23:53 / 24.05.2018
8 579

Ўзбекистонда янги ўқув йилидан мактаб формаси жорий қилинади

Ўзбекистонда янги ўқув йилидан мактаб формаси жорий қилинади
Янги 2018/2019 йилги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилари ягона стандартда ва бир неча намунада ишлаб чиқилган мактаб формаларига ўтади. Бу ҳақда "Халқ сўзи" хабар бермоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 16 август куни таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлисида ягона мактаб формасини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш бўйича билдирган таклифидан сўнг, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги, психологлар, етакчи дизайнерлар ва шу соҳа мутахассислари ота-оналар ва ўқувчилар билан фикрлашилган ва келишилган ҳолда, мамлакатимиз иқлим шароитига мос кўринишдаги 10 турдаги либослар тайёрланди.

Халқ таълими вазирлигининг бошқарма бошлиғи Ҳикматилла Даминовнинг сўзларига кўра, бунинг учун Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 91-умумтаълим ва Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 4-умумтаълим мактабида синов ўтказилди. Жараённи сифатли ташкил этиш учун формалар билан бирга ота-оналарга сўровнома ҳам тарқатилди. Бугунги кунда тажриба-синов натижалари жамланиб, таҳлил қилинмоқда. Танлаб олинадиган дизайндаги мактаб формаларини 2018-2019 ўқув йилидан барча умумтаълим мактабига жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинади.

Мактаб формалари 1-4, 5-8 ва 9-11 синф ўқувчилари учун алоҳида-алоҳида формалар шаклида 3 ёш тоифаси бўйича ишлаб чиқарилади.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бўлим бошлиғи ўринбосари Замира Суюнованинг таъкидлашича, Формалар Ўзбекистон Республикаси Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги стандартларига, санитария қоидалари нормалари ҳамда гигиена нормативларига жавоб беради. Материали соф пахтадан, пишиқ ва майин ишланган.

“Дизайни ва рангини танлашда, тўғриси, бироз қийналдик. Сабаби, онгимизда форма, албатта, қора ёки тўқ кўк бўлиши керак, деган тушунча қотиб қолган. Шуни ҳисобга олган ҳолда, формаларни тайёрлашда Хитой, Буюк Британия, Туркия, Жанубий Корея тажрибасини ўргандик”, дейди у.

Намунавий шакллардаги мактаб формалари тасдиқлангач, уларни тикиш нархларнинг ижтимоий ҳаммабоплиги таъминланган ҳолда ҳудудлардаги тегишли қувватга эга ишлаб чиқарувчиларга топширилади. 2018 йил июль ойидан бошлаб аҳолига қулай жойларда ихтисослаштирилган савдо шохобчаларида сотила бошлайди.

Мактаб формаларини харид қилиш учун аҳолига Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан (ҳозирда 14 фоиз) ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қисқа муддатли микрокредитлар ажратилиши ҳам режалаштирилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда янги ўқув йилидан мактаб формаси жорий қилинади