайтирсак, жами 27 000 000$ (йигирма етти миллион доллар) бўлади! Энди тасаввур қилинг, ҳар йили шунча пулни тахмонда «музлатиб» қўяпмиз.

Агар шунинг ўрнига мини-заводлар олиб келсак, хомаки ҳисоб бўйича йилига 2160 (икки минг бир юз олтмиш) ўзбек ўғлонига иш жойи яратиларди ва мана шу йигитлар ўз уйида, ота-онаси бағрида қоларди. Бунинг ортидан келадиган яхшиликларни санаб саноғига ета олмаймиз. Бағри бутун оилалар, тарбияли болалар, қалби хотиржам волидалар, валюта оқимини чиқиб кетишининг олдини олишлик, топталмаган ор-номуслар…

Биргина тахмонларга тахлаб, «музлатиб қўйилган» орзу-хавасларимиздан воз кечиш оқибатида, юқорида келтирилган бир дунё яхшиликлар келади.

Бир пуллик урфларимизга қиммат тўйхона, қўша-қўша машиналар, кортежлар, бир неча юз меҳмонлар, мебеллар, бир неча минг доллар сарфланадиган машшоқларни қўшганимиз йўқ. Бу нарсаларни қўшиб ҳисобласак, даҳшатли суммалар келиб чиқади. Буни ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз.

Узун орзу-хаваслар, бир пуллик урф-одатларимиз йўлида фарзандларимиз, ака-укаларимиз, эркакларимизни қурбон қиляпмиз.

Шу ўринда ҳурматли амалдорлар ва имомларга юзланмоқчиман: юқоридан келадиган тезис ўз йўлига — мана, нималарни гапириш, нималарга эътибор қаратиш керак. Муаммо тахмондаги кўрпаларда эмас, балки бошимиздаги мияда.
Саййид Ислом

Манба: Fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тахмонда «музлаб ётган» миллиардлар