Абитуриентлар учун фойдали тавсиялар

  • 28 июль 2018, 10:28
  • 2 029
  • Жамият
  • Абитуриентлар учун фойдали тавсиялар
    Саноқли кунлардан кейин олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади. Олдинда турган тест синови ким учундир илк қадам бўлса, яна ким учун иккинчи, учинчи синовдир.

    Айни пайтда барча абитуриентларни тест вақтида ўзини қандай тутиш, саволларга қай усулда ёндашиш бўйича турли саволлар қийнаётган бўлса ажаб эмас.

    Қуйида абитуриентлик синовидан муваффақиятли ўтиб, ҳозирда юртимиз ОТМларида таҳсил олаётган талабалар ўз тажрибалари билан бўлишди.

    Замира, ЎзМУ кимё факультети талабаси (кириш имтиҳонида 186,8 балл тўплаб, 1-ўринда давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинган):

    Имтиҳон пайтида атрофимда мени чалғитиши мумкин бўлган нарсаларга – шовқин, аудиторияда ўтирган бошқа абитуриентларнинг ғала-ғовурига эътибор бермасликка, ҳаяжонланмасликка ҳаракат қилганман. Тест саволларига келадиган бўлса, уларни энг осонларидан бошлаб ечганман. Масалан, кимё фанидан аввал назарий саволларга жавоб берган бўлсам, масалаларни кейинга қолдирганман.

    Шаҳрибону, ЎзДЖТУ инглиз филологияси факультети талабаси (175,6 балл):

    Имтиҳондан бир кун аввал тўйиб ухлаб олишни маслаҳат бераман. Имтиҳон бошланишидан аввал жавоблар варақасини тўлдириш тартиби билан таништириш бўлиб ўтади, ўша вақтда диққат билан қулоқ солиш керак. Жавоблар варақасини тўлдиришда жуда эҳтиёт бўлиш тарафдориман, чунки техник хато туфайли балл йўқотиш ҳеч гап эмас. Шахсан ўзим тест жавобларини аввал бошқа қоғозга кўчириб, сўнг жавоблар варақасига белгилаб чиққанман.


    Феруза, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси (259,7 балл):

    Имтиҳон вақтида ўзига ишончни йўқотиб қўймаслик керак, деб ўйлайман. Бундан ташқари, вақтни тўғри тақсимлаш керак. Аввал таниш бўлган саволларга жавоб белгилаб, сўнг мураккабларига ўтишни маслаҳат бераман. Жавоблар варақасини тўлдириш учун ҳам албатта алоҳида вақт ажратиб қўйинг.

    Талаба ёшларимиз маслаҳатларини умумлаштирган ҳолда, тест вақтида риоя қилиш лозим бўлган қисқа қоидаларни келтирамиз.

    Осонидан бошланг

    Саволларга жавобни белгилашда, аввал сиз учун осон ва жавобини аниқ билганларингиздан бошланг. Ўйлантириб қўйган, иккиланиб қолган саволларга вақтни кетказиб, тўхтаб қолманг. Хотиржам бўлсангиз, ақлий фаолиятингиз яхши ишлайди ва бутун қувватингизни сизга қийин бўлган саволларга қарата оласиз. Унутманг, ҳамма саволларга жавоб топиб бўлмайди, орасида албатта, сиз билмайдигани учрайди. Бундан хавотирланишнинг кераги йўқ, аксинча, кейинги саволларга куч беринг. Улар навбатдаги балларни тўплашда муҳимроқ бўлиши мумкин.

    Вақтни тақсимланг

    Берилган вақтда ҳар бир саволга неча дақиқа ажратишингиз мумкинлигини тақсимлаб олинг. Дастлаб осон туюлган саволга камроқ дақиқа сарфлаб, кейин қолдириб кетган ва мураккаб саволларни бемалол бажаринг. Агар жавобга иккилансангиз, ички сезиш қобилиятингиздан ҳам фойдаланиб кўринг.

    Текширинг

    Жавобларни белгилаб бўлгач, албатта, қайта текшириб кўришга ҳам вақт қолдиринг.

    «Шпаргалка»ларга чалғиманг

    Тест синовларида абитуриентлар «шпаргалка»лардан фойдаланишга уринади. Бироқ бу сизга қанчалик ёрдам беради? Вақтингизни беҳуда сарфлашга, диққатни чалғитишга сабаб бўлмайдими? Асосийси, ўз билимингизга ишонинг.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Абитуриентлар учун фойдали тавсиялар