06:31 / 01.03.2018
10 200

Дунёдаги "энг машҳур" қозон ҳақида...

Дунёдаги "энг машҳур" қозон ҳақида...
Тўғри илғадингиз! Бу ўринда гап соҳибқирон Амир Темур буйруғи билан ясалган қирқ қулоқлик улкан дошқозон ҳақида кетаётгани йўқ.
Аслида, учинчи минг йилликда инсониятни ҳайратга солиш қийин. Ўзбек ошпазлари эса бунинг уддасидан чиқишди.

Ўтган йили мега палов лойиҳаси асосида ўрнатилган антиқа рекорд юртимиз металлурглари довруғини ҳам дунёга ёйди. Қандай қилиб дейсизми?! Албатта, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида тайёрланган улкан дошқозон орқали-да!

Кўрсаткичларни қиёслаймиз. Саркарда бобокалонимиз қуйдиртирган қирқ қулоқли дошқозоннинг вазни 2 тоннага тенг. Мега палов эса бундан қарийб 4 баробар оғир, яъни 7070 килограммлик улкан қозонда дамланди. Ҳатто ўчоғининг ўзи 3 тоннага яқин тош босади.

Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбараси ёнига ўрнатилган тарихий дошқозоннинг диаметри 2,47 метрга тенг бўлса, биздагиси 4,2 метрдан иборат. Амир Темур ясаттирган улкан идиш 600 челак сув билан тўлса, олмалиқлик металлурглар уни 8 минг литр сув сиғадиган қилиб қуйишган. Бу тахминан 1000 челакка тенг кўрсаткич. Шу сабабли 2017 йили чуқурлиги 1 метрлик қозонда салкам 1 900 кг гуруч, 1 500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг думба, 2 700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз, 100 кг нўхат, 190 кг узум, 5 кг зира, 2 кг янчилган қалампир, 1 кг зарчава ва 350 литр сув солиниб, умумий оғирлиги 8 тоннадан иборат ош тайёрланди.

Илгари бундай улкан қозонлар ҳақида афсоналар тўқилган. Буюк муаррих Геродотнинг “Тарих” асарида шундай лавҳа келтирилади: Бу баҳайбат мис қозон скиф ҳоқони Аррианнинг фармонига кўра ясалган эмиш. У ўз фуқаролари сонини билиш мақсадида ҳар ким биттадан камон ўқи учини олиб келишини буюрибди. Ҳаш-паш дегунча сарой майдонида пайконлар учи тоғ бўлиб уюлибди. Ҳоқон бу ўқларнинг барини эритиб каттароқ қозон ясашни амр этибди. Шу тариқа скиф-сакларнинг афсонавий мис қозони пайдо бўлган экан. Наврўзни шодиёна сифатида тантана қилган саклар йилбоши куни ана шу улкан қозонда тайёрланган сумалакдан эзгу ниятлар билан тановул қилишган.

Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам Наврўз муносабати билан Самарқандда, унинг атрофидаги Конигилда, Кўҳак тепалигида, Кешдаги Оқсарой, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси атрофларида “Қозон тўлди” маросими таомлари соҳибқирон ясаттирган қозонларда пиширилгани хусусида тарихий маълумотлар бор.

Бу қадимий анъанани давом эттириш мақсадида жорий йилда наманганликлар ажойиб ташаббус билан чиқишди. Аввал хабар қилганимиздек, Наврўз байрами кунлари ҳудудда 5 тонналик сумалак тайёрланади. Ва, албатта, мега палов дамланган ўша дунёга машҳур улкан дошқозонимизда! Бу эса, баҳорнинг ушбу бетакрор айёми файзига янада файз қўшишига ишончимиз комил.
Фаррух БЎТАЕВ тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дунёдаги "энг машҳур" қозон ҳақида...