09:30 / 17.02.2018
8 618

Мансабдор шахснинг тўйда олган совғаси пора ҳисобланмайдими?

Мансабдор шахснинг тўйда олган совғаси пора ҳисобланмайдими?
Коррупция – ривожланиш даражаси, менталитети ҳамда маданиятидан қатъи назар дунё давлатларининг барчасида тарқалган. Лотинча “cor ruptum” сўзидан олиниб, “синган, бузилган” деган маъно берадиган бу иллат шахсий ҳаёт ҳамда корпоратив фойда йўлида жамият манфаатларига путур етказишни англатади.

“Transparensy international” (халқаро ошкоралик) нотижорат ноҳукумат ташкилоти фикрига кўра, коррупция шахсий манфаатни кўзлаб хизмат вазифасини суиистеъмол қилишдир.

Рус ҳуқуқшуноси, профессор Александр Гуров коррупциянинг 3 та асосий шаклини ажратади:

биринчиси – сиёсий. Мансабдор шахс юзага келган қариндош-уруғчилик муносабатлари туфайли қонунга зид ҳаракат қилади.

Иккинчиси – жиноий фаолият билан боғлиқ бўлиб, мансабдор шахсларни сотиб олишга асосланган. Улар эса мукофот пули олиш эвазига ғайриқонуний хизматлар кўрсатади.

Учинчиси – тарафлардан бири ўзига энг қулай тартибни вужудга келтириш учун жиноятга мансабдор шахсларнинг тегишли тоифаларини изчиллик билан жалб этишни назарда тутади.

Коррупция ҳаракатлари кўпинча фаолиятнинг жуда мураккаб, оддий одам тушуниши қийин ўзига хос ва махфий турларида содир этилади. Коррупция ҳар қандай шароитга мослашишда юқори хусусиятга эга. Унинг турлари мунтазам равишда ўзгариб ва такомиллашиб бормоқда. Пинҳонийлик унинг асосий хусусиятидир.

Америка жиноят қонунчилигида коррупциянинг аниқ тушунчаси мавжуд эмас. Ушбу мамлакатда мансабдор шахсларнинг мансабидан фойдаланган ҳолда ҳар хил соҳаларда ва ҳар хил турларда порахўрлик ҳамда ғараз ниятдаги жиноятга қўл уриши тушунилади.

АҚШ федерал қонунчилигида мансабдор шахсга пора бериш ҳамда улар томонидан пора олганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Мансабдор шахс деб фақатгина Қўшма Штатлар ва ҳукумат номидан ҳамда ҳукумат манфаати йўлида фаолият кўрсатувчи шахсни тушунишади.

Шунингдек, мансабдор шахсга тўғридан-тўғри ёки воситачи орқали қимматликларни берувчи, ваъда қилувчи ёхуд таклиф этувчи шахслар ҳам жавобгарликка тортилади.

АҚШнинг амалдаги қонунчилигида бошқарувчи постда ўтирувчилар совға ва мукофотлар олиши белгиланган. Бироқ Конгресс розилигисиз АҚШ давлат хизматида фаолият кўрсатувчилар чет эл давлатларидан ҳеч қандай совға, мансаб қироллик титулини олишлари мумкин эмас.

Қонун давлат хизматчилари, ижро этувчи ва суд ҳокимияти молиявий ҳолати бўйича ҳисобот бериб туришини талаб қилади. АҚШ давлат хизматидаги мансабдор шахс сирасига президент, вице-президент, сенаторлар, Конгресс палата аъзолари, Конгресс аъзолигига номзодлар ва суд ҳокимияти аъзолари киради.

Бироқ конституцион тақиқ бўлишига қарамай чет эл давлатларидан совға, мукофотлар олинади. Бу бўйича алоҳида, совға ва мукофотларни олиш қоидаси белгиланган. Яъни давлат хизматчилари сувенир, ҳурмат юзасидан берилган совғаларнинг нархи ўша вақтдаги минимал нархдан ошмаган тақдирда, яъни АҚШ ҳудудида ушбу буюм минимал сотув нархидан ошмагандагина олишга ҳуқуқлари бор.

Ушбу қоидалар давлат хизматчилари бўлган президент ва вице-президент, сенаторлар, Конгресс палата аъзолари, Конгресс аъзолигига номзодлар ва суд ҳокимияти аъзоларининг турмуш ўртоқларига ҳам тааллуқлидир.

Коста-Рикалик Оскар Армас Санчес фикрича, коррупция тадбиркорликнинг оддий усули тарзида глобал аҳамиятга эга ва у қуйидагича тавсифланади:

1-гуруҳ “ишчанлик поралари” деб аталади. Улар фирма хизматчисига ўзининг мансаб вазифаларини тезроқ бажариши учун берилади. Натижада пора берувчи фирмага фойдалироқ шарт-шароитлар таклиф этиши мумкин бўлган бошқа рақобатчиларнинг манфаатига зарар етказган ҳолда контракт тузади.

2-гуруҳга “тўхтатиб турувчи поралар” киради. Уларни пора берувчи ҳаракатни зимдан тўхтатиш учун тўлайди. Натижада, масалан, даъво муддатлари бузилиши ёки тўловлар вақтида тўланмаслиги юз беради, пора берувчи эса фоиз тарзида қўшимча даромад олади ёки сифатсиз товар етказганлик учун жавобгар бўлади.

3-гуруҳга “тўғридан-тўғри сотиб олиш” киради. Бунда пора ноқонуний хатти-ҳаракатлар бажариш ёки ҳаракатсизлик учун берилади. Масалан, тижорат сири бўлган ахборот берганлик учун.

Европа халқаро ва сиёсий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, тижорат тузилмалари давлат аппаратида “ўз одамларини” сақлаш учун даромадларининг 30 дан 50 фоизгача бўлган қисмини сарфлайди.

Америка Қўшма Штатларида иқтисодий фаолият соҳасида хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш касаба уюшмалари органлари вакиллари томонидан ҳам юз бериши мумкин. Масалан, Америка касаба уюшмаларининг аксарияти коррупция билан заҳарланган, уларнинг раҳбарлари эса турли совғаларни жон деб оладилар. Касаба уюшмалари арбоблари иш ташлашларни бартараф этиш мақсадида жамоа шартномасини тузиш, тадбиркорларнинг ижтимоий суғурта фондларига ўтказадиган улуш миқдорларини белгилаш билан боғлиқ ҳолда сотиб олинади.

АҚШнинг айрим штатларида тижоратдаги порахўрлик билан бирга жиноят кодексларининг ўша бўлимларида касаба уюшмаси соҳасидаги жавобгарлик ҳам белгиланган.

Масалан, баъзи штатлар жиноят кодексида касаба уюшмаси вакилини сотиб олганлиги учун, яъни унга ҳаракатига ёки қарорларига таъсир ўтказиш мақсадида қандайдир мукофот берганлик ҳамда касаба уюшмаси вакили унинг ўз ҳаракатлари ёки қарорларига таъсир этишни тушунган ҳолда пора олганлиги учун жавобгарлик белгиланган.

Нью-Йорк штати жиноят кодексида тижорат мақсадида сотиб олиш ҳамда тижорат порасини олиш фарқланади. Бу қилмишлар нормаларга киритилган, яъни улар давлат муассасалари хизматчиларининг қонуний хатти-ҳаракатларини содир этиш учун комиссион ҳақ олишга қараганда унча хавфли эмас, деб баҳоланади.

Тижорат мақсадида сотиб олиш деганда хизматчига ёки ваколатли шахсга унинг иш берувчиси ёки раҳбариятининг розилигисиз қандайдир мукофот бериш тушунилади. Ушбу шахснинг кўрсатилган шароитларда битим тузиб, ўз иш берувчиси ёки раҳбари ишларига қарши таъсир кўрсатиши мумкинлиги оқибатини тушунган ҳолда ушбу мукофотни олиши тижорат пораси сифатида баҳоланади.

АҚШ хизмат тажрибаси тижорат порахўрлиги тушунчаси доирасига қандайдир товарларни сотадиган фирмадан ушбу товарларни сотиб олувчи фирма хизматчиларининг совға олишини, башарти бу совға уларнинг ўз фирмасига нисбатан фаолиятига салбий таъсир этиши мумкинлиги исботланмаган бўлса, киритмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида ҳам пора олганлик ва пора берганлик учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, кодекс 210-моддасига кўра, пора олиш деганда, мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий наф кўриши тушунилади.

Пора ҳар хил моддий бойликлар шаклида: пул, чет эл валютаси, қимматбаҳо буюмлар, озиқ-овқатлар, саноат товарлари бўлиши мумкин. Мансабдор шахсга номоддий хизмат кўрсатиш, шу билан бирга, мансабдор шахснинг шахсий ва ижтимоий ҳаётига дахлдор бўлган тантанали кунларда совғалар олиши пора ҳисобланмайди.

Юқорида таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашга тўсқинлик қиладиган омил унинг пинҳоний тарзда амалга оширилишидир. Демак, уни буткул бартараф қилишнинг имкони йўқ. Бироқ иқтисодни ривожлантириб, ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш орқали ушбу жиноят кўрсаткичлари пасайишига эришиш мумкин.
Бахтиёр ҚИЛИЧОВ

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мансабдор шахснинг тўйда олган совғаси пора ҳисобланмайдими?