17:31 / 22.05.2018
3 844

Термиз университетининг собиқ ректори лавозимига қайта тикланиш ниятида

Термиз университетининг собиқ ректори лавозимига қайта тикланиш ниятида
Фото: Хидирназар Аллақулов
2002—2004 йилларда Термиз давлат университети (ТерДУ) ректори бўлиб ишлаган иқтисод фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов ўз лавозимига қайта тикланиш ниятида, деб ёзади у билан суҳбат уюштирган Sputnik'га иқтибос келтирган ҳолда Дарё нашри.

Аллақуловнинг айтишича, ректорлик фаолияти мобайнида университетда содир этилган ноқонуний ҳолатлар, коррупцияга ваколати доирасида қарши курашиб чек қўйганлиги учун манфаатдор гуруҳлар ва шахслар унга туҳмат, прокуратура органлари эса адолатсизлик қилган.

Жумладан, тест синовларида мутлақо қатнашмаган ёки етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар университетда ноқонуний ўқитилиб, уларга ноқонуний дипломлар бериб келинган. Аниқланишича, бундай «талабалар» сони 917 нафарни ташкил этган. Уларнинг орасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг фарзандлари ва қариндошлари бўлган.

Бу талабалар ҳақида Аллақулов юқори идораларга маълумотномалар тақдим этган, аммо муаммо ҳал этилмасдан очиқ қолдирилган. Буни кўтариб чиққанлиги учун унинг ўзини айбламоқчи бўлишган.

Аллақулов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳимоясида университетнинг мансабдор шахслари, фирма ва банк муассасалари раҳбарлари томонидан университетнинг расмий курсда 600 минг АҚШ долларига тенг талон-тарож қилинган пулларини университетга қайтартирганини қўшимча қилди.

Юқорида каби ишлари бундан манфаатдор гуруҳлар, шахслар манфаатларига зид келганлиги учун Аллақуловга нисбатан шундай жиноят ишлари қўзғатилган.

Собиқ ректорга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар Ўзбекистондаги 14 та суд, хусусан, Олий судда ҳам кўриб чиқилган ва судьяларнинг барчаси Аллақуловни ҳақ деб, оқлов ҳукмини қабул қилган. Шундай бўлса-да, у ўз лавозимига қайта тикланмаган.

Ректорликка қайта тикланиш қарорини изоҳлар экан, Аллақулов шундай дейди:

«Ректорлик давримда талабаларнинг фан олимпиадалари бўйича 59-ўринда турган Термиз университети вилоятлардаги олий ўқув юртлари ўртасида 1-ўринга кўтарилди. Университетда кўплаб номзодлик ва докторлик диссертациялари ёқланган. Профессор-ўқитувчилар 13 та фандан дарслик ва ўқув қўлланмалари ёзди, улар республикадаги барча олий ўқув юртларига жорий этилган. Талабалар, магистрантлар халқаро грантларни ютиб, хориждаги олий ўқув юртларига ўқиш учун кетган.

Университет Россия, Жанубий Корея, Нидерландия, ҳатто Австралия олий ўқув юртларида малака оширган ва тўғридан-тўғри халқаро алоқалар ўрнатилган. Университетнинг барча кафедралари, деканатлари интернет тизимига уланиб, электрон почталар орқали алоқалар йўлга қўйилган, электрон кутубхоналар ташкил этилган ва энг асосийси, талабаларга субтитрли маърузалар ўқиш йўлга қўйилган эди. Профессор-ўқитувчиларнинг ижодий меҳнат фаолияти самарадорлигини ошириш учун университетда устама табақалаштирилган иш ҳақлари жорий этилганди».

Аллақуловнинг мақсади ректорлик лавозимига тикланиш орқали топталган шаъни, қадр-қиммати ва обрўcини тиклаш, мамлакатда илм-маърифат ва таълим жараёни ривожига ҳисса қўшиш, Ўзбекистонда дунё миқёсидаги рақобатбардош кадрларни тайёрлашда тажрибаси ва ташкилотчилик қобилиятини кўрсатишдан иборат.

«Президент ва давлат арбоблари номига 12 маротаба мурожаат тақдим этдим. Аммо улар давлат раҳбари эътиборига етказилмаган, деган фикрдаман. Шавкат Мирзиёевдан аввалги ишим, ректорлик лавозимига тиклашни, шу орқали менга нисбатан адолатни узил-кесил қарор топтиришда ёрдам беришини сўрайман», — дейди Аллақулов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Термиз университетининг собиқ ректори лавозимига қайта тикланиш ниятида