date
views 3 080

Мактабгача таълим вазирлиги фуқароларга нега очиқ хат йўллади?

Мактабгача таълим вазирлиги фуқароларга нега очиқ хат йўллади?
Мактабгача таълим вазирлиги фуқаролардан манипуляцияларга берилмасликни ва ҳар қандай манбани таҳлил қилишда холис бўлишни сўраб очиқ хат йўллади.

«Очиқ хат Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) сўз эркинлигини қўллаб-қувватлайди ва оммавий ахборот воситаларининг атрофдаги воқеаларга нисбатан қарашлари ва нуқтаи назарларини ҳурмат қилади», деган сўзлар билан бошланади деб ёзади Turon24.uz.

Вазирлик ўз хатида журналистлар ўқувчиларнинг тасдиқланмаган далиллар билан чалғишига йўл қўймаётганлиги ташкилотни мамнун қилганини билдирган. «Жумладан, яқинда 433-сонли МТМда содир бўлган овқатдан заҳарланиш ҳолатига нисбатан ОАВлар холислик билан ёндашиб, МТВнинг ўзидан ишончли маълумотни олдилар», дейилади хабарда.

Шунингдек, ташкилот Вазирлик аудиторларининг доимий равишда таҳдидлар ва ўзга кимсаларнинг уларга пора беришга уринишлар билан боғлиқ вазиятларга дуч келаётганини билдирган.

“Биз амалга оширилаётган ислоҳотларга хуфиёна қаршилик билдираётган инсонлар аҳоли ўртасида ваҳимани келтириб чиқариш учун оммавий ахборот воситалари ва интернет ҳамжамиятини ишга солиши мумкинлигини истисно қилмаймиз. Айнан шу сабабли, биз ҳамон ишончсиз маълумотларнинг чоп этилиши ҳолатларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Масалан, баъзи ресурслар №433 мактабгача таълим муассасасида овқатдан заҳарланиш натижасида зарар кўрган болалар сонини 2 баробарга кўпайтириб, хабар тарқатган.

Бундан ташқари, баъзи сайтларда 136-МТМда 22 нафар бола заҳарланганлиги ҳақидаги қалбаки хабарлар тарқатилди. Заҳарланиш фактининг йўқлиги МТВ мутахассислари ва Давлат санитария-эпидемиология назорати Республика марказининг (СЭС) текширувларига оид хулосаси билан тасдиқланади. Бу каби ёндашув журналистиканинг ахлоқий тамойилларига зид келади ва касб эгаларини обрўсизлантиради.

Мактабгача таълим вазирлиги ҳар бир янгиликка нисбатан тезкор, аниқ ва тўғри жавоб беришга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, МТВ ўз ходимлари орасида тушунтириш ишларини узлуксиз тарзда олиб бормоқда, уларни провокацион ҳолатларга илинмай, ҳар қандай вазиятда тинчликни сақлашга чақиради. Бундан ташқари, вазирлик МТМ мудираларининг ҳис-туйғуларга берилиб, оммавий ахборот воситалари таҳририятларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳолларига чек қўйиш устида жиддий иш олиб боради. Бироқ шу билан бирга, МТВ ўз касбига содиқ бўлган ходимлари обрўсини ҳимоя қилишда давом этади ва уларнинг туҳматга қолишларига йўл қўймайди.

Биз ушбу очиқ хатимиз орқали жамиятда машҳурлик кетидан чопган ресурлар мавжудлиги ва эҳтиёткорлик билан тарғиб қилиниши лозим бўлган мавзулар борлигини яна бир бор эслатишни лозим топдик. Фарзандларимиз саломатлиги эса ана шу нозик мавзулардан биридир.

Биз коррупция ва нопок мақсадларни кўзловчи ҳолатларга фақат очиқлик ва ошкоралик йўли билангина чек қўйилишига ишонамиз.

Ҳар биримиз ҳақиқатни ёлғондан ажрата олишни билишимиз керак. Сиздан манипуляцияларга берилмасликни ва ҳар қандай манба чоп этган хабар билан танишиш жараёнида ундаги фактларнинг асл келиб чиқишини, шунингдек, уларни таҳлил қилишда холис бўлишингизни сўраб қоламиз”, дейилади Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг фуқароларга йўллаган очиқ хатида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мактабгача таълим вазирлиги фуқароларга нега очиқ хат йўллади?