Ўктам Барноев: "Бухорода 2 йилдирки таниш-билишчиликка чек қўйилди"

  • 08 январь 2019, 07:20
  • 1 350
  • Жамият
  • Ўктам Барноев: "Бухорода 2 йилдирки таниш-билишчиликка чек қўйилди"
    Айрим раҳбарлар лавозимидан фойдаланиб қариндош-уруғ, таниш-билишларини халқ тили билан айтганда “ёғлироқ” жойларга жойлаштириб қўйиш пайида бўладилар. Бу ҳолатга чек қўйиш учун нималар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?

    ЎзАнинг ушбу саволига Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев жавоб берди:

    – Мамлакатимизда, жумладан вилоятимизда юртбошимиз раҳбарликларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар давлат бошқаруви тизимидаги раҳбарлик лавозимларини янгича фикрлайдиган, ташаббускор, юқори малакали, билимли ва эл-юртга садоқатли кадрлар билан мустаҳкамлашни тақозо этмоқда.

    Олдинги даврда айрим раҳбарлар томонидан лавозимидан фойдаланиб қариндош-уруғ, таниш-билишларини, халқ тили билан айтганда “ёғлироқ” жойларга жойлаштириш ҳолатларига йўл қўйилган эди. Аммо, мана 2 йилдирки Бухоро вилоятида бундай ҳолатларга чек қўйилди. Чунки, бошқарув лавозимларида ишлаётган кадрларга нисбатан талаб кучайди ва улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг кўлами ҳам кенгайди. Раҳбарлик лавозимига бугунги кун талаблари даражасида ишлай оладиган кадрни қўймаса, у лавозим вазифаларини уддалай олмайди.

    Халқимиз раҳбарлардан эртага эмас, балки бугунги кунда натижа кутаётганлигини назарда тутиб, уларга амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштироки, фидойилиги ва ташкилотчилиги, беркитилган иш участкасидаги фаолиятининг натижадорлигига ва халқни рози қилаётганлигига қараб баҳо бериш тизими шакллантирилди.

    Масъулиятни ўз зиммасига олиб, халқ манфаати йўлида мустақил қарор қабул қилаётган, ташаббускорлик кўрсатиб натижага эришаётган раҳбар кадрлар қўллаб-қувватланмоқда ва рағбатлантирилмоқда.

    Шу билан биргаликда зиммасига юклатилган вазифаларни мамлакат раҳбарияти томонидан қўйилаётган янги талаблар даражасида уддалай олмаётган раҳбарлар эгаллаб турган лавозимидан озод қилинмоқда. Жорий йил давомида хизмат вазифасини юқоридаги талабларга мувофиқ бажаролмаётган вилоят, туман ва шаҳар даражасидаги кўплаб раҳбар кадрлар алмаштирилди.

    Эндиликда раҳбар кадрларнинг халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериб бориш тизими жорий этилганлиги, судьяликка номзодларнинг тайинлашдан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши, юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаларида белгиланганидек, бундан кейин маҳаллий давлат бошқаруви тизимидаги раҳбарлик лавозимларига тавсия этилаётган номзодларнинг тегишли халқ депутатлари Кенгашларида соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилгандан кейин лавозимга тайинланиши амалиёти жорий этилиши қариндош-уруғчиликка ва таниш-билишчиликка батамом чек қўяди деб ўйлайман.

    Шу ўринда мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев томонларидан давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш жараёнида ҳар томонлама етук, ахборот-коммуникация технологияларини пухта ўзлаштирган, фавқулодда шароитларда тўғри қарор қабул қила оладиган, шунингдек ўзининг бурчи ва мажбуриятини аниқ-равшан англаган ҳолда “ўз аравасини ўзи тортадиган” ҳамда бугунги кун талабларига тўла жавоб бера оладиган, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтиш зарур. Бу борада Президентимизнинг 2018 йилда қабул қилинган “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга.

    Мазкур ҳужжатга мувофиқ, истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш мақсадида ҳар 3 йилда истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови ўтказилмоқда. Ушбу тадбирда вилоятимиздан кўплаб кадрлар иштирок этди. Уларда сараланган кадрлар бизда у ёки бу лавозимга тайинлашда таниш билишчиликка ҳожат қолдирмайди ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

    Давлатимиз раҳбари 2018 йил 18 декабрь куни замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилишда бу масалага алоҳида тўхталиб, “Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан бизга қайси соҳа учун қандай мутахассис керак бўлади? Шуни ҳозирдан чуқур ўйлашимиз, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбиялашимиз керак. Бу масала бизнинг келажагимиз, бизнинг эртанги кунимиз” дея ҳаётий ҳақиқатни айтдилар.

    Маълумки, 2018 йил 25 сентябрдаги Президент Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилган эди.

    Жамғарма олдига ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни докторантура ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, турли соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил этиш, хориждаги ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни мамлакатимизда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга жалб қилиш, чет элдаги университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликда юқори малакали кадрларни тайёрлашга кўмак бериш вазифалари қўйилган.

    Албатта, бу саъй-ҳаракатлар жамиятни маънавий янгилаш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги интилишларни юқори поғонага олиб чиқишда муҳим ўрин тутади.

    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бизга бугунги кунда Президентимиз таъкидлаганларидек, “танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарликни кундалик фаолиятининг асосий қоидасига айлантирган раҳбар кадрлар керак.

    » » Ўктам Барноев: "Бухорода 2 йилдирки таниш-билишчиликка чек қўйилди"