11:12 / 24.12.2018
5 805

Маддоҳлар йўқолар, маддоҳлик тугaмайди!

Маддоҳлар йўқолар, маддоҳлик тугaмайди!
Шавкат Мирзиёевнинг Конституция кунида журналистларга танқидий мақола ва кўрсатувларни кучайтириш тўғрисидаги сўзлари “Муносабат” кўрсатувида муҳокама қилинди ва анча фикр-мулоҳазалар айтилди. Танқидий фикрларни кучайтириш, хато-камчиликларни тўғрилаш тўғрисида кўп танқидий фикрлар билдирилди. Мен анчадан буён бундай танқидий фикрларни эшитмаган эдим. Бу фикрлар жуда кўпларга ёқмаслиги аниқ.

Доимо атрофига беш-ўнта маддоҳларни тўплаб, фақат уларнинг сўзлари ва мақтовларига суяниб иш кўрадиганлар, ўйлаб иш қилишларига тўғри келади. Дўст ачитиб айтади, душман кулдириб, деган мақол бежизга айтилмаган. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг ойнаси”, деб айтганлар. Мўмин хатойимизни айтса, демак бизнинг ойнамиздир. Кийимларимизни ойнага қараб тўғрилаймиз, юзларимизни ойнада кўрамиз. Биз бандамиз, ўз айбимизни ҳамма вақт ҳам кўрмаймиз. Хатоларимизни тўғри деб мушоҳада қиламиз. Аслида шундайми?

Ҳаммамиз хато қиламиз, гуноҳларга йўл қўямиз. Хато ва гуноҳларимизни айтган одамни ёмон кўрамиз. Чунки бизнинг қон-қонимизга маддоҳлик ва ёлғон сингиб кетди. Ёлғон билан иш битирамиз. Қилаётган ишимизнинг хатолигини билиб туриб, Аллоҳ кечиради, деб гуноҳ қилаверамиз. Шуни эсдан чиқармангки, Аллоҳ кечиради, кечиради аммо кеч уради. У ургач тузалмаймиз. Шу боис хатойимизни тўғрилаш йўлига ўтиб, ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак. Хатойимизни гапиргандан маслаҳат олишимиз, мақсадини билиб, шунга кўра иш қилишимиз керак. Ҳар бир раҳбарни халқ суйсин. Халқ суйса, Ҳақ суяди. Иллатлар синдирмасдан бурун, ўзимизни ислоҳ қилайлик.

Бир маддоҳ, лаганбардор бор экан. Раҳбари билан овга чиқибди. Ширакайф раҳбарнинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрган лаганбардор, хўжайинини турли гап-сўзлар билан кўнглини овлаб борар экан, йўлдан қуён чиқиб қолибди. Раҳбар қуёнга қарата ўқ узибди. Ўқ хато кетибди. Шунда раҳбар лаганбардорга қараган экан. “Хўжайин қойилман! Ҳақиқий мерган экансиз. Аммо ўлган қуённинг қочишини биринчи кўришим!”, деб елкасини қисиб, тиржайиб турган эмиш.

Биз мана шунақаларни ёқтирамиз. Озгина хатойимизни гапирганни азалий душман деб биламиз. Чунки биз ўзимизни хато қилмайдиган инсонман деб, фахрланишга ўрганиб қолдик. Бизни кибр, манманлик ва шуҳратпарастлик иллати қамраб олди. Аслида ҳар биримиз мен нима хато қилдим? Сўзим, ишим ва хулқимда нима камчилик бор, деб сўрашни ўрганишимиз керак. Бунинг ўрнига мен олийжаноб инсон бўлсам, мен хато қилишим мумкин эмас, деган ғояга суяниб қолдик.

Албатта тарих бизнинг ойнамиздир. Ўтган баъзи подшоҳ ва амалдорлар дўст билан душманни ажратолмасдан, маддоҳларнинг гапига ишониб, халқни эзиб, борини тортиб олиб, солиқларни оширавергач, халқ уларга қарши бўлиб, душманга ватан дарвозаларини очиб берганига гувоҳмиз. Ҳатто Бухорийдек алломаи замонни ғийбатчи, мансабпарастлар ҳокимга ёмонлайвериб-ёмонлайвериб, ҳокимни ишонтириб юртидан мосуво қилди.

Зеро бир инсонни ёмонлайверсак-ёмонлайверсак ҳар қандай одам ишонади. Бобурмирзо ҳам қизилбош шиаларга суяниб катта хатога йўл қўйди. Охири улардан қочиб, Ҳиндистондан паноҳ топди. Уни тойдирган, ёшлигидан фойдаланиб қолган, мол-у мансаб илинжида бўлган маслаҳатчи ва амалдорлар эди. Улар бугун қани? Уларнинг қурган уй ва саройлари қаерда қолди? Ҳаммаси ер билан битта бўлди. Ўзлари ёв қўлида ҳалок бўлишди.

Ҳусайн Бойқарони сарой амалдорлари Навоийга қарши тезлашиб нималар қилишмади? Ўртада дўстлик риштаси узилди. Маддоҳлар келажакда энг буюк бўладиган болани ўлдиришди. Ҳусайнни хорлашди. Бу тарих. Бизга катта ибрат бўлиши ва аждодлар хатосини қайтармаслик учун оддий инсонга танқид қилишга имкон керак. Уларни душман эмас, дўст деб қабул қилиш керак. Шунда барча амалдорлар бахтли ва тинч ҳаёт кечирадилар. Муҳтож, ғариб, талаба ва уламоларга кўмак берсак керак бўлса, ватан учун, амалдорлар учун жонларини фидо қиладилар.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маддоҳлар йўқолар, маддоҳлик тугaмайди!