17:55 / 22.11.2018
4 573

Нодавлат ОАВ: муҳокамалар ва эътибор марказида

Нодавлат ОАВ: муҳокамалар ва эътибор марказида
Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари


Пойтахтимизда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистон нодавлат оммавий ахборот воситалари: ривожланиш босқичлари ва келажак истиқболлари” мавзуида халқаро конференция, Ёшлар медиа-форуми, “Озод юрт тўлқинлари” XI анъанавий медиа-фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

ЎзЭОАВМА ташкил этилганининг 15 йиллигига бағишланган халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари ҳамда ЎзЭОАВМАга аъзо нодавлат телерадиостанциялар ходимлари қатнашди.

Конференцияда юртимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари дадил қадамлар ташланаётгани таъкидланди. Нодавлат оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, эркин ва самарали фаолият юритиши ва ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари, шунингдек, уларнинг демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қурилишидаги роли муҳокама қилинди. Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар, истиқболдаги вазифалар ҳамда соҳага доир халқаро тажриба бўйича маърузалар тингланди.

Ёшлар медиа-форумида ЎзЭОАВМА ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамкорлиги натижалари, 2019 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилади.

“Озод юрт тўлқинлари” XI анъанавий медиа-фестивали “Келажак — бугундан бошланади” шиори остида ташкил этилди. Ёшлар замонавий услубда янгича кўринишдаги чиқишлари билан иштирок этди. Фестивалда миллий журналистика ривожига муносиб ҳисса қўшаётган нодавлат телерадиоузатувчиларнинг энг яхши ижодий ва техник ходимлари “Инновацион ёндашув учун”, “Оилавий қадриятлар доим трендда”, “Тезкор, аниқ ва батафсил”, “Марказда ёшлар”, “Ҳудудда етакчи”, “ЎзЭОАВМАнинг энг яхши медиа лойиҳалари” номинациялари бўйича такдирланди. Шунингдек, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини ёритишда фаол ҳамкорлиги учун”, “Нодавлат телерадиоузатувчилар ривожига қўшаётган ҳиссаси учун”, “ЎзЭОАВМА билан ишончли ва узоқ йиллик ҳамкорлиги учун”, “Болалар ва ёшлар йўналишидаги фаол ҳамкорлик учун”, “ЎзЭОАВМА билан самарали ижтимоий шериклик учун” номинациялари бўйича эса ҳамкор ташкилотлар аниқланди.

Ғолибларга “Озод юрт тўлқинлари” статуэткаси, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Дилшод КАРИМОВ

Манба: "Халқ сўзи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нодавлат ОАВ: муҳокамалар ва эътибор марказида