11:33 / 15.10.2018
6 364

Ўзбекистон йўллари бўйида нималар сотилмоқда? (Фотосаёҳат)

Ўзбекистон йўллари бўйида нималар сотилмоқда? (Фотосаёҳат)
“Қовунни Сирдарёдан оламиз, асални Жиззахдан, картошкани эса Булунғурдан”.

Дейлик, Тошкентдан Самарқанд томон жўнаган оила рўзғор ёки совға учун ана шундай йўл-йўлакай бозор қилиш режасини тузиб олиши мумкин. Бинобарин, масофа қанча узоқ бўлса, маҳсулотлар ассортименти ҳам шунчалик кенгайиб бораверади.

Масалан, “М-39” (Тошкент — Термиз) халқаро автойўлининг Сирдарё вилояти ҳудудидаги қисмида қовун, анор, балиқ харид қилиш мумкин. Яна яқинда Мирзаобод туманида туя сути билан савдо қиладиган дўкон ҳам иш бошлади.

Сўнгра Жиззах довонида қурт ва асал сотадиган шаҳобчалар бор. Ғаллаоролнинг Заргар қишлоғида эса махсус токчаларга маржондек терилган асл Бахмал олмалари пешвоз чиқади.

Булунғурда машинанингиз юкхонасига картошка жойлаштиришингиз мумкин бўлса, Самарқанд шаҳрининг ҳар бир остонасида ўша машҳур куҳна кент нонлари эътиборингизни жалб этади.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ўзбекона гўжа ва айрон таклиф қилишади.

Қашқадарё томонларда эса йўл устида қадимий таом- тандир гўштдан татиб кўриш имконияти бор.

Зомин тоғларига чиқсангиз, албатта, қозон патир, эчки қурти ва шифобахш гиёҳлардан олмай қайтманг.

Ўша ҳудудга хос миллий кийим бошлар — чўгирма ва камзул (чакмон)лар Қорқалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманидан ўтувчи йўл четидаги бозорда сотилади.

Хоразм вилоятидаги Янгибозор — Гурлан йўналишида сотиладиган, шу ерларда ўсадиган қоратол новдаларидан тўқилган саватчалар ҳам ўтган-кетганларнинг севимли анжомига айланган.

Фарғона вилоятидаги Бағдод — Риштон йўлининг икки томонида тўрнақатор кулолчилик маҳсулотларига кўзингиз тушса, билингки, сиз ўша машҳур Риштон кулоллари истиқомат қиладиган ҳудуддан ўтиб бораяпсиз.

Фарғона — Қува оралиғида қадимий усулда тайёрланган анор ва ўз мавсумида бошқа жойда учрамайдиган шотут шарбатидан ҳам татиб кўринг. Боғ қилмоқчи бўлсангиз, излаб ўтиришга ҳожат йўқ: қуваликлар ўзлари етиштирган сархил мева тугувчи неки дарахт бор, барчасининг ниҳолини ана шу йўл устига олиб чиқишади.

Қўқон — Бувайда орасида ҳаракаланаётган бўлсангиз, Оққўрғон қишлоғида бир зум тўхтаб анжир еб кетинг.

Ҳатто, Бағдод йўлида яна бир рўзғор учун зарур анжом — супурги ҳам харид қилиш мумкин.

“Қўқон патир”ни эса “Ҳуқанди латиф”нинг довон сари юришдаги остонасидан олинг. Масалан, оғизда ёғдек эрийдиган ушбу неъмат яна керак бўлса, патир ўртасига қаранг, исми-ю телефон рақамигача ёзилган. Яъни халқона реклама, дейлик, энг машҳури бўлган “Акмал патир...”.

Ҳа, Ўзбекистон йўллари бўйларида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос “бренд”лари ўз аксини топган. Бу албатта, халқимизнинг яратувчилик салоҳияти юқорилиги ва она — заминимизнинг беқиёс саҳоватидан далолатдир. Айни чоғда, йўл бўйларидаги айрим бетартиб савдо ҳолатлари марказлаштирилган бозорлар ҳолига келтирилса, бу йўловчилар учун ҳам, сотувчилар учун ҳам бирдек қулай бўлар эди. Масалан, Сирдарё вилоятида сўнгги йилларда пайдо бўлган қовун бозорлари каби расталар қурилса, айни муддаодир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон йўллари бўйида нималар сотилмоқда? (Фотосаёҳат)