Ички ишлар вазирлигининг собиқ иттифоқ даврида ГАИ, мустақил бўлганимиздан кейин Давлат автомобил назорати (ДАН) деб аталган бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) бошқармаси деб атала бошлаганига ҳам анча йил бўлиб қолди. Аммо бу бошқарма йўлларимизда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаяптими?
Бу саволга жавоб ёзишдан олдин бир нарсани эслатиб қўймоқчиман: мен доим ҳайдовчилар ва ЙҲХ, ЙПХ ходимлари ўртасидаги қандайдир баҳслар муҳокама қилинганда доим ЙҲХ ходимлари тарафида бўлганман. Чунки ҳайдовчилар орасида ҳеч қандай қоидаларни тан олмайдиган «учарлар» жуда кўп. Аммо бу ЙҲХ ходимлари яхши ишлаяпти дегани эмас.
Энди эса саволга жавоб берсам: бугунги кунда ИИВнинг ЙҲХ бошқармасининг турли вилоятлардаги ҳудудий бошқармалари, туманлардаги бўлимлари номига мос ишламаяпти ва ҳеч қанақасига «ҳаракат хавфсизлигини» таъминлаётгани йўқ. ЙПХ ходимлари аксарият ҳолларда режа сифатида қўлларига берилган протоколларни қандай тўлдириб топшириш пайида бўлиб қолаяптилар холос. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги ташкилий ишлар эса ЙПХ ходимлари томонидан умуман бажарилмаяпти.
Келинг, камчилик ва муаммоларга бирма-бир тўхталамиз.
Бир пайтлар Тошкент — Термиз трассаси қурилар экан, раҳматли Шароф Рашидов унинг халқаро йўл эканлигини инобатга олиб Чиноздан Тошкент шаҳригача бўлган қисмида аҳоли пунктларида ўнга яқин йўлўтказгич қурдирган ва ўша аҳоли пунктларида яшайдиганлар катта йўлга тўғридан-тўғри чиқмай, йўлўтказгич орқали тушишган.
Шу билан бирга ушбу трассада юрадиган ҳайдовчиларга қулай бўлиши учун аҳоли пунктларининг номи ҳаракатланиш тезлигига халақит бермайдиган қилиб (ўнгга ёки чапга деган кўрсатгич билан кўрсатилган ҳолда) ёзилган эди. Шу туфайли Чиноздан Тошкентгача бўлган масофада ҳайдовчилар ўз машиналарини бемалол 100 км/соат тезликда бошқариб кетаверишар эди.
Аммо негадир 2017 йилнинг ёз ва куз ойларида Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан Чиноздан Тошкентгача бўлган йўлда аҳоли пунктларининг номлари ҳаракат тезлигини чеклайдиган тарзда ўзгартирилди. Энди бу йўлда айрим жойларни ҳисобга олмаганда ҳайдовчилар тезликни 70 км/соатдан (аҳоли пунктлари учун белгиланган тезлик) оширмаслиги керак.
Мамлакатимиз аҳолисининг 70 фоизи пойтахтимизга келиш учун шу йўлдан фойдаланади. Эсингизда бўлса, ўтган йили қатнов анча кўпайгани учун Тошкент — Термиз трассаси талабга жавоб бера олмаётгани, шу боис ва яна йўлнинг сифатини жаҳон стандарти даражасига чиқариш учун унинг Тошкент вилоятидан ўтган қисмида катта тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган алоҳида полосали йўл қурилиши ҳақида гап-сўзлар чиққан эди. Аммо Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси тез юрса бўладиган алоҳида полоса қурилиши бошланмасданоқ бу йўлда ҳаракатланиш тезлигини минимум даражага туширди-қўйди.
Шу гапларга эртага Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармасидан кимдир чиқиб, «аҳоли пунктларида ЙТҲлар кўпайгани учун тезликни чеклашга мажбур бўлдик», деб изоҳ бериши ҳам мумкин. Агар ЙТҲлар кўпайган бўлса тегишли ташкилотларга таклиф билан чиқиб, кўчалар четига панжара ўрнаттиришсин. Ҳозирги кунда тўрт полосали бўлган йўлни ҳар икки тарафидан биттадан полоса қўшиб олти полосали қилишсин. Йўқ, Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси ҳайдовчиларга жабр қилиб, осон йўлни танлади ва қарийб 70 км масофада аҳоли пунктларининг номи ёзилган йўл белгиларини кўча четларига ўрнатиб ҳаракатланиш тезлигини чеклаб қўя қолди.
Ҳайдовчиларга жабр қилгани шуки, илгари бу йўлда ҳайдовчи тезликни белгиланган 100 км/соатдан 10-15 км соатга оширса энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида жарима тўлар эди. Энди эса ўшандай 115 км/соат тезликда юрса энг кам иш ҳақининг етти баробари миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлаяпти.
Юқорида ИИВ ЙҲХ бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги ташкилий ишларга, зудлик билан ҳал қилиниши керак бўлган муаммоларга умуман эътибор бермаяпти дедим. Буни турли шаҳарларда, туман марказларида жойлашган бозорлар атрофи доим тиқилинч бўлиб туришидан ҳам билса бўлади. Охирги икки йилда мамлакатимизнинг кўплаб шаҳарларида, туман марказларида бўлдим. Аксариятида бозор атрофлари тиқилинч бўлиб, ҳаракатланиш ниҳоятда қийин. Аммо ўша тиқилинчларни бартараф этишга ҳаракат қилаётган ЙПХ ходимларини кўрмадим. Ёлғон бўлмасин, 2016 йилнинг ёзида Андижоннинг Хўжаобод шаҳрида кўрдим. Унда ҳам ЙПХ ходимлари ҳафтанинг икки куни — катта бозор бўладиган кунлари келиб тартиб сақлашар экан. Бошқа кунлари келишмас экан.
Шу йил ёзда Сурхондарёнинг Денов шаҳрида бўлдим. Бозор атрофидаги кўчаларда мутлақо юриб бўлмайди. Самарқанд вилояти Ургут шаҳридаги деҳқон бозори атрофидаги кўчалар киракашлар банд қилиб олгани учун қишин-ёзин тиқилинч бўлиб туради. Лекин бу ерда ҳам бирон марта ЙПХ ходимлари келиб, тартиб сақлаб, кўчани очиб қўйганларини кўрмадим. Фақат гоҳ-гоҳида вилоят ИИБ ЙҲХ ходимлари рейд билан бориб қолса ҳамма, киракашлар борми ёки машинасини тўхташ мумкин бўлмаган жойга қўйган тадбиркорлар борми, қочиб қолади ва йўл бироз очилади.
Мен юқорида бир-иккита мисол келтирдим. Аммо бу муаммо исталган вилоятда, исталган туман марказида бор. Аммо йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш керак бўлган жойларда ЙҲХ ходимларини кўпинча кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди.
ИИВ ЙҲХ бошқармасининг яна бир тушунарсиз иши машиналарнинг ёритиш тизими билан боғлиқ.
Кўпчилик билмас, дунёнинг ривожланган давлатлари ўз ҳудудида машиналар кундузи ҳаракатланаётганида яқинни ёритиш асбобларини ёқиб юришини жорий қилиб қўйибди. Ён қўшниларимиз Қозоғистон ва Россияда ҳам шундай. Бизда эса ҳаммаси бўтқа бўлиб ётибди. Тушунтираман: икки-уч йилдан бери ўзимизнинг машиналарни ҳам жаҳон талабларига мос келиши учун машина двигателини ёққанингиздан яқинни ёритадиган фаралар автоматик равишда ёнадиган қилиб ишлаб чиқаришаяпти. Кўчада кетаётганда уларнинг яқинни ёритувчи фаралари кундуз кунлари ҳам автоматик равишда ёниб кетаверади. Улардан олдин ишлаб чиқарилган машиналарда эса ундай функция йўқ ва яқинни ёритиш фаралари қўлда ёқилади. Энди аҳволнинг бўтқалигини қарангки, олдинроқ ишлаб чиқарилган машиналар яқинни ёритиш фарасини ёқиб юрса бу қоидани бузиш ҳисобланади. Лекин заводдан яқинни ёритиш фаралари автоматик тарзда ёнадиган қилиб чиқарилган машиналар яқинни ёритиш фараси ёниқ ҳолда харакатланса бу қоида бузилиши ҳисобланмайди.
Хўш, шундай экан, ИИВ ЙҲХ бошқармасига эски-ю янги машиналарнинг ҳаммасига кундузлари яқинни ёритувчи фараларни ёқиб юришни мажбурий қилиб қўйиш учун нима етишмаяпти? Қачонгача кўчаларимизда бир машина кундуз кунлари фараларини бемалол ёқиб юра олади-ю, иккинчи машина худди шу иши учун жаримага тортилади?
Ёзаман деса бу соҳада қилинадиган ишлар кўп. ИИВ ЙҲХ бошқармаси тез орада бу камчиликларни бартараф этади деб умид қиламиз.
Манба: Xabar.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»