Аёлингни асра халқим ёки аёллар мардикор бозори ҳақида

  • 04 август 2018, 20:44
  • 2 164
  • Жамият
  • Аёлингни асра халқим ёки аёллар мардикор бозори ҳақида
    Аёлини қадрлаган халқнинг эртаси буюк бўлади. Фарзандлар таълим тарбиясида, уларни одобли, икромли, элга мунзур бўлиб етишишларида оилада аёлнинг ўрни беқиёс. Давлатимиз мустақилликка эришгач жамиятда хотин-қизларнинг ўрнини ошириш, уларни хуқуқ ва манфаатларини химоя қилиш масаласи давлат сиёсати даражасигача кўтарилди ва бу масала юртимиз сиёсатининг аҳамиятга молик масалаларидан бирига айланди. Шу мақсадда 1991 йил 23 феврал куни Республикамизда биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилди.

    Диний китобларни варақлаганда хам аёлларга ҳурмат кўрсатиш, уларни асраб-авайлаш, уларга нисбатан ғамхўрлик қилиш сингари бир қатор маъруза ва мавзуларга дуч келасиз. Бу хақида дин уламоларининг ўзлари фикр юритгани маъқул. Бугун ушбу мақола орқали жамиятимиздаги энг оғриқли мавзулардан бирига мурожаат қилмоқчимиз. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқ деган нарса шу даражада ривожландики, одамлар дунёда ва юртимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ўз уйларидан чиқмасдан туриб, ўтирган жойларида интернет тармоқларида тарқатилаётган маълумотлар орқали билиб олишлари мумкин бўлмоқда. Интернетда ана шундай тарқатилаётган мавзуларнинг аксарияти аёллар, хотин-қизлар, уларнинг муаммо ва камчиликлари, қўпол бўлса-да, айтиш мумкинки, хўрланганликлари билан боғлиқ бўлиб турибди.

    Айниқса, сўнгги ойларда Самарқандда аёллар ўлими ва хўрланганликлари билан боғлиқ иккита холат нафақат интернетдаги фаол фуқароларни балки барчамизни ларзага солди, десак ҳеч адашмаган бўламиз. Кенг жамоатчилик назорати билан ҳар икки ҳолатда ҳам адолат қарор топишига эришилди. Шу ўринда бу жамоатчилик назорати деган нарсада хам кўп ва хўп гап борлигини алохида эътироф этиб ўтмоқчимиз. Энди эса шу жамоатчилик эътиборига тортиладиган яна бир ҳолат хақида айтиб ўтсак.

    Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида Ўқчи деган қишлоқ бор. Бу ернинг аҳолиси, асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланади. Улар асосий даромад манбаини хам шу деҳқончилик, боғдорчилик орқали олишади. Боши-бошига уланиб кетган мевазор боғларни шу ерда учратишингиз мумкин. Ҳудуднинг Туманботир МФЙсидаги сой бўйига бориб қолсангиз, ҳар куни бу ерда мингга яқин аёлларнинг меҳнат бозорига дуч келасиз. Халқ тили билан айтганда мардикор бозори дея аталувчи ушбу масканда асосан ёш-ёш аёллар, ҳали вояга етмаган йигит-қизлар, келинлар ўз тирикчиликлари учун ишга чиқишадилар. Балки мажбурликдан, балки муҳтожликдан, балки яна бизга маълум бўлмаган бошқа бир сабаблар орқали ўз меҳнатларини пуллаётган бу инсонларни кўриб, тўғриси, ачинасан.

    Яқинда интернетда ўқиб қолдим. Республика Хотин қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ мавзеидаги худди шундай аёллар билан учрашиб, улар билан ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб борганликлари хақидаги маълумотларни ўқиб қолган эдим. Республика Хотин-қизларининг “каттаси” қилган ишни, наҳотки, қуйи бўғинда ўтирган ходимлар бажара олмайди. Ахир, уларнинг ҳам низомий мақсадлари аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимояга олиш, аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишдан иборат эмасми? Ўзбекистон туманидаги ҳоким ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитасининг раиси М. Камолованинг фаолияти кун тартибида нима учун бундай аёллар билан шуғулланиш учун вақт ажратилмайди? Натижаси паст бўлган маза-бемаза тадбирлардан бўш вақт ажратиб ушбу ишлар билан шуғулланиш вақти етиб келмадимикан?

    Шу ўринда бош вазир ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раисига ҳам икки оғиз сўз. Ҳурматли Танзилла Норбоева. Яқинда сизнинг Фарғонага келганингизни эшитдим. Водийга ташрифингиз давомида айнан биз ҳикоя қилаётган туманда ҳам бўлгансиз. Табиийки, сизнинг ташриф буюрган барча жойларингиз олдиндан тайёрланган, барчаси сценарий бўйича бўлган. Бироқ сиз эътибор қаратишингиз мухим бўлган шундай муаммолар борки, бу муаммолар бугун сиз ва бизнинг аралашувимиз билан ҳал этилмаса, эртага кеч бўлади. Бугун у ерда меҳнатини пуллаётган аёллар фарзандини тарбиялашга кеч қолишади. Ота-онадан тарбия топмаган ёшларнинг эса эртасига ишонч йўқолади. Келинг! Фарғонага келинг. Ўзбекистон туманидаги Туманботир МФЙсидаги сой бўйига келинг. Келганингизда ҳам тумандаги ходимларингизни огоҳлантирмасдан келинг.

    Белгиланмаган, олдиндан тайёрланмаган жойларга келинг. Туманда аёллар билан боғлиқ ечимини кутиб турган бир қанча масалалар бор, шуларни ҳал қилинг. Бу ерда сизнинг сингилларингиз, қизларингиз ўз меҳнатларини хўр қиляпти. Уч-тўрт сўм пул топаман, деб оиладаги бурчини, аёллик вазифасини, фарзандлари таълим-тарбиясини унутиб қўйишяпти. Улар маслаҳатга, ёрдамга муҳтож. Сиздек инсонлар маслаҳатига муҳтож. Аминманки, агар сиз келсангиз, уларнинг барчаси сизни очиқ чеҳра билан кутиб олади. Сизнинг маслаҳатларингизни жон қулоғи билан эшитади. Айтганларингизга амал қилишади. Бу ишни асло ва асло туманда ўтирган ходимингизга (Ўзбекистон тумани Хотин қизлар қўмитаси раиси М. Камоловага) ташламанг. Чунки сизнинг юборган хатингиз уларнинг иш столида бир неча ҳафталаб қолиб кетиши мумкин. Чунки уларнинг бундай муаммоларга тоқати йўқ.
    Файзулло Султонов

    » » Аёлингни асра халқим ёки аёллар мардикор бозори ҳақида