Айтишларича, инсон қалбида забт этилмаган ва ҳис қилинмаган гўзал туйғуларни фарзанд қувончи ҳадя қилар экан. Чиндан ҳам, болалар бизга ҳаётнинг энг гўзал туйғуларидан завқланишимиз учун берилган энг қадрли табиий хазинамиз.
Сўнгги вақтларда кунора тарқалаётган машъум бир хабар бизнинг қалбимиз билан бирга, ҳар гал жаннатни ҳам ларзага солаётган бўлса, ажаб эмас: «...чақалоғини сотаётган она қўлга олинди».
Таассуфки, шу кунларда боласини ваҳшийларча ўлдирган, кўчага ташлаб кетган, ёвузларча қийнаган ота-оналар тўғрисидаги хабарларнинг тарқалиши одатий воқеага айланиб қолди. Назаримда, кўз ўнгимизда болажон, олийжаноб, ўз вақтида минглаб етти ёт бегона болаларни бағрига олган танти бу миллат маънавиятида эврилишлар кузатилмоқда. «Google» тармоғида «чақалоғини сотаётган она қўлга олинди» деган ўзбек тилидаги жумлани қидиринг. Қирқ сония ичида сизга беш мингга яқин ана шундай мазмундаги хабарлар тақдим қилинади. Буларни ўқир экансиз, хаёлдан она бўлиш биологик омилга эмас, тўлалигича инсоний омилга тааллуқли экан, деган фикр ўтади.
Буюк Британиянинг «The Week» нашрига кўра, бугунги кунда «бола савдоси» жаҳон миқёсида тобора оммалашмоқда. Хитойда ўғирланган болаларни интернет тармоғи орқали сотиш ва сотиб олиш мумкин. Бунинг учун ижтимоий тармоқларда йирик жиноий гуруҳлар ва форумлар ташкил қилинган.
Бир муддат аввал интернетда тарқалган, юзлаб болаларнинг мурдаси ортилган контейнер акс этган видеолар ҳам фикримизга далил бўлади. Видеодаги ёзув эса инсон шаъни учун иснод:
«Полиция томонидан транспорт контейнеридан юзлаб болаларнинг жасадлари топилди. Уларнинг ички тана аъзолари кесиб олинган. Болаларнинг барчаси Таиландга турли давлатлардан ўғирлаб келинган. Ўз фарзандларингизни эҳтиёт қилинг!»
Гарчи, расмий Пекин аниқ бир маълумот тақдим этмай, турли далилларни рад этиб келаётган бўлса ҳам, АҚШ Давлат департаментига кўра, ҳар йили Хитойда камида 20 мингдан зиёд бола ўғирланади. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари тақдим этаётган рақамлар янада қўрқинчли — 200 000!
Хитойда болалар билан савдо қилувчи «қора бозор» 2005 йилларда юзага келган. Ўшанда 28 нафар ўғирланган чақалоқ олиб кетилаётган автобус аниқланиб, йирик жиноий иш фош қилинган ва жиноятчиларга ўлим жазоси тайинланган.
Айниқса, 2014 йилда Хитойда болалар билан савдо қилувчи 4 та йирик тўда, улар учун хизмат қилувчи минг нафар жиноятчи қўлга олинган.
Хитойда бу каби жиноятнинг юзага келиши яқин-яқингача амалда бўлган «бир фарзандлилик сиёсати» билан боғлиқ. Гарчи, бу қонун бекор қилинган бўлса-да, «болалар олди-сотдиси»нинг кўлами тобора авж олмоқда. Унинг таъсири нафақат Хитой, балки қўшни давлатлар, минтақада, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кўзга ташланмоқда.
Суриштирувларга кўра, ўғирланган болалардан асосан биологик аъзолар, жумладан, буйраги, жигари, ўт қопи олинади. Шунингдек, бу болалардан тиланчиликда ёки жиноий тўда аъзоси, қўпорувчи, фоҳиша, қул сифатида фойдаланилади. Бугун беланчакдан юз ўгирган ва туғишни истамаган Ғарбда ҳам болага эҳтиёж юқори. Ўғирланган ва сотиб олинган гўдаклар жиноий тўдалар орқали бу мамлакатларга етказилмоқда.
Сўнгги бир йилда мамлакатимизда боласини пуллаётган оналар ҳақидаги хабарларни кунора кўриб келяпмиз. Биз-ку, «инсон муқаддасдир» деган мафкура остида улғайдик ва бундай манфур янгиликларга энди дуч келяпмиз. Бироқ, мана шу хабарлар оқимида ўсиб келаётган ёш авлод онгида «одамни ҳам сотиш мумкин экан», деган ғоя билинар-билинмас илдиз отмоқда.
Тоғдай оғир савол туғилади: ўзбек онасини ўз жигарбандини сотишга нима мажбур қилмоқда, қандай омиллар бундай жиноятларга замин яратиб бермоқда?
Туғруқхоналарда пора орқали чақалоқларни «ўзлаштириш» жиноятига қарши сўнгги йилларда қаттиқ кураш олиб борилмоқда. Фақат курашиш, жиноятчиларни қамаш билан иш битмайди. Бу жиноятни юзага келтираётган омилларни аниқлаш керак.
Бугунги қонунчиликка кўра, бева аёл фарзанд асраб олиши учун собиқ турмуш ўртоғидан ҳам розилик хати керак бўлади. Беванинг доимий иш жойига, одоб-ахлоқи ҳамда намунали турмуш тарзига эга бўлишини тушуниш мумкин. Лекин «собиқ»ларнинг ҳаммаси ҳам розилик хати бериш даражасида мард эмас. Кўриб турибсизки, ажрашиб кетган оила аъзолари ҳануз бир-бирининг тақдирига дахлдор бўлиб қолаверади.
Шунингдек, турли сабабларга кўра фарзандли бўла олмаётган оила «Меҳрибонлик уйи»га бирор гўдакни асраб олиш истагини билдирса, туман Халқ таълими бўлими қошидаги болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш бўлимига зарур ҳужжатларни тақдим қилиши, рўйхатдан ўтиб қўйиши керак бўлади. Танланган гўдак эса оилага бир йилдан сўнг, яъни унинг ота-онаси қайтиб келмаслигига ишонч ҳосил қилингач, кейин берилади.
Бир йил давомида эса гўдакни танлаган оила боланинг иссиқ-совуғидан, кийим-кечагидан хабар олиб туради, яъни ҳомийсига айланиб, охирги кунгача юрак ҳовучлаб яшайди. Лекин ким ҳам шунча расмиятчилик ва харажатга, таваккалчиликка қодир дейсиз? Натижада, кўпчилик туғруқхонага мурожаат қилиш ёки пул учун туғаётганлар билан келишиш каби жиноятларга қўл уришга мажбур бўлади! Ҳа, улар мажбур бўлишмоқда!
Қолаверса, фарзанд кўра олмаган инсонлар ака-укасининг фарзандини асраб олиш истагида бўлади. Шунингдек, яна кимдир фарзанд кўриш чоғида ҳаётдан кўз юмган яқинининг фарзандини қарамоғига олишга мажбур бўлади. Бу жараёнларнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор.
Тўғри, қонун бор, ҳар нарсада меъёр бор деймиз. Бироқ, ҳаёт давом этар экан, қонун ва қарорларни ҳам мақбуллаштириш эҳтиёжи юзага келади. Уларни ўрганиш ва мослаштириш орқали улар боис пайдо бўлаётган жиноятларнинг олди олинади. Бугун енгил ҳаётга ўрганган ёшлар осон пул топиш учун инсонийликни ҳам тан олишмаяпти. Жумладан, «жаннатни титратаётган хабарлар»нинг тобора кўпайиб бораётгани айрим ёш оналар инсонни туғиб, пуллашдан ҳам қайтмаслигини кўрсатмоқда. Хитой ёки унинг ён-атрофидаги мамлакатларда авж олаётган «болалар савдоси» ҳам ана шундай тубан фикрлашнинг, нотўғри сиёсатнинг мевасидир.
Фарзанд — Яратганнинг ота-онага энг юксак инъоми. Унинг тақдири эса — Худонинг ота-онага берган энг катта омонати. Юқоридаги ноинсоний тенденция кун келиб, «одамни маҳсулот ёки ички аъзолари учун боқиш мумкин экан» каби манфур ва ўша вақтда оддий қабул қилиниш эҳтимоли юқори бўлган ғоянинг тагзамини бўлмасмикан? Бугун қонунчилигимиз бошида турган масъулиятли шахслар шундай жиноятларнинг илдизини ўрганиш ва жамиятни улардан ҳимоя қилишга мажбурдирлар!
Шуҳрат Сатторов
Манба: xabar.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...