12:51 / 09.11.2018
2 836

52 ўзбекистонлик ўлимида айбланган қозоғистонлик ҳайдовчилар 5 йилга қамалди

52 ўзбекистонлик ўлимида айбланган қозоғистонлик ҳайдовчилар 5 йилга қамалди
Қозоғистоннинг Ақтўбе областида Жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослаштирилган судда Ақтўбедаги йўлда 52 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган автобус ҳайдовчиларига ҳукм ўқилди. Вилоят суди матбуот хизмати хабарига кўра, жами 5 айбланувчига жазо тайинланган.

«Автобус ҳайдовчилари Б.Танатов, Н.Қирғизбоев ва М.Пернебековга суд 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Улар кейинги 7 йил мобайнида йўловчи ташиш хизмати соҳасида ишлай олишмайди», дея хабар берган «Интерфакс» агентлиги.

«Азия транзит сервис» (автобусга эгалик қилган компания) механиги Б.Пердебаев ҳамда компания директори Н.Тлепбаев эса 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Улар суд залида қамоққа олинган.

Бундан ташқари, судланувчилар ҳалок бўлган 52 ўзбекистонлик учун уларнинг оила аъзоларига 2 миллион тенге миқдорида (371,08 доллар) товон пули тўлашади.

2018 йилнинг 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, Самара-Чимкент трассаси 1068-километрида ҳайдовчилар билан бирга жами 57 киши бўлган автобус ёниб кетганди. Бу фожиа оқибатида Ўзбекистоннинг Россияга кетаётган 52 нафар фуқароси ҳалок бўлган. Фожиадан 5 киши омон қолган, уларнинг 3 нафари қозоғистонлик ҳайдовчилар ва 2 нафари Ўзбекистон фуқаролари. Автобуснинг ёниб кетишига расмий сабаб - техник носозлик ва хавфсизлик техникасига риоя қилмаслик.

Фото: Вnews.kz

Судланувчиларга хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараш, носоз автотранспортни эксплуатация қилиш оқибатида икки ва ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби айбловлар илгари сурилганди.

Тергов давомида аниқланишича, ҳар икки йилда техник кўрикдан ўтиши шарт бўлган автобус охирги марта 2015 йилда бундай кўрикдан ўтказилган. Ҳайдовчилардан бири ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилган бўлса-да, автобусни бошқарган. Автомеханик Баҳодир Пердебаев эса носоз автобуснинг хизмат кўрсатишига рухсат берган. Автобус ана шундай қатор камчиликлар билан Сариоғочдан Қозон шаҳрига йўл олган.

Уч ҳайдовчи солярка музлаб қолгунига қадар навбат билан автобусни бошқариб борган.

Ҳайдовчи Нуржон Қирғизбоев йўловчилар исиниши учун кавшарлаш лампасини салонга олиб кирган ва яна бир ҳайдовчи Барот Танатов билан бирга ташқарига чиқиб кетган.

Автобусга қайтганларида йўловчилардан бирининг шими ёнаётганини кўришган. Йўловчи ташқарига отилиб чиқиб қорда кийимини ўчирмоқчи бўлган. Бу пайтда автобус портловчи газлар билан тўлиб қолганди. Портлашдан бир неча сония олдин йўловчилардан бири ва ҳайдовчи Мақсад Пернебеков салондан чиқишга муваффақ бўлган, лекин уларнинг оёқ-қўллари куйган.

Кейин портлаш содир бўлган ва иккинчи қаватдаги 52 йўловчининг барчаси тириклай ёниб кетган.

Мазкур фожиа бўйича суд мажлиси 3 сентябрда бошланган, унда марҳумларнинг яқинлари уларнинг ҳалок бўлганига ишонмасликларини айтганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 52 ўзбекистонлик ўлимида айбланган қозоғистонлик ҳайдовчилар 5 йилга қамалди