Куни кеча Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви ва «Нуроний» жамғармасининг тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз ва дабдабасиз ўтказиш бўйича мамлакатимиз халқига мурожаати қабул қилинди.
Эзгу қадриятларимиздан бўлган меҳр ва мурувват, инсонийлик фазилатлари, яқинлик ва тотувликни ифода этувчи тўй ва бошқа оилавий маросимлар, очиғини айтиш керак, сўнгги пайтларда жуда серхарж бўлиб, ўзини кўз-кўз қилиш воситасига айланиб кетаётган эди.
Аммо кичик маиший масаланинг катта макроиқтисодий зарари ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаймиз. Ҳозир юртимизда ҳар йили 300 мингдан ортиқ никоҳ қайд этилмоқда. Агар битта тўйга ками билан 10 миллион сўм сарфласак, бир йилда 3 триллион сўм кетади. Аммо бунча пулга тўй ўтказадиган одам жуда кам. Ўртача 50 миллион сўм кетади. Демак, 15 триллион сўм. Кимлардир 100 ва ундан кўпроқ миллионларга ҳам тўй ўтказмоқда. Биз оила қуришга эмас, балки тўйга тайёрланаётганга ўхшаймиз. Ваҳоланки, шунча маблағни янги қурилаётган уйга, автомобилга, таълим олишга, касб ўрганишга, бизнес бошлашга сарфласак бўлажак оила ҳам мустаҳкам бўлмайдими? Ҳар йили қайд этилаётган 30 мингга яқин ажримнинг аксарияти айнан моддий қийинчиликлар, йигит ва қиз бир-бирини тушунмаслиги, оиладаги уқувсизлик, тайинли иш жойига эга эмаслик сабабли келиб чиқмоқда.
Маросимларни ихчам ва чиройли ўтказиш ўрнига бидъат ва иллатлар комига тушиб, ўз равнақимизга катта тўсиқ яратаяпмиз. Бемаза ва беўхшов тадбирларни ўйлаб топишда кимўзарга киришиб кетдик.
Яқин-яқиндан бошлаб айрим ёшлар ҳатто ажрашишларини нишонлашгача етиб борди. Улар асабни бузмасдан, ўзларини эҳтиётлаб, дўстона муносабатни сақлаган ҳолда чиройли базм қилиб, ажрашмоқдалар. Болаларни тирик етим қилиш, никоҳни бузиш нишонланадими, ахир бу фожиа эмасми?
Яқинда номини айтишни ҳам истамайдиган бир таниқли санъаткор бир шоввоз йигит бир йилда уч марта уйлангани ва ҳар сафар тўйда ўзи хизмат қилганини, йигит сахийлик билан унга мўмай ҳақ тўлаганини айтиб мақтанди. Тўғри, ҳамма ҳамма нарсани ўз қаричи билан ўлчайди. Лекин бунчалик тор дунёқараш билан инсон қандай санъаткор бўлиши мумкин деб ўйлаб қоласан киши.
Яқиндан бошлаб айрим жойларда келиннинг онаси куёвнинг онасига узук тақдим этишгача етиб боришди. Бунда қандай маъно, мантиқ бор? Бир тўйда тўй эгаси ошга келган талабаларни ичкарига киритмай, ҳайдаб солди. Уларни аввал ҳам қайсидир тўйда кўрганини, уларда ор-номус йўқлигини айтиб ёзғирди. «Сиз ҳам талаба бўлганмисиз?» деган саволимга эса «йўқ, ўқимасам ҳам яхши яшайман» дея ғўддайди. Мана сизга савия. Ваҳоланки, бу тўйларда стипендиясини бир ойга етказа олмаётган, машаққат ила илм олаётган талабаларга дастурхон ёзилиши керак эмасми? Ош бериб, казо-казо тўқ-тўкис бойларни чақиришимизда қандай маъно бор?
Айрим бели оғримай пул топаётган, кибрга берилган бойваччалар ижтимоий масъулиятни унутиб, тадбирларни кўнглига келганидай ўтказмоқда. Яқинда бир таъзия муносабати билан берилган ошга бордик. Тўйхонанинг эшигидан кириверишда кичик бюст ўрнатилиб, унинг остига хорижнинг минг-минг долларлик гуллари ёйиб қўйилган. Марҳум шу гулларни севар экан ва бу унинг руҳига чуқур эҳтиром рамзи экан. Эҳсонни ҳам шуҳратпарастликка айлантираяпмиз.
Маънавий дунёси саёз, тафаккурида нуқсони бор кимсалар оёғи ердан узилиб, ижтимоий ахлоқ-одоб мезонларини мутлақо унутмоқда.
Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун милиция ёки прокурор назоратини ўрнатиш билан кутилган самарага эришиш қийин. Шу билан бирга ҳозирги жамоатчилик назорати тизими ҳам самара бермаяпти.
Шу сабабли маҳалла-кўй, «Нуроний» жамғармасининг обрўли, гапи ўтадиган отахон ва онахонлари, Маънавият ва маърифат марказининг тарғиботчилари, зиёлилар ҳамкорликда аҳоли орасида кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориши лозим. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бир-иккита намунавий тўйни ўтказиб берса ва у бутун мамлакат миқёсида тарғиб қилинса самараси яхши бўлур эди.
Маҳалла-кўй, жамоатчиликнинг фикрини инобатга олмайдиган айрим ўзбилармонларни кўпчилик олдида изза қилиш, мансабдор бўлса ҳатто лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги масаласини кўриб чиқишни ҳам замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Чунки бу шахсий иш эмас, миллатимизнинг умумий муаммосидир.
Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва журналистларни ўзи туғилиб ўсган ёки яшаётган маҳаллага бириктириб қўйиш, уларни ишининг самарадорлигига қараб моддий рағбатлантириб бориш ҳам айни муддао бўлади. Чунки қалам аҳлининг таъсири ҳам, сўзининг салмоғи ҳам юқоридир. Улар одам бутун умр мисқоллаб йиққан маблағини бир кунда ҳавога совуриши яхши эмаслигини, исрофнинг оқибатини, ночор ва камбағал оилаларга қилинган ҳам ошкора, ҳам яширин эҳсоннинг савоби нақадар катта бўлишини чуқур тушунтириб беришлари керак.
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди