18:50 / 05.03.2018
5 514

Изза бўлган, хор бўлган устоз...

Изза бўлган, хор бўлган устоз...
Сайтимизда ҳам, бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам таълим тизимига оид қатор муаммолар ёритилди. Хусусан, ўқитувчиларнинг маоши етарли эмаслиги, ўша оз маош ҳам турли-туман чўқиланишлардан ўтиши, таълим соҳаси ходимлари мардикор даражасига туширилиши ҳақида туркум мақолалар эълон қилинди.

Бугун ҳам шунга яқин, аммо чегараланган бир муаммо ҳақида ёзиб, мавзуни давом эттириш истаги туғилди. Чегараланган дейилганининг боиси шуки, албатта бунга қарши чиқувчилар, дарҳол масалага нариги қирғоқдан кўз ташловчилар, жабрдийдани айбдор, айбдорни жабрдийдага айлантирувчилар топилади. Аммо ҳозир, айни шу мақолада устозлар тортаётган азоб ҳақида сўз боради, бошқасини бошқа мақолага қолдириб турамиз.

Муддаога кўчсак.

Муддао шулки – ўқувчи ўз устозини писанд қилмай қўйди!
Муштдай бола кўзини лўқ қилиб ўз ўқитувчисини калака қилиши, гап қайтариши, ортидан юриб эрмаклаши, дарсини истаганча бузиши, энг даҳшатлиси — бу масхаралар, хўрликларни телефонга тушириб тарқатиши ва зўр иш қилгандек мақтаниши оддий ҳолга айланди.

Ҳозир гап дарсларга тайёрланиб келиш, жамоат ишларида фаол қатнашиш, муаллимнинг ортидан билим излаб югуриб юриш ҳақида кетмаяпти. Кўпчилик ўқувчилар учун бу хислатлар ёт бўлиб улгурди. Гап оддий одоб қоидаларининг ҳам унутилаётган, устоз ва шогирд ўртасидаги ҳурмат туйғуси аёвсиз топталаётгани ва бу оддий ҳолга айланаётгани ҳақида кетмоқда.


Пойтахт мактабларидаги ҳолатга эътибор беринг: устоз қайта-қайта танбеҳларга қарамай тинч ўтирмаган ўқувчининг қўлига ёғоч чизғич билан уради. Ўқувчи жазавага тушади ва отасини етаклаб келади. Натижа: қатор мажлислар, ўқитувчининг изза қилиниши ва шармандаларча ишдан ҳайдалиши...

Ўз фанининг фидойиси бўлган муаллимнинг бу қадар хор қилинишига чидай олмаган бошқа ҳамкасблари ҳам бўшаш ҳақида ариза ёзишади. Мактаб директори вазиятни ўнглаш учун ота-оналар мажлиси чақиради. Шунда қизиқ ҳолат юз беради – она-оналарнинг аксарияти агар ўз фарзандлари устозларининг сўзига амал қилмаса, бемалол уриб жазолаш мумкинлигини айтиб, кўпчилик олдида бунга рухсат беришади.

Албатта, ўқитувчининг ўқувчига куч ишлатиши, жароҳат етказишини умуман оқлаб бўлмайди. Лекин тан олайлик, ўқитувчи қўл кўтарганда жароҳат етказишни, болани майиб қилишни мақсад қилмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз-ку. Фарзандларимиз гапга кирмай қўйганидан, баъзан пўписалар ҳам кор қилмаётганидан бехабармизми ёки?

Камига устозларини очиқдан-очиқ калака қилишни одат қилишаётгани, кўз ўнгимизда телефон деган балодаги ясама шон-шуҳрат учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган авлод шаклланиб бораётганини ҳаммамиз кўриб, ҳис қилиб турибмизку.

Қолаверса, мажбурликдан ўз ўқувчисига қўл кўтарган устознинг ўзи ҳам кейинчалик бу ишидан пушаймон бўлиши ҳам, кўнглида оғир юк билан юриши ҳам бор гап.

Ўйлаб кўрайлик, лозим бўлса, фарзандимизга ярим соат дарс қилдиргунча неча марта пўписа қилиб, ёлғондан бўлса-да қўл кўтарамиз. Хўш, нега ярим кун давомида шунча болани эплаб, ҳам мавзуни тушунтириб, ҳам ўттиздан ортиқ ўқувчидан уй вазифасини сўраб, тартибни сақлаб, яна камига мингта раҳбарнинг кўнглига қарайдиган, ўзи шундоқ ҳам кўча супуришу металлом-обуналардан тўйиб турган муаллимнинг жаҳли чиқиши мумкинлигини ҳазм қилолмаймиз, жазавага тушамиз?!

Яна таъкидлайман – мен ўқувчиларга нисбатан куч ишлатишни ёқлаб мақола ёзаётганим йўқ. Демоқчиманки, ўқитувчини шу даражага олиб борадиган, қуюшқондан чиқарадиган ўқувчилар борлигини унутиб қўймайлик, шундай вазият бўлганда дарҳол муаллимнинг ёқасидан олишга шошилмайлик!

Яна бир гап, бу айниқса ўғил болаларга тегишли, ўғилларимизнинг ҳақиқий эр йигит, асл эркак бўлиб улғайиши учун айнан мана шундай ҳолатлар жуда муҳим. Агар ўғлимизнинг арзимас арзлари ортидан югуриб бораверадиган бўлсак, халқ тили билан айтганда илимилиқ бир шахс тарбияланишига замин яратамиз. Кимгадир суяниб шикоят қилаверишни одат қилган боладан ташаббус, шижоат кутишнинг ўзи аҳмоқлик. Ўғилларимизни ҳақиқий мард қилиб тарбиялайлик, эркак қилиб вояга етказайлик!


Мақоламни ижодкор укамиз Шуҳрат Сатторовнинг «Қадр-қимматини йўқотаётган миллат меъмори» мақоласидан парча билан якунламоқчиман:

Калтак еётган — ўқитувчи!
2013 йилда ўзимдан уч ёш кичик, келиб чиқиши бухоролик бўлган, пойтахтнинг Учтепа туманидаги мактаблардан бирида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берувчи таниш йигит ишхонамга йўқлаб келди.

«Қишлоққа қайтаяпман. Бу ерда ишлаш бизга эмас экан, ака», — деди тушкун ҳолатда, бир ёғи кўкимтир тус олган ёноғини бекитишга уриниб.

Маълум бўлишича, ўқувчиларидан бири мазах ва масхаралашни ошириб юборгани учун танишим унинг юзига шапалоқ тортиб юборган, сўнг боланинг отаси келиб ўқитувчини ҳамманинг олдида «юмалоқ ёстиқ» қилган экан...
Аброр Зоҳидов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Изза бўлган, хор бўлган устоз...