14:24 / 17.10.2018
2 396

Путин ташрифини 200 дан ортиқ журналист ёритади

Путин ташрифини 200 дан ортиқ журналист ёритади
Хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йил 18 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатимизга келади.

Давлат раҳбарлари мунтазамлик касб этган сиёсий мулоқотнинг давоми сифатида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ҳолати юзасидан фикр алмашадилар, стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қиладилар.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳамда ушбу давлат делегацияси ташрифини, шунингдек, ташриф доирасида ўтказиладиган тадбирларни маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тезкор ва кенг ёритишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Ўзэкспомарказ”ида Матбуот маркази ташкил этилди.

Журналистларнинг қулай фаолият юритишлари учун Матбуот марказида замонавий техник ускуналар, тезкор интернет алоқаси ҳамда бошқа зарур шароитлар яратилди.

Ушбу ташриф ҳамда унинг доирасидаги тадбирларни ёритиш учун Россия Федерациясидан 27 оммавий ахборот воситаси ўзининг 100га яқин журналист ҳамда техник ходимлари билан иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, 10 губернаторнинг Ахборот хизмати вакиллари қатнашиш истагини билдирган бўлса, мамлакатимизда доимий аккредитациядан ўтган 31 журналист ҳам бу жараёнларни ёритишда иштирок этади.

Бундан ташқари маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 150 га яқин вакиллари ҳам тадбирларни ёритишда бевосита қатнашади.

Маълумот учун айтиш керакки, ташриф кун тартибидан долзарб халқаро масалалар, жумладан, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига кўмаклашиш масалалари ҳам ўрин олган.

Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида илк бор Таълим форуми ва "Ўзбекистон –Россия" ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилади, шунингдек, мамлакатимизда атом электр станцияси қурилиши бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтади.

Олий даражадаги музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик дастури, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги келишув, “Суффа” халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” ва бошқа муҳим икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Ташриф асносида, шунингдек, Ўзбекистон билан Россия ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномаларининг имзоланиши кутилмоқда.

Матбуот маркази 2018 йил 17 октябрдан ўз фаолиятини бошлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)