09:25 / 26.02.2018
5 468

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ етиштириш учун барча вилоятларга 14 ҳудуд ажратилди

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ етиштириш учун барча вилоятларга 14 ҳудуд ажратилди
Шавкат Мирзиёев 2017 йил 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида бир қатор истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича топшириқлар берган эди. Ушбу ташрифдан сўнг вилоятда қандай ўзгаришлар рўй бергани, аҳоли кайфияти, турмуш фаровонлиги қай даражада юксалгани аниқ таҳлилларда намоён бўлмоқда, деб ёзади ЎзА.

Вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва енгил саноат изчил ривожланмоқда.

Президентнинг ўтган йилги вилоятга ташрифи Қизилтепа туманидаги Тошработ маҳалласидан бошланган эди. Вилоятда енгил саноатни ривожлантириш, кончилик, энергетика, илм-фан, ишлаб чиқариш ҳамда туризм бўйича қатор лойиҳаларни кўздан кечирди. Хўш, мазкур тақдимотлардаги лойиҳалар ижобати ҳаётда қай даражада ўз аксини топди?

Навоий вилоятида ҳам пахта толасини чуқур қайта ишлаш ва жаҳон стандартлари талабига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд. Хусусан, «Бахт текстиль», «Брайт Навоий текстиль», «Тошработ текстиль» ва «Навбаҳор текстиль» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар асосида сифатли ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Қизилтепа туманидаги «Тошработ текстиль» масъулияти чекланган жамияти йилига 6 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада кластер усулидан кенг фойдаланилмоқда. 500 янги иш ўрни яратилган фабрикада йилига 6-6,5 миллион долларлик тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилиб, асосан экспортга йўналтирилади. Хориждан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонанинг 2-босқичи ишга туширилгач, яна 500 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Тумандаги 305 фермер хўжалигининг 8 минг 713 гектар пахта майдони Навоий шаҳрида фаолият юритаётган «Бахт текстиль» Ўзбекистон – Россия – Лихтенштейн қўшма корхонасига бириктирилди.

Балиқчилик — сердаромад соҳа. Вилоятда балиқчиликни ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратилган. Айни пайтда 170 минг гектардан ортиқ табиий ва сунъий сув ҳавзалари мавжуд. 76,1 минг гектар табиий сув ҳавзаси 27 хўжаликка ижарага берилган. 1,2 минг гектар сунъий сув ҳавзасида 172 балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Мазкур хўжаликлар томонидан ўтган ва жорий йил бошига қадар 14,3 минг тонна балиқ овланиб, истеъмолчиларга етказиб берилган.

Тўдакўл сув омбори ҳавзасида «Аква Тўдакўл» қўшма корхонаси томонидан Вьетнам технологияси асосида балиқ чавоғи етиштирувчи инкубация цехи барпо этилди. Айни пайтда корхона томонидан мавжуд бинога йилига минг тонна балиқни қайта ишлаш цехини мослаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Давлат раҳбари вилоятга ташрифи давомида ҳудудда балиқчилик саноатини янада ривожлантириш борасида табиий сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш хусусида тўхталиб, айрим камчиликларни ҳам қайд этган эди. Жумладан, Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш, ушбу ҳавзалардан фойдаланишни тартибга солиш, ноқонуний балиқ овлашга чек қўйиш, бу ерда инкубация цехлари ташкил этиш борасида сусткашликка йўл қўйилгани танқид қилинган эди.

Бу масалага ижобий ечим топиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Унга кўра, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Кўл ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича барча вилоятларга 14 ҳудуд ажратиб берилди.

Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифидан сўнг янги лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш борасида муайян ишлар бажарилди. Айни пайтда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ етиштириш учун барча вилоятларга 14 ҳудуд ажратилди