20:15 / 10.02.2018
6 453

Ўрикдан 10 тонна ҳосил

Ўрикдан 10 тонна ҳосил
Даромад олишнинг йўллари кўп. Кимдир ишлаб чиқариш билан, бошқаси хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.
Бироқ шундай инсонлар борки, ерга бор қалб қўрини бағишлайди. Боғ қилади, далага экин экади. Меҳнатга яраша ер ҳам уни мукофотлайди, албатта.

Риштон туманида ердан унумли фойдаланаётган фермер хўжаликлари талайгина. Мўътабар Аҳмедова ана шундай ишбилармонлардан бири, деб ёзади «Оила даврасида» нашри.

— Дастлаб, боғ яратиб, турли меваларни етиштириш истаги пайдо бўлганди, — дейди тадбиркор опа. — 2002 йилда 2 гектардан сал кўпроқ ер олдик ва ўрик, олча, шафтоли, олма каби мевали дарахтлар кўчатини ўтқиздик. Уларни пайвандлаб, зараркунанда ҳашаротларга қарши дори сепиб, танасини оқлаб турдик. Вақт ўтиб, ниҳоллар ўсиб, ҳосилга кирди ва фойда келтира бошлади. Фойдани эса, фаолиятимизни босқичма-босқич кенгайтиришга сарфладик.

Кейин ер майдонини 90 гектарга кўпайтирдик ва пахта-буғдой етиштира бошладик. 2007 йилда чорвачиликни йўлга қўйдик. Шундай қилиб даромад олишнинг янги-янги тармоқларини ўзимиз учун кашф этдик.

Пахта ва ғалла етиштиришда қўшимча ишчи кучи жуда муҳим. Шу боис, ҳозирда 55 нафар доимий ишчимиз бор. Яна 30 нафар мавсумий ишчига эгамиз. Боғ ишларини оилавий ўзимиз уддалаяпмиз. Чорвага эса, ем-хашаги вақтида бериб турилса, кифоя.

Қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Баъзида пахта ва ғалла етилганда техника воситалари етишмай қолади. Ҳосил пишиб етилса-ю, уни йиғиб олишга комбайн бўлмаса, ҳосил тўкилиб кетиши, қилинган барча меҳнат бесамар кетиши мумкин. Шу сабабли олган даромадимиздан фермер хўжалиги учун муҳим бўлган техника воситалари сотиб оляпмиз.

Жорий йил 150 тонна ғалла, 100 тонна пахта олдик. Шунингдек, боғдорчилик ҳам яхши фойда келтиряпти. Биргина ўрикдан 10 тонна ҳосил олдик. Меваларнинг қуритилгани қимматроқ бўлади. Шунинг учун кичикроқ қуритиш мосламаси харид қилиб, унда меваларни қуритиб омборда сақлаяпмиз. Маҳсулотимизни шартнома асосида хорижга экспорт қилиш ниятидамиз.

Тадбиркорнинг келгуси режалари ҳақида сўраганимизда паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланиш ниятини айтди. Яқинда асалари оиласини харид қилиш учун шартнома имзолабди.
Ноилахон Аҳадова ёзиб олди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўрикдан 10 тонна ҳосил