12:03 / 04.04.2018
4 197

Маънавият керак...

Маънавият керак...
Бебаҳра кўп кўринади зиёдан,
Аломати аён аҳли риёдан,
Сабабини сўранг дили сиёдан,
Илмсизлик эшик очар иллатга,
Маънавият керак, мардум миллатга.

Бугун келса эрта кетар давлат бу,
Салмоғи йўқ манман деган савлат бу,
Ибрат бўлсин авлодларга албат бу,
Бўлолмайди сайқал суврат сийратга,
Маънавият керак, мардум миллатга.

Сўқир кўнгил суймай ўтар дунёдан,
Қирон келса куймай ўтар дунёдан,
Қилиқларин қўймай ўтар дунёдан,
Руҳ келмаса бўлмас бугун мададга,
Маънавият керак, мардум миллатга.

Йўқчилик чўт эмас ўткинчи қуюн,
Маънавий қашшоқлик кор қилса қийин,
Қиёмат қиртишлаб қўймайди кейин,
Кафолатли қалқон узоқ муддатга,
Маънавият керак, мардум миллатга.

Заминдай ҳокисор маъсума аёл,
Бўлмаса қанийди паришон хаёл,
Гўзаллик тимсоли бир афтодаҳол,
Кемтик кўнгил етаклайди кулфатга,
Маънавият керак, мардум миллатга.

Маънавий дунёси, моддий дунёси,
Ор-номус, андиша, шарму ҳаёси,
Бағри бутун элнинг борми қиёси,
Ярашмайди ёлчимаслик элатга,
Маънавият керак, мардум миллатга.

Маънавий жасорат – буюк жасорат,
Руҳий жон озиги қанчалар роҳат,
Қилсак қалбимизни кани ислоҳот,
Очилади борар йўллар жаннатга,
Маънавият керак, мардум миллатга.

Соддалигинг қурсин, халқим, соддасан,
Соддаликнинг токай жабрин тортасан,
Дўст деганинг сотиб турса қайтасан,
Тўлиб кетди кўнгил гина-кудуратга,
Маънавият керак, мардум миллатга.

Синашмасанг сир бермайди қоялар,
Таваккални тан олмайди ғоялар,
Булут бўлиб солар бир кун соялар,
Қолмас бўлса эрта кунинг зулматга,
Маънавият керак, мардум миллатга.

Онгимиз улғайди, ақлимиз етук,
Ирода бақувват, руҳимиз тетик,
Кўнглимиз тилаган кунларга етдик,
Яна боқий турмоқ учун давлатга,
Маънавият керак, мардум миллатга.
Иброҳим АЗИМ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маънавият керак...