16:53 / 13.01.2019
7 590

Лордга турмушга чиққан Гули Шайх хоним: «Менга ўринсиз айбловлар ёғдиришмоқда»

Лордга турмушга чиққан Гули Шайх хоним: «Менга ўринсиз айбловлар ёғдиришмоқда»
Яқинда ижтимоий тармоқларда 33 ёшли ўзбек қизи Гули Муродова ўзидан 44 ёш катта бўлган англиялик 77 ёшли лорд, мультимиллионер Муҳаммад Шайх билан оила қургани ҳақида хабарлар тарқалди.

Кўпчиликни ҳайратга солган бу хабар кўп муҳокама қилинди ва турли эътирозларни келтириб чиқарди. Хўш, бу янгилик нечоғли ҳақиқат, унда келтирилган фактлар қанчалик тўғри? Умуман, бундай турмушдан мақсад нима, деган савол кўпчиликни бир хилда ўйлантирди. Kun.uz нашри Гули Муродовани суҳбатга чорлади. Ўзбекистон ва Британия алоқаларини оила ришталари билан боғлаган Гули Шайх хоним интернетда берилган маълумотларга ойдинлик киритди.

— Гули Шайх хоним, тўйларингиз бўлганига бир ойдан ошди. Шайхнинг жуфти ҳалоли бўлиш оғирлик қилмаяптими?
— 2018 йилнинг ноябрида Лондоннинг Ламбет Кенгашида никоҳимизнинг расмий маросими бўлиб ўтди. Кўплаб меҳмонлар ташриф буюришди. Муҳаммад Шайх билан аслида 2015 йилда шаърий никоҳдан ўтганмиз. Яъни, унинг жуфти ҳалоли бўлганимга уч йилдан ошди. Муҳаммад Шайх жаноблари табиатан кўнгли тоза, ҳаётга катта қизиқиш билан қарайдиган, тушунадиган, оғир-босиқ ва жуда меҳрибон инсон. Турмуш ўртоғимнинг ана шундай пок қалбини ёқтирганман...

— Ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг. Қандай қилиб Лондон томонларга бориб қолгансиз? Британия лорди билан қандай тарзда танишгансиз?
— Мен Самарқандда туғилиб, вояга етганман. Самарқанд тиббиёт коллежини тугатганман. Икки йилча Самарқанднинг Республика тез тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонасида ҳамшира бўлиб ишладим. Англияга ўқишни давом эттириш мақсадида келганман. Лондонда университетга ўқишга кириб, менежмент бошқаруви йўналишида бакалавр даражасини муваффақиятли тугатдим. Кейинчалик ўқишни давом этирган ҳолда молия йўналишида ўқидим. Ўқиш пайти ярим ставкага Бельгия компаниясига менежер бўлиб ишга кирдим. Компания бельгияча эксклюзив шоколадлар сотиш билан шуғулланар эди. Шу ерда шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, мен ҳеч қачон Лондонда официант бўлиб ишламаганман. Хуллас, Муҳаммад Шайх жаноблари тез-тез шоколад дўконимизга кириб турар, ўзи ва ҳамкасблари учун ширинликлар олишни яхши кўрар эди. Ўша ерда танишиб қолганмиз.

Бизнинг бой тарихимиз, бутун дунёни ўз кашфиётлари ва салоҳияти билан забт этган Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий каби буюк шахслар ҳақидаги суҳбатимиз тугамасди. Вақт ўтиши билан бизнинг ўртамиздаги муносабатлар дўстликдан янада кучлироқ босқичга ўта бошлади. Аммо, анча вақтгача Муҳаммад Шайх Британия Парламенти лорди эканлигини билмаганман. Умуман, лорд жаноблари бирор марта амали, иши ва бизнеси ҳақида гапирмаган.

— Сизга оғир ботса-да, аммо барча сизни 25 йиллик оилани бузганликда айбламоқда. Ўзидан қарийб 45 ёш катта инсон билан оила қуришнинг мақсади нима деган саволларни ёғдириб ташлашмоқда. Бунга қандай изоҳ берасиз?
— Менга ўринсиз айбловлар қўйилмоқда. Сабаби, бўлажак турмуш ўртоғим билан танишганимда у киши аллақачон олдинги хотини билан шаърий ажрашган эди. Бироздан сўнг уларнинг никоҳи қонунан ҳам бекор қилинди. Шунинг учун, уларнинг ажралишига ҳеч қандай алоқам бўлмаган. Уларнинг ўртасидаги ҳар қандай муносабат менгача содир бўлган.

— Ота-онангиз сизнинг танловингизга қандай қарашди?
— Муҳаммад Шайх менинг қўлимни сўраб, Самарқандга келганида ота-онамнинг розилигини олди. Улар бизга оқ фотиҳа беришди. Шундан сўнг биз никоҳ ўқитдик. Никоҳни Лондоннинг шимолий масжиди бош имоми бир неча инсонлар гувоҳлигида ўқиди ва бизга никоҳимизни тасдиқловчи сертификат берди. Кейинчалик никоҳимиз Англиянинг нуфузли масжиди ҳисобланмиш «Рижент Парк» бош директори томонидан ратификация жараёнига топширилди. Яъни, никоҳни юридик тасдиқлашга берилди.

— Яқинда ҳаж сафарига бориб келганингиздан хабаримиз бор...
— Никоҳдан ўтгач, иккимиз биргалашиб ҳаж сафарига боргандик. Аммо, яқинда яна бир бор Аллоҳнинг уйини кўриш насиб этди. Иккинчи марта бизни Саудия Арабистони подшоҳи ҳаж зиёратига таклиф қилди.

— Муҳаммад Шайх жанобларининг олдинги никоҳдаги фарзандлари сизларнинг муносабатингизга қандай қарашди?
— Шайх жанобларининг бир қизи бор. Биз яқин дугонамиз. Аъло даражада қабул қилди. Муносабатларимиз жуда ҳам яхши...

— Ўзбекистон ва Англиядаги дўстларингиз қандай фикр билдиришди?
— Ўзбекистон ва Англияда мени доим қўллаб-қувватлайдиган дўстларим жуда кўп. Болаликда бирга ўсган тендошларим, синфдош, курсдошлар, собиқ ҳамкасбларим, қариндош-уруғим — барча менинг танловимни хурсандчилик билан қабул қилди. Бу ерда ҳам жуда кўплаб турли миллатдан дўстлар орттирганман. Улар ҳам мени қўллашди. Дўстларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

— Гули Шайх хоним, ўрталарингиздаги фарқ анча катта. Сиз ёшсиз…
— Дарҳақиқат, Шайх жаноблари 77 ёшда. Умри зиёда бўлсин. У киши Британия парламенти ҳаёти ва бизнесда жуда фаол. Турмуш ўртоғим соғлом, куч-қувватга тўла, доим позитив фикрлайдиган инсон. Бу инсоннинг ғайратига айрим ёшлар ҳавас қилса арзийди. Кунига, керак бўлса, 14–16 соатлаб ишлашни севади. Шу пайтгача зерикишга вақтимиз бўлгани йўқ...

— Миш-мишларга қараганда, Муҳаммад Шайх жанобларининг яна бошқа шаърий никоҳлари бор экан. Кундошингиз борми? Ҳарҳолда, исломда кўпхотинликка тақиқ йўқ…
— Одамлар ортиқча гап-сўзлар тарқатишмоқда. Буюк Британия қонунчилигида биттадан ортиқ хотин олишга рухсат берилмайди (кулиб). Ҳозирча мен ягона рафиқасиман.

— Ҳозир нима ишлар билан бандсиз. Келажакдаги режаларингиз қандай?
— Турмуш ўртоғим билан биргаликда «Silk Road Global» компаниясини ташкил қилдик. Мен юртимизнинг ҳунармандчилик ва қўл иши меҳнати билан яратилган асарларини харид қилдим. Уларни интернет орқали сотишни йўлга қўйиш устида ишлаяпман. Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш соҳасида ишлаш режамда бор. Ўзбекистонга қўлимдан келганча инвестиция киритиш ҳаракатидаман. Юртимизга бир неча бор қўлдан келганча, хайр-саховат ва эҳсон қилиш, ёрдамга муҳтожларга ёрдам беришни ташкил қилдим. Сабаби туғилиб ўсган ватанимга меҳрим баланд.

Яна, суратлар чизаман. Мойли бўёқлар билан ишлайман. Чизганларим жойлаштирилган шахсий веб-сайтим бор.

— Демак, Муҳаммад Шайх жанобларининг ўзбек заминига бўлган ишқи сизни янада руҳлантирмоқда. Британия лорди, Консерватив мусулмонлар форуми асосчиси ҳамда Буюк Британия Лордлар Палатасининг бир умрлик (муқим) аъзоси Ўзбекистон ва Британия ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда фаоллигини сезиш мумкин...

— Лорд Шайх Ўзбекистонга кўп бора ташриф буюрган. Икки мамлакатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларини мустаҳкамлашга интилади. Шайх жаноблари Ўзбекистон ҳақида уч марта маъруза тайёрлаган, доим юртимизнинг ривожланиш босқичини ижобий томондан ёритади. Ватанимдан Британияга келган делегацияларни бир неча бор кутиб олиб, уларга юқори мулозамат кўрсатган.

Лорд Шайх 2016 йилги Ўзбекистондаги президент сайловларига таклиф қилинган эди. Сайлов шаффоф ва адолат билан ўтказилганини таъкидлаган эди. Шунингдек, биринчи президент Ислом Каримов ҳақида некролог ёзган. Натижада, Муҳаммад Шайх жаноблари сайланган президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган улкан ислоҳотларни таҳлил қилиб, улкан мақсадларни қўйган президентга ташаккурнома билдирди.

— Гули Шайх хоним, шарҳларнинг бирида, «Ўзбекистонга яқин келажакда янги авлод инвестор зурриёди туғилади» деган фикр билдирилган...
— Буни вақт кўрсатади. Бу саволга бирор изоҳ беришни истамайман. Умуман олганда, мен Муҳаммад Шайх жанобларига ўз ихтиёрим билан турмушга чиқдим. Мени ҳеч қачон лорднинг моддий бойлиги, амали ёки ёши қизиқтирмаган. Қалбимга яқин инсонни Аллоҳ тақдир қилди. Тенгдошларимга қараганда, чуқур фикрлаши, ҳаётга бўлган иштиёқи, ёш қалби ва юқори даражадаги интеллекти мени ром этган. Турмуш ўртоғим ҳар бир аёл орзу қиладиган меҳрибон эр. Атрофдаги инсонларга жуда эътиборли характерга эга. Биз бахтлимиз!
Нафиса Пардаева суҳбатлашди

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Лордга турмушга чиққан Гули Шайх хоним: «Менга ўринсиз айбловлар ёғдиришмоқда»