09:15 / 23.10.2018
3 391

Бир ҳафтада саккиз ҳоким ишдан бўшади

Бир ҳафтада саккиз ҳоким ишдан бўшади
14 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳудудларда пахта йиғим-терими масалалари бўйича селектор йиғилиши ўтказган эди. Унда ҳукумат раҳбари фаолиятидаги камчиликлар сабабли ҳудудлардаги бир қатор раҳбарларни танқид қилиб, 10 нафар ҳокимга ишдан бўшаш тўғрисида тақдимнома киритишни топширган эди, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси. Йиғилишда бош прокурор Отабек Муродов ҳамда президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этди

Йиғилиш бўлиб ўтганидан бир ҳафта ичида саккиз нафар туман ва шаҳар ҳокими ишдан бўшатилди. Жумладан, Фарғона ҳокими Шавкат Эркабоев ва Фарғона тумани ҳокими Содиқжон Имомалиев лавозимидан четлатилди.

2017 йил сентябридан Хоразм вилояти Урганч тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Отабек Бекчонов вазифасидан озод қилинди. Унинг ўрнига ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари котиблиги мудири Фрунзе Илҳомович Шарипов вақтича бажарувчи этиб тайинланди.

Сирдарё вилояти Гулистон туманига 2012 йилдан буён «Ўзагрокимёҳимоя» компаниясининг Сирдарё вилояти бўйича раҳбари бўлиб ишлаб келаётган Шавкат Алибекович Ғафуров Абдумавлон Ибодуллаев ўрнига тайинланди.

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрига Ҳакимжон Абдулазизов ўрнига бунга қадар «Марказгазтаъминот» унитар корхонаси Самарқанд бўлими директори, унгача — «Ўзтрансгаз» раҳбари бўлиб ишлаган Шукурулла Насимхонов Маҳмудов ҳоким бўлди.

Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов пахта терими бўйича режадан ортда қолинаётгани учун оғзаки ҳайфсан олди.

Андижон вилояти Олтинкўл туманига аввал Давлат техник меҳнат инспекцияси вилоят бўлимини бошқарган Назиржон Алиевич Ўринбоев ҳоким этиб тайинланди. 2016 йил декабридан буён туманга Бахтимурод Каримов бошчилик қилиб келаётган эди.

Абурашид Юлдашев Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳокими лавозимини тарк этди. Ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Жалолитдин Жамолович Оқбоев ҳоким вазифасини вақтинча бошқарувчи бўлди.

Шаҳрисабз туманини 2017 йил июнидан бошқариб келаётган Холбобо Бозоров ҳам лавозимидан четлатилди. Қашқадарё вилояти Иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Исроил Иброҳимович Омонов янги ҳоким бўлди, дея хабар қилди вилоят ҳокимияти матбуот хизмати «Газета.uz"га.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Бир ҳафтада саккиз ҳоким ишдан бўшади