Туризм – бу сўнгги бир йил ичида энг кўп гапирилаётган, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бирламчи самарали йўли сифатида белгиланган соҳалардан бири бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туризм мамлакат иқтисодиёти учун ғоят муҳим соҳа эканини такрорлар экан, кун келиб пахта экиш ва териш учун сарфланадиган вақт, иш кучидан, маблағдан бемалол кечиш мумкинлигини урғулаганди.
Бугунгача давлат раҳбари томонидан туризм, жумладан ички туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳлик оқимини кенгайтириш борасида бир қатор фармон ва қарорларга имзо чекилди. Бунинг самараси ўлароқ, сайёҳларга етарли шарт-шароит яратиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Ўз-ўзидан маълум, ислоҳотларни халққа етказишда ОАВнинг ўрни беқиёс. Туризм соҳаси учун ОАВ сув ва ҳаводек зарур. Гап фақат маҳаллий сайёҳлар ҳақида эмас, хорижликларнинг Ўзбекистонга келиши устида бораркан, сайёҳларга кўрсатиладиган ҳурмат, мулозамат, меҳмондўстликни, борингки, чекловларсиз ҳаракатлар ҳақидаги янгиликларни етказиб беришда ОАВга, журналистларга катта юк тушади. Хўш, биз бунга тайёрмизми?
Бу мақолани ёзишдан аввал узоқ ўйладим, ҳамкасбларимизнинг жиғига тегишни, кимнингдир думини ногаҳон босиб қўйишни истамасдим-у бироқ гапирмасам ҳам бўлмайдиганга ўхшаб туюлди.
Бу мақоланинг ёзилишига Тошкентдаги нуфузли меҳмонхоналардан бирида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов билан журналистлар иштирокида ўтказилган “пресс-қаҳва” услубидаги очиқ мулоқот сабаб бўлди.
Бўйинбоғсиз мулоқот нима? У журналистга, журналист унга нима беради?
Бўйинбоғсиз мулоқотда (ташкилотчилар тадбирнинг норасмийлигини таъкидлаш учун шундай иштибоҳ қўллашди) Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган туризм соҳасига оид фармон ва қарор муҳокама қилиниши керак эди. Яъни, асосий эътибор журналистларнинг фалон ТВ, радио, газета ёки интернет-нашр орқали тезкор хабар тарқатишига эмас, ушбу фармон ва қарор мазмун-моҳиятини аввало ўзи тушуниб, сўнг таҳлилий мақолалар ёзишига, бу йўналишдаги фаолиятини маълум бир тадбир билан боғламай, давомий олиб боришига қаратилганди.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас. Доимгидек ҳамкасбларимизнинг 90 фоизи тингловчи, яна 5 фоизи савол бериб, жавоб олувчилик ролига киришиб кетди.
Тўрт соат давом этган йиғилишнинг ярми Азиз Абдуҳакимов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини шарҳлаш билан ўтди. Тўғри, буям керак. Бироқ профессионал, соҳани яхши тушунган ва ким билан учрашувга келаётганини англаган ОАВ ходимлари учун шарҳ унчалик қизиқ эмасди. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди.
Ислоҳотлардан хабардормисиз, ҳамкасб?!
Журналист – давлат ва жамиятни боғлаб турувчи катта кўприк. Демакки, у фақат тадбирларнинг ёритувчиси, ахборот етказувчи бўлиб қолмай, жамоатчилик фикрини умумлаштириб, янги ғоя бериши, одамларнинг муносабатини ўз фикр-мулоҳазаларида, қўйингки, мақола, лавҳаларида акс эттириши керак. Афсуски, муаммо ҳам шунда-да. Бугун журналистларнинг кўплар хабарчига айланиб қолган. Келинг, шу ўринда айрим журналистларимиз томонидан йўл қўйилаётган камчиликларга назар ташлайлик.
Биринчидан, ўзи иштирок этаётган тадбир, унда қатнашаётган расмийлар ҳақида маълумотга эга бўлмаслик;
Иккинчидан, соҳани, унда олиб борилаётган ислоҳотларни, кечаги, бугунги ва келажакда хавф туғдираётган муаммоларни таҳлил қилмаслик;
Учинчидан, жамоатчилик фикрини ўрганмай, масъулларга уни хоҳ савол, хоҳ таклиф кўринишида етказмаслик;
Тўртинчидан, ислоҳотларнинг одамлар ҳаётига таъсири, қонун ва қонуности ҳужжатларининг қандай ишлаётгани, бирор қаҳрамон мисолида ташкилотлар фаолиятини баҳоламаслик;
Бешинчидан, масъулларга ваколатига кирмайдиган ишлар ёки ўз йўналишига доир бўлмаган саволлар билан мурожаат қилиш.
Юқорида саналганларни касб қоидасига айлантирган айрим “журналист”ларимизнинг фикрини сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар даврида жиддий қабул қилиш, улар билан фикрлашиш, баҳсга киришиш, танқидини ўринли санаш мумкинми? Бу саволга жавоб топишга қийналишимиз, табиий.
Яна учрашувга қайтсак. Йиғилишда журналистлар Мақсад Жангиров, Элмира Тухватулина ажойиб таклифлар ва саволларни ўртага ташлади.
Мақсад Жангиров бугун Ўзбекистон туризм салоҳиятини кўтариш гидларсиз бўлмаслигига алоҳида тўхталиб, мазкур масаладаги муаммолар қачон ечилишини сўраб қўмита раисига мурожаат қилди. Кўпчилик журналистларнинг хаёлига ҳам келмаган ушбу масала соҳада катта муаммога айланиб улгурган. Раис эса ҳам тил, ҳам тарихни биладиган гидлар йўқлигини айтди, Жангировнинг саволи кейинги соатларда ҳам муҳокама майдонининг асосий мавзуси бўлиб қолди.
Ўзбекистонда туризм метродан бошланадими?
Юқорида журналистларнинг кимга қандай савол билан мурожаат қилаётганини фаҳмламаслигини қоралаб ўтгандим. Ҳақиқатан ҳам шундай. Йиғилишда журналистлардан бири икки дақиқа аввал гапириб ўтилган масала ҳақида қайтадан савол берса, иккинчиси “энди метрода ҳам суратга тушиш мумкинми”, дея мурожаат қилди. Бу Азиз Абдуҳакимов томонидан саволга берилган жавоб 10-15 дақиқа ўтар-ўтмас интернет сайтларида шов-шувга айланди. Қани айтингчи, шуми журналистика?
Айрим ҳамкасбларимизга ҳайронсан, юртнинг, халқнинг келгуси тақдирини шак-шубҳасиз, ўзгартириб юборишга қодир ислоҳотлар ҳақида гап кетаётган бир пайтда азбаройи рейтинг йиғиш дардида аллақандай майда деталларни оммавий ахборот воситаларининг кун мавзусига айлантириш устида “жавлон” ураётганини профессионаллик деб бўладими?
Кейинги журналистнинг билдирган таклифи ундан ҳам ўтиб тушди: ресторанларимизда официантлар “флешмоб”лар тайёрлаб, ўзбек мақом қўшиқларини айтсин... Албатта, ҳамманинг фикрини ҳурмат қиламиз, лекин масалага кўзни каттароқ очиб қараш вақти келмадимикин?!
Сайёҳга шароит, тунашига меҳмонхона, овқатланишига тузук-қуруқ ресторан бўлмаса, кўча-кўйда ҳожатхона топилмаса, метро ресторан ва отель ўрнига ўтадими? Ёки официантларимизни тузукроқ хизмат қилишга ўргата олмаяпмизу энди уларни консерваторияда ҳам ўқитишимиз керакми? Қачонгача шу зайлда ўйлаймиз?! Тасаввур қилинг, етарли шароит бўлмаса қайси сайёҳ шундан шунга Ўзбекистонга келиб метрода расмга тушиб, ортига қайтиб кетади. Ё бугунгача сайёҳлар метромизда суратга тушиб бўлмаслигидан, официантларимиз мақом айтишни билмаслигидан шикоят қилганмиди? Ҳамкасблар, дунёқарашимиз қачон кенгаяди?!
Ўша куни қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов журналистнинг саволидан қочмади, метрода ҳам суратга тушиш мумкин, деган жавоб қайтарди. Гарчи хавфсизлик масалалари нуқтаи назаридан бунга рухсат бериш унинг ваколатига кирмаса ҳам. Аслида журналист кимга нима савол беришни билмагандан кейин бошқаларни айблашга бетинг чидамайди.
Шу ўринда масалага сиртдан эмас, балки ичкаридан назар ташласак. Бугун профессионал журналистика тобора йўқолиб боряпти. Журналист масаланинг асл моҳияти қолиб, унинг атрофидаги майда нарсаларга ўралашиб юргани ҳам сизу биз ҳар куни кузатиб, гувоҳи бўлиб турган ҳақиқат. Хўш, тадбирга боришдан мақсад нима: мутасаддини саволга тутиб, ечимини топмаётган масалаларга эътиборини қаратиш, ОАВнинг бу соҳадаги позициясини кўрсатишми ё унинг оғзидан чиққанини бус-бутунлигича қоғозга туширишми?
Зиёрат туризми, маданий туризм, тиббиёт туризми... Ўзбекистонни йўқлаб келишга важлар жуда кўп, ҳатто, журналистларнинг ўзи бориб кўрмаган жойлар, эшитмаган сиҳатгоҳлари, Ниагара шаршарасини ҳам ортда қолдирадиган табиат гўзалликлари жо бўлган масканлари бор Ўзбекистоннинг. Аммо биз билганимиз Регистон майдони, Ҳазрати Имом мажмуаси, Оқсарой... Бўлди! На Нукусдаги Савицкий музейини биламиз ва на Шайх Мухтор Валий мақбарасини...
Бунда айрим сабаблар борки, журналистларни ҳам айблашга тилинг бормайди. Саёҳатга чиқаётган одамнинг қўлида юк сумкасидан ташқари, чўнтагида пули ҳам бўлсинки, сазойи бўлмасин. Газеталарда 600 минг, боринг ана 2 миллион ойлик олаётган журналист Ўзбекистон бўйлаб ойига бир марта саёҳатга чиқса ҳам бир ўзига камида 400-500 минг сўмнинг бошини еб қайтади. Шундан шунга вилоятга борган журналист қуруқ қўл билан қайтгиси келмайди, 5-6 диққатга сазовор жойда бўлиши керак, бир кеча қолиб сайёҳларга яратилган шароит билан таниши керак. Булар текинга бўлармиди...
Журналистнинг туризмни ривожлантиришдаги ўрнига юқорида бежиз тўхталганим йўқ. ОАВ ва туризм бир-бирига ўта яқин соҳалар. Журналистнинг эса соҳани яхши тушуниши учун ихтисослашуви ҳам катта аҳамиятга эга. Агар биз туризм соҳасини ривожлантиришни истарканмиз, Элмира Тухватулина сингари саноқли ихтисослашган журналистлар билан керакли натижага эриша олмаймиз. Аксинча, соҳани ипидан-игнасигача биладиган, қайси обиданинг қайси бурчагида қандай тасвир борлигини ёддан айта оладиган журналист кадрлар керак соҳага. Зарурат туғиляптими, демак, айни шу ихтисослик бўйича журналистлар тайёрлаш учун қайта тайёрлаш марказларига буюртмалар бериш, соҳага камида 30 нафар ихтисослашган журналистларни қамраб олиш керак.
Яна бир усул...
Шу кунларда туризмни ривожлантириш борасида Туркия Ўзбекистонга ўрнак қилиб кўрсатилмоқда. Туркиялик мутахассис Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига ўринбосар ҳам бўлди. Шундан келиб чиқиб, Туркияда ўрнатилган тартибга тўхталсак. Ўтган йили 3 марта Туркиянинг Истанбул, Анқара, Шонли Урфа, Ғазиантеп, Қаҳрамонмараш, шаҳарларида бўлдик. Ҳар бир шаҳарнинг ўзига яраша чиройи бор. Ҳар бирида сайёҳларга нисбатан алоҳида илтифот, алоҳида ҳурматни кўрдик. Истанбулга борганлар, хусусан сайёҳлик мақсадида борганларнинг кўплари Султон Аҳмад масжидига кирмай кетмайди. Масжиднинг қаршисида Византия империяси томонидан барпо этилган, кейинроқ Усмонийлар даврида босиб олинган обида бор. Византия империяси давридаги черков, Усмонийлар қўлига ўтгач, масжид бўлган ушбу бино ҳозир саёҳатчилар энг кўп ташриф буюрадиган мақбаралардан биридир.
Аясофя деб ном олган мазкур обидага кириш учун навбатда турганлар жуда кўп. Зиёрат баҳоси Туркия фуқаролари учун 40 турк лираси (10 доллар) чет элликлар учун 80 турк лираси (20 доллар). Биз бепул кирдик. Қандай қилиб дейсизми? Журналист, ОАВ ходими эканимизни тасдиқловчи “PRESS-CARD”имиз иш берди. Мамлакатда тарихий обидалар, музейлар, кўплаб диққатга сазовор жойларга кириш, журналистлар ва ОАВ ходимлари учун бепул этиб белгиланган. Хўш, Ўзбекистондаги қайси музейга ва обидаларга журналистлар бепул кириши мумкин? Умуман, бирор обидадан репортаж тайёрлайман, деган журналистга шароит яратиб бериладими? Туркия ўрнатган тизим ҳатто биз, ўзбекистонлик журналистлар фаолиятида ҳам ўзини оқлади. Бир неча мақбараларда бепул зиёратда бўлиб, олам-олам таассуротлар билан чиқдик. Мақолаларимизда эса бу ҳақда ёзяпмиз, кимнингдир Туркияга бориш истаги туғилишига сабабчи бўляпмиз. Мана шунинг ўзи энг арзон ва самарали реклама эмасми? Туркиянинг туризмни ривожлантириш, янада тушунарли қилиб айтганда, ўзини пиар қилишда тутган самарали усули бу. Қизиқ, Ўзбекистонда қачон бу усул қўлланиларкин? Агар бундай имконият нафақат ўзбекистонлик журналистлар, балки хорижий ОАВ ходимларига ҳам яратиб берилса, яқин ўртада хорижий ОАВда Ўзбекистондаги диққатга сазовор жойлар ҳақидаги мақола ва лавҳалар сони ортиши тайин.
Хулоса ўрнида қўмита раҳбариятига аталган таклифларим ҳам бор: одатда рекламанинг яхши-ёмони бўлмайди, “қора пиар” ҳам – “пиар”. Қўмита ҳам бугунги ўзгаришлар, фаолияти доирасида кўпроқ ҳамкорлар орттириш даврида фақат ўзи билган ва сунъий йўл билан ўқувчилари орттирилганлар билан эмас, керак бўлса, чекка-чекка ҳудудлардаги ОАВ, журналистлар билан мулоқотни кенгайтирса, ОАВнинг халқ орасида тутган мавқеига ижтимоий тармоқдаги ўқувчилари сонига қараб баҳо бермаса, яхши бўларди. Зотан, муҳими – “пиар”, муҳими – сиз ҳақингизда гапиришаётгани эмасми?!
Қамариддин Шайхов,
нашр раҳбари, журналист
нашр раҳбари, журналист
Манба: qalampir.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи