07:30 / 13.07.2018
3 721

"Айрим раҳбарларга мутлақо ёқмайдиган гап"

"Айрим раҳбарларга мутлақо ёқмайдиган гап"
Тўғрисини айтсам, бу муаммо ҳар бир раҳбар феълидаги ва фаолиятидаги очиқлик билан боғлиқ. Минг афсуски, уларнинг айримларига «ярим очиқлик», «аста-аста очилиш»ни давр шитоби кўтармаяпти, деб тушунтира олмаяпмиз.

Айтинг-чи, ҳудудига мухбирни киритишга тўсқинлик қилган, йиғилишларида жамоатчилик, хусусан, депутатлар иштирокини хоҳламаётган ўқув юрти ёки ижтимоий соҳа раҳбарининг омбор мудиридан нима фарқи бор?

— Сизлар аралашмаган шу соҳа қолувди, — пичинг қилади улар.

— Бизлар аралашмаганимиз учун ҳам жамоангиз шу аҳволга тушди, — тушунтиради жамоатчилик. — Президентимиз ҳар бир ишда одамлар билан маслаҳат қилинг, фикрини олинг, деган талаб қўймоқда.

Йўқ, бундай одамлар худбинликдан воз кечмайди, фаолиятини атрофидаги тўрт нафар «шотир»и билан амалга ошираверади.

Мурожаатлар билан ишлаш соҳасида мунтазам тизим ярата олмаяпмиз. Хатлар тақдири учун бирорта мансабдор жавоб берганини эшитмадим. Ваҳоланки, такрорий мурожаатлар кўпайса-кўпайдики, камайган эмас. Масалани жойида, мутахассислар билан ўрганиш анъанаси доимо қўлланилмайди.

Президент, Бош вазир, айрим вазирлар аҳоли фикрини ўрганиш учун махсус веб-сайтлар очган бир пайтда, вилоят, туманлардаги ташкилот раҳбарлари нега бундай қилишмайди? Ҳеч бўлмаганда ойига бир кун мурожаатлар таҳлили билан шуғулланса бўлади-ку!

Мен бу гапларни бежиз айтмаяпман. Ҳузуримга келган аризачилар ҳужжатларини ўрганишда саводсиз чиқарилган қарорлар, бир хил қолипда ёзилган жавоб хатларига кўзим тушяпти. Баъзи фуқаролар аризасига ойлаб жавоб олишмаган.

Газетамизда вилоятда кўча ва йўл ичкарисидаги бино ва уй-жойларни безакли ёритиш учун шуғулланувчи хизмат ташкил этиш таклифи айтилганди. Энг ёмони, бу таклифни мутасаддилар ўқиб, муносабат ҳам билдиришмади. Янги уйларда телефон (интернет) тармоғини монтаж қилиш эсдан чиқаётганлиги тўғрисидаги таклиф ҳам мутасаддилар қулоғига етиб бормади.

Маҳаллада ташкилот раҳбарларининг ҳисобот беришининг хосияти шундаки, у ўз жамоаси фаолиятига одамлар муносабатини билиб, ўз ишини янада жонлантиришга таклиф олади. Аммо нега бу усулни қўлламаяпмиз ёки номигагина расмийлаштириб қўяяпмиз? Чунки айрим раҳбарлар буни исташмаяпти.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида шаклланган номақбул бир кайфиятга ҳам барҳам бериш пайти келди, шекилли. Уларнинг бир-бирига ишончсизлиги, кимгадир қонуний ён босса "Сен ундан бир нарса олдинг", деган хаёлга бориши баъзан уларга иши тушган кишининг керагидан ортиқ ташвиш чекишига, жабрланишига олиб келди. Албатта, бу муносабат адвокат ва терговга жалб этилганлар фикрини эшитиш, таққослашда ошкораликни таъминлагандагина барҳам топиши мумкин.

Давлат раҳбарининг талаби қатъий: илгари қанақа ишлаганимиздан қатъи назар, энди фаолиятни халққа томон буриш, одамлар билан ҳисоблашиш шарт.

Бу талабни тушунмаганлар шиддатли ўзгаришлар жараёнига тоб беролмай, соҳилга чиқиб қолаверади. Муҳими, бу ҳақиқатни ўз вақтида англашимизда.
Фармон ТОШЕВ

Манба: Zarnews.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Айрим раҳбарларга мутлақо ёқмайдиган гап"