00:20 / 15.02.2018
4 882

Бозорларимизда баъзан айрим озиқ-овқат товарларининг тақчиллиги кузатилмоқда. Бунинг сабаблари нимада?

Бозорларимизда баъзан айрим озиқ-овқат товарларининг тақчиллиги кузатилмоқда. Бунинг сабаблари нимада?
Масалан, шакар, картошка каби маҳсулотлар расталарда тортилиб қолиши, уларнинг нархи барқарор эмаслиги истеъмолчиларда эътироз келтириб чиқармоқда.

Бунинг ўзига яраша объектив ва субъектив сабаблари мавжуд. Бозорларимиздаги носоғлом рақобат, озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополлаштирилиши, сунъий тақчилликни юзага келтириш ва баъзи товарлар учун нарх-навонинг асоссиз оширилиши оқибатида қўшимча фойда олиш учун шарт-шароит яратилмоқда. Бу тармоқда жиддий тизимли муаммолар сақланиб қолаётганидан далолатдир, деб ёзади ЎзА нашри.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2017 йилнинг 11 ойи давомида импортёрлар озод қилинган божхона имтиёзлари ҳажми 409 миллиард сўмни ташкил этган. Ушбу давр мобайнида жами 620 та компания юртимизга 422 миллион долларлик 105 турдаги маҳсулот олиб кирган. Улардан 305 субъект божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда 283,5 миллион долларлик 81 турдаги маҳсулотни импорт қилган. 211 миллион долларлик маҳсулот олиб кирган 25 йирик компания эса 280 миллиард сўмлик имтиёздан фойдаланган. Жами импортёрларнинг 4 фоизигина юртимизга 50 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кириб, қарийб 70 фоизлик божхона имтиёзларига эга бўлган.

Рақамлардан кўриниб турибдики, бундай имтиёзлар қўлланилгани билан мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларининг таннархи аҳоли талаб-эҳтиёжини қондира олмайди. Бу эса соҳада адолатли тартиб жорий этишни, яъни барча тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тенглаштириш лозимлигини тақозо этади.

Маълумки, 2018 йил 1 февралдан бошлаб юртимизга озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилган индивидуал божхона, солиқ ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялар бекор қилинди. Бундан ташқари, жорий йил 1 февралдан истеъмол товарларини республика товар-хом ашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га тақиқ бекор қилинди. Шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йил 1 январга қадар муддатга импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилди. Истеъмол товарларини товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб қилинмайдиган бўлди.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари божхона тартиб-таомилларини амалга оширишда сунъий тўсиқлар яратиш, сансоларлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларига йўл қўйгани учун шахсий жавобгарлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Бу вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини ишончли таъминлаш, расталаримизни хавфсиз ҳамда арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бозорларимизда баъзан айрим озиқ-овқат товарларининг тақчиллиги кузатилмоқда. Бунинг сабаблари нимада?