12:20 / 20.03.2018
7 663

Президент Самарқандда КАМАЗ ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди (видео)

Президент Самарқандда КАМАЗ ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди (видео)
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида UzAutoTrailer корхонасида КАМАЗ юк машиналарини ишлаб чиқариш лойиҳаси билан ҳам танишди, дея хабар бермоқда «O‘ZBEKISTAN 24».

«Президент мутасаддиларга бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берди», — дейилади «O‘ZBEKISTAN 24» телеканали ахборотида.

«Ўзавтосаноат» компанияси раиси Умиджон Салимовнинг сўзларига кўра, мазкур ишлаб чиқариш лойиҳаси, аввало, импорт ҳажмини қисқартириш мақсадида йўлга қўйилмоқда. Самарқанд КАМАЗлари экспортга ҳам чиқарилади.

«Президентимиз лойиҳа билан танишганларидан сўнг, биринчи навбатда, бу машиналарнинг сифатини ушлаш, иккинчидан, таннархини янада камайтириш, учинчидан, экспорт салоҳияти ва бозорларини кенгайтириш, экспортга чиқарилаётган маҳсулот ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар бердилар», — деди Салимов.

Ўзбекистонда КАМАЗ юк машиналари ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги илк хабарлар 2017 йил октябрида пайдо бўлган эди. 2 ноябрь куни эса Россиянинг «КамАЗ» компанияси ва «Ўзавтосаноат» ўртасида UzAutoTrailer заводи қувватларида КАМАЗ маркали юк ташувчи транспорт воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши ҳақидаги келишув имзолангани эълон қилинди.

Ўшанда 2017 йил декабрь ойи охирига қадар КАМАЗ автомобилларини йиғиш учун дастлабки 100 та йиғиш ускуналари тўплами етказиб берилиши режалаштирилгани маълум қилинган эди. Ушбу келишув бўйича Ўзбекистон томони «КамАЗ» компанияси корхоналарига эҳтиёт қисмлар ва махсус кузовлар етказиб бериши ҳам кўзда тутилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент Самарқандда КАМАЗ ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди (видео)