06:00 / 29.05.2018
4 289

Энди учинчи сектор қоғозда эмас, амалда ишлайди

Энди учинчи сектор қоғозда эмас, амалда ишлайди
Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, жамият ҳаётидаги туб бурилишлар палласида стратегик мақсадлар ва муайян ривожланиш босқичига хос бўлган устувор тамойилларни белгилаб олиш ҳар қандай миллат учун ғоят муҳим ҳаётий эҳтиёжга айланади.

Зеро, ана шу эҳтиёжни зукколик билан англаган, воқеалар ривожини олдиндан кўриб, замон талабларига муносиб жавоб бера олган, энг асосийси эса келажак авлод манфаатлари йўлида собитқадам бўлган миллатларгина ўз мақсадларига эришганлар.

Айни пайтда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар барча соҳа ва тизимлар қатори учинчи сектор деб аталаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолиятини ҳам бутунлай қайта кўриб чиқишни тақозо этаётир.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 4 майда қабул қилинган «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эса ушбу ҳаёт ҳақиқати ва замон талабларини ўзида мужассам этган навбатдаги ҳужжат бўлди.

Шу маънода ислоҳотлар барқарорлигини намоён этган ушбу фармон моҳиятан фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат-нотижорат ташкилот(ННТ)лар фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб берди дейиш мумкин.

Унда алоҳида таъкидланганидек, кейинги йилларда жамият ҳаётининг барча соҳалари қатори фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, аҳолининг турли қатламларини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган фуқаролик жамияти институтлари, ННТлар учун кенг имкониятлар яратилиб, ушбу масалага оид 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Бугунга келиб юртимизда 9200 дан зиёд ННТ бўлиб, улар зиммасига жуда катта масъулият юклатилган. «Маҳалла» жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, «Соғлом авлод учун», «Нуроний» жамғармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази шулар жумласидандир.

Аммо фармоннинг мазмунидан англашиладики, бугунги туб ўзгаришлар, мамлакатни демократик янгилаш жараёнларининг асл моҳияти фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида тўла акс этмаяпти.

Фармонда қайд этилганидек «Ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва кимчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда».

Шу боис ҳам ҳужжатда давлат ва фуқаролик жамиятлари ўртасида самарали, конструктив мулоқот механизимлари йўлга қўйилмагани, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг эҳтиёжлари тизимли таҳлил қилинмаётгани, ижтимоий тараққиётнинг энг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш учун етарли имкониятлар яратилмаётганига эътибор қаратилди.

Бинобарин, фуқаролик жамияти институтлари ва ННТларнинг жамиятдаги ролини тубдан ошириш, ушбу йўналишдаги ишларни давр талаби даражасида ташкил этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир.

Фармонда иқтисодий дастурларни изчиллик билан амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш, фуқаролик жамияти институтлари билан давлат тузилмалари ўртасида ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш, ушбу соҳага оид қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш кўзда тутилган. Шу ўринда ушбу фармон асосида мамлакатимиз тарихида биринчи марта Президент ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг тузилгани нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ижтимоий ташкилотлар мавқеини кескин оширишга хизмат қилажагини таъкидлаш жоиз.

Ҳужжатда фуқаролик жамияти институтлари ва ННТларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассосацияси билан келишилган ҳолда тасдиқлаш тартиби ҳам белгилаб қўйилди. Бу нафақат ассоциация зиммасидаги масъулиятни оширади, балки барча соҳа ва тизим раҳбарларининг ушбу соҳага бўлган муносабатини ҳам тубдан ўзгартиришга олиб келади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ННТлар уйларини ташкил этиш, соҳа вакилларига қатор имтиёзлар берилиши қатъий белгилаб қўйилгани эса ҳозирданоқ чет эллик экспертлар эътиборини тортаяпти. Шунинг учун ҳам ассоциация фаолиятини танқидий таҳлил этиб, энг долзарб вазифаларни белгилаб олдик. Фурсатни бой бермаслик учун эса қисқа ва узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқаяпмиз.

Хусусан, грантлар ажратишда ҳам бир ёқлама қарашлардан воз кечилиб, оддий одамларга манфаат келтирадиган йўналишлар танланаяпти. Масалан, уюшмаган ёшлар ҳақида кўп гапирилади. Жойларда айни шу мавзуга бағишланган ўнлаб семинар ва тренинглар ўтказилаяпти. Аммо, афсуски, натижа кутилганидек бўлмаяпти. Шунинг учун айнан шу масалада янгича ёндашувларни жорий эта оладиган, янгича фикрлайдиган ННТларга грантлар ажратиш кўзда тутилмоқда.

Маълумки, бугунги ислоҳотлар энг аввало ёшларга, улар учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратишга қаратилмоқда. Ана шу талабни инобатга олиб, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, уюшмаган ва тарбияси нисбатан муаммоли бўлган фарзандларимизни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида «Мен ватанимни севаман», «Жамиятда менинг ўрним бор» мавзусида туркум тадбирлар ўтказишга киришдик. Бунда маданият ва спорт муассасалари билан шерикликда жойларда миллий спорт ўйинларини оммалаштириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қишлоқ қизларини спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Ҳудудларда олиб бориладиган ишларга эса бирламчи эътибор қаратилади.

Бу жараёнда эса Президент фармонини чуқур ўрганиш, унда илгари сурилган ғоя ва тушунчаларни барча юртдошларимизга етказиш олдимизда турган энг долзарб масала деб ҳисоблайман. Зеро, барча соҳаларда ислоҳотларнинг изчиллиги ва самарадорлигини таъминлай олсаккина юксак мақсадларимиз рўёбга чиқаверади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, учинчи секторнинг кенг кўламли фаолияти учун муҳим дастурга айланган фармон энг аввало нодавлат-нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ҳамда унга аъзо бўлган барча ННТларга илгари кузатилмаган имкониятлар яратиб берди. Эндиги вазифа ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали халқимизга хизмат қилиш, унинг фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдир.
Илҳом Насриев

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди учинчи сектор қоғозда эмас, амалда ишлайди