21:50 / 16.08.2018
4 574

Коррупция билан қўлга тушган ИИБ ходими терговдан қочишга уринган

Коррупция билан қўлга тушган ИИБ ходими терговдан қочишга уринган
​Наманган туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи Ғолибжон Уринбаев 1000 АҚШ долларини пора сифатида беришини талаб қилганликда айбланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилишича, мазкур факт 26 июль кунидаги тезкор тадбир давомида ўз тасдиғини топган.

Таъкидланишича, тергов бўлинмаси бошлиғи Ғолибжон Уринбаев фуқаро Р.А. билан жиноий тил бириктириб, бўлинма катта терговчиси О.нинг иш юритувида бўлган М. бошқарувидаги «Кобалт» ва А. бошқарувидаги «Спарк» русумли автомашиналар ўртасида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича М.ни жиноий жавобгарликка тортмаслик ва «Кобалт» автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига унинг укаси Б.дан 1000 АҚШ долларини пора сифатида беришини талаб қилган.

31 июль куни Уринбаевга ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шунингдек, Бош прокуратура расмий вакили Наманган туман прокуратураси биносида баённома расмийлаштириш жараёнида Уринбаевнинг жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида, 1-қаватда жойлашган хона деразасидан тахминан 4 метр баландликдан ерга сакраб, мувозанатни йўқотиб, юз қисми билан йиқилгач, тан жароҳати билан шифохонага ётқизилганини маълум қилди. Буларнинг барчаси Департамент тезкор ходими М.нинг кузатуви остида юз берган.

Суд-тиббий экспертизанинг 27.07.2018 йилги хулосасида, Уринбаевда аниқланган жароҳатлар баландликдан йиқилиши оқибатида олиниши инкор этилмаслиги, соғлиғини бузилишига сабаб бўлган енгил тан жароҳатлар туркумига кириши кўрсатилган.

Ғолибжон Уринбаевни қочишга уриниб, йиқилганлиги ҳолати бўйича терговчи томонидан баённома тузилган, Уринбаевни қочишга уринганлигини унинг адвокати Р.Назаров ҳам кўрганлиги сабабли ушбу баённомани имзолаган.

Тергов даврида холислар В. ва Н. Уринбаевга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилмаганини, у дераза орқали қочмоқчи бўлиб, йиқилиб тушганини кўрсатишган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупция билан қўлга тушган ИИБ ходими терговдан қочишга уринган