21:21 / 17.10.2018
5 488

Энди ерлар босқичма-босқич хусусийлаштирилади

Энди ерлар босқичма-босқич хусусийлаштирилади
Ўзбекистонда ерларни сотиш босқичма-босқич бошланади. Хусусан, инвестиция муҳитини яхшилаш учун қишлоқ хўжалиги мақсадларида бўлмаган ерларни давлат мулкидан чиқариб ташлаш бошланади. Бу ҳақда Kun.uz нашри маълум қилди.

Адлия вазирлиги томонидан «Қишлоқ хўжалиги мақсадларида бўлмаган ер участкаларига хусусий мулк ҳуқуқини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳаси тайёрланди.

Ҳужжатда 2019 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагиларни белгилаш таклиф этилмоқда:

юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар – резидентлар ўзларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкаларини, шунингдек, уларга туташ ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;

Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар якка тартибда уй-жой қуриш ва турар-жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;

юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар – Ўзбекистон резидентлари, шунингдек, мамлакат фуқаролари ер участкалари билан биргаликда хусусийлаштириш тартибида давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олишлари мумкин.

Қишлоқ хўжалиги мақсадларида бўлмаган ер участкаларининг хусусийлаштирилиши республикада бизнес юритиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Лойиҳанинг мақсади ерларни фуқаролик айланмасига жалб қилиш, улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, инвестицион имкониятларни кенгайтириш ва ер қонунчилигини янада такомиллаштиришдир.

Ер участкасининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ер участкалари ва улар билан мустаҳкам боғланган объектлар бирлиги принципи белгиланади, унга биноан жойлашган ер участкаси мулкдорига тегишли бўлган бино ёки иншоотга мулкдорлик ҳуқуқи берилганда, бино ёки иншоот билан банд ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик ҳуқуқи бино ёки иншоотни сотиб олувчига ўтади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари асосида пуллик асосда амалга оширилади.

Лойиҳа билан аниқлаштирилишича, ер участкаларини хусусийлаштириш фақат бош режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳалари, шунингдек, кўчмас мулк кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган аҳоли пунктларида жойлашган ер участкаларига нисбатан амалга оширилади.

2021 йил 1 январгача ер участкаларини хусусийлаштириш учун тўлов, уларнинг жойлашган жойи, коммуникациялар ва бошқа шароитлар мавжудлигига қараб аниқланувчи кадастр баҳоланиши бўйича, 2021 йил 1 январдан кейин бозор қиймати бўйича амалга оширилади.

Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, 1 млрд сўмгача айланма (даромад)га эга юридик шахслар учун ер солиғи жорий этилади.

Жисмоний ва юридик шахсларни ер участкаларини хусусийлаштиришга рағбатлантириш, шунингдек, ер участкасининг эгаси ва фойдаланувчиси мақомини аниқ белгилаш учун ер участкалари мулкдорларига белгиланган ер солиғи ставкасини 1/2 қисмга камайтириш таклиф этилди.

Бундан ташқари, ер умуммиллий бойлик ҳисобланиши ҳисобга олиниб, лойиҳа билан хорижий фуқаролар ва юридик шахсларга ер участкаларини сотиб олишда чекловлар белгилаш назарда тутилади. Шунингдек, қарор билан хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари белгиланади.

Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши республикага хорижий инвестициялар учун янада жозибадор бўлиш ва иқтисодиётга ички инвестицияларни сафарбар этиш, эскирган ер қонунчилиги нормаларини бартараф этиш, шунингдек, ерларни фуқаролик айланмасига жалб қилишга ёрдам беради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди ерлар босқичма-босқич хусусийлаштирилади