11:38 / 16.11.2018
4 398

Қашқадарёда йилига 15300 тонна сут қайта ишланади

Қашқадарёда йилига 15300 тонна сут қайта ишланади
Фото: Turon24
Қашқадарё вилоятида 1587 та наслли қорамол боқиш, йилига 15300 тонна сутни қайта ишлаш ва омихта ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда 14 ноябрь куни Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Чорвачиликни ривожлантириш халқаро форумида маълум қилинди.

“2018 йилнинг 1 октябригача вилоятдаги қорамоллар сони 1 млн 520 мингтага, қўй ва эчкилар 4 млн 448 минг 800 тага етди, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси чорвачилик бўлими бошлиғи Байрамали Муродуллаев. – 2017 йил билан солиштирганда барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар сони 3,6 фоиз, қўй ва эчкилар сони эса 0,3 фоиз кўпайган”.

Бугунги кунда Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт ассоциациясининг кредитлари эвазига қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга кредит берилмоқда. Мазкур жараёнга “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳаси асос қилиб олинган.

“Халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги ушбу лойиҳалар 2017-2022 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган бўлиб, ҳозир кўплаб тадбиркорлик субъектлари бу имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, – дейди Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги лойиҳа раҳбари Шуҳрат Тошев. – Ўтган давр мобайнида Чироқчидаги “Ҳайитқул қаймоқ-сут” МЧЖ, Қарши туманидаги “Бахт”, Косондаги “Истиқлол”, Миришкордаги “Авазкўл чорвадори”, Шаҳрисабздаги “Ғайрат насл чорва”, Китобдаги “Дўстбой чорва” фермер хўжаликлари мазкур кредит имтиёзларидан тўлақонли фойдаланмоқда”.

Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси иштирокидаги “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида чорва маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантиришга қаратилган. Лойиҳа доирасидаги кредит маблағларини 5 йилгача муддатга, 1 йиллик имтиёзли давр билан олиш мумкин. У қорамол боқиш, сутни қайта ишлаш, ветеринария хизмати ва шу каби фаолиятни амалга ошириш учун берилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда йилига 15300 тонна сут қайта ишланади