
Россия президенти Владимир Путин 18 октябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига етиб келди. Бу ҳақда Turon24 нашри хабар берди.
Ўзбекистон ва Россия давлат раҳбарлари ўзаро кўп қиррали ҳамкорлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, манфаатли алоқаларни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилишади.
Ташриф кун тартибидан долзарб халқаро масалалар, жумладан, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига кўмаклашиш масалалари ҳам ўрин олган.
Ташриф доирасида илк бор Таълим форуми ва “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми, шунингдек, атом электр станцияси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим ҳам ўтказилади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик дастури, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги келишув, "Суффа" халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси" ва бошқа муҳим икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.
Ташриф давомида, шунингдек, Ўзбекистон билан Россия ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар