20:57 / 21.07.2018
10 103

"Ўлим тилаган келин"

"Ўлим тилаган келин"
Аллоҳ таоло зулм ва зўровонликдан қайтариб, мазлумнинг дуосидан сақланмоққа буюрган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч инсоннинг дуоси мақбуллиги ва ундан сақланишга даъват қилганлар. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч дуо дарҳол қабул бўлади, уларда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота онанинг фарзандлари зиддига дуоси”-дедилар”.

Бу ҳадисни бежизга келтирмадим. Бугунги кунда баъзи қайноналарнинг келинга қилаётган зулми ёки акси келиннинг қайнонага зуғуми жуда кўп кўзга ташланмоқдадир. Қайноналарга зулм қиладиган келинлар тўғрисида жуда кўп гапирилади. Аммо келинига зулм қилаётган қайноналарнинг зуғум-зулми ва мазлума келиннинг дуоси ва оқибати нима билан тугаши тўғрисида кам гапирилади.

Улуғ олим киши икки ёшни никоҳлаб, яхши тилаклар билдириб, дуолар қилибди. Орадан уч-тўрт йил ўтиб, ҳомиладор келин олимнинг олдига келиб: “Мени дуо қилинг шу боламни туғайину ўлайин”, дебди. Бу гапдан ҳайратга тушган олим сабабини сўрабди. Келин қайнонасининг зуғумлари ҳаддан ошгани, ўғлини қизғаниб ҳар босган қадамини пойлашини, ўғлига чақиб ҳар куни урдириши ва бу азоблар жон-жонидан ўтиб, бу дунёда яшашдан кўра ўлимни афзал билиб: “Бахт тилаб дуо қилган эдингиз, энди ўлим сўраб дуо қилинг!” дебди йиғлаб. Олим келинга гўзал насиҳатлар қилиб: “Қайнонангизга айтиб қўйинг, фақат оналарни эмас, балки ҳар бир мазлум ва мазлуманинг хоссатан мазлума келинларнинг ҳам дуоси мустажобдир. Мазлума келиннинг дуосига учраган қайнона албатта хорликка учрайди”, деб мазкур ҳадисни ўқиб берибди.

Ҳаётга қарасак келинига турли азоб берганлар кучлари кетиб, заиф, касал бўлганларида келинларининг кўмагига муҳтож бўладилар. Келинига зуғум қилганлар жазосиз қолмайдилар. Ўз зулмлари эвазига келинларидан ҳурмат кўрмагач келинлари устидан арз-дод қиладилар. Ўзини муслима, мўмина деб билган бирорта қайнона келинига зуғумини ўтказмайди. Аслида ақди никоҳ ўқилгач қайнота ва қайнонага келин қиз бўлади. Ўз қизининг хорланиши, зулм қилинишини истамаганлар асло келинига зуғум қилмайдилар. Чет эл сериалларини тинимсиз кўраётган қайноналар ўзларини ўшаларга ўхшатишиб, асл Исломий вазифа ва бурчларини унутиб қўйишлари натижасида аёлларимизнинг суҳбатлари ғийбат, лағв ва ҳасаддан иборат бўлиб қолаётгани сир эмас.

Аксар оналар ўзлари инсоний ва исломий одоб, бурчларини билмаганлари, китоб ўқиш ўрнига умрларини сериалларга бағишлашлари боис ёмонликни ўрганиб, гуноҳлар ботқоғига ботиб мазлума келинлар дуои бадига учрамоқдалар. Доимо оналарини камситилаётганини кўрган болалар ҳам бувиларига нисбатан қалбларида алам ва норозилик кайфияти пайдо бўлгач бувиларини ҳурмат қилмайди. Уларга нафрат билан қарайдилар. Зеро мазлума онасининг кўз ёшлари бувиларига нисбатан ғазаб ўтини ёқади. Ўртада меҳр оқибат, ҳурмат кўтарилади. Раҳим ўрнини ғазаб эгаллайди.

Азиз оналар, қайноналар, опа-сингиллар сиз дунёга Бухорийдек зотларни дунёга келтириб, тарбиялаб вояга етказган, буюк оналардан эканингиз асло эсингиздан чиқмасин. Яна такроран айтаман ва асло эсдан чиқармангким мазлума келинларнинг дуоси, оналарники каби рад қилинмаслигини билинг ва огоҳ бўлинг.
Шермурод ТОҒАЙ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Ўлим тилаган келин"