16:23 / 16.01.2019
4 731

Тошкентдаги каналлар бўйида 12 та сайилгоҳ ташкил этилади

Тошкентдаги каналлар бўйида 12 та сайилгоҳ ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2019 йилда Тошкент шаҳридан ўтадиган каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Амалга ошириладиган иш ҳажми бўйича умумий ўлчам - 22,1 км. Тахминий қиймат - 192,7 млрд сўм. Молиялаштириш манбасида энг кўп улуш инвестор маблағларида - 111,7 млрд сўм. Республика бюджетидан 32,7 млрд сўм ажратилиши режалаштирилмоқда, яна 48,2 млрд сўм - маҳаллий бюджет.
Ўзига хос сайилгоҳлар «Қорақамиш» коллектори, Салар, Дамаши, Қорасув, Бектемир, Бўзсув, Жўн, Бўрижар каналларининг алоҳида қисмлари бўйлаб ташкил этилади.

Масалан, Мирзо Улуғбек туманида «Дўрмон йўли» кўчасидан «Зиёлилар» кўчасигача бўлган «Салар» каналининг Ботаника боғига туташ қисмида қирғоқлар мустаҳкамланади ва сайилгоҳ ташкил этилади. Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидан оқиб ўтувчи «Қорасув» каналининг «Темур Малик» кўчасидан «Дўрмон йўли» кўчасигача бўлган қисми ободонлаштирилади ва сайилгоҳ ташкил этилади.

Энг қиммат лойиҳа - Учтепа туманидан оқиб ўтувчи «Бўзсув» каналининг «Фарҳод» кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган қисмини ободонлаштириш - 30,5 млрд сўм, 3,5 км.

Юнусобод туманида «Юқори Қорақамиш» кўчасидан оқиб ўтувчи «Қорақамиш» коллекторига туташ ҳудудда, Олмазор туманида - «Дамаши» каналининг «Қорасарой» кўчасидан «Келес йўли» кўчасигача бўлган қисмида, Яшнобод туманида - Қорасув» каналининг «Бойсун» кўчасидан «Фарғона йўли» кўчасигача бўлган қисмида, Миробод туманида - «Қорасув» каналининг «Фарғона йўли» кўчасидан «Фитрат» кўчасигача бўлган қисмида, Бектемирда - «Бектемир» каналининг «Ҳусайн Бойқаро» кўчасидан «Билол Нозим» кўчасигача бўлган қисмида, Яккасарой туманида - «Салар» каналининг «Бобур» кўчасидан Кичик ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган қисмида, Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманлари чегарасида - «Байналмилал» кўчасига туташ қисмидан оқиб ўтувчи «Бўзсув» каналининг «Оқтепа» майдонидан «Оқтепа» гидро электр станциясигача бўлган қисмида, Сергелида - «Чоштепа» маҳалласидан оқиб ўтувчи «Жўн» каналининг қирғоқ қисмида, Чилонзор туманида - «Бўрижар» каналининг Кичик ҳалқа автомобиль йўлига туташ қисмининг қирғоқлари ободонлаштирилади ва сайилгоҳ ташкил этилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига магистрал каналларга туташ ҳудудларда замонавий ландшафт меъморчилигини қўллаган ҳолда тематик хиёбонлар ташкил этиш, амфитеатрлар ва аҳоли дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида маданий-кўнгилочар масканлар очиш вазифаси юклатилди.

Кутилишича, туристлар учун шаҳарнинг жозибадорлигини ошириш йўналишида каналларга туташ ҳудудларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Шунинг учун бу ердаги каналларга туташ ҳудудларда спорт ва соғломлаштириш (байдарка ва каноэда эшкак эшиш, югуриш ва велосипед йўлаклари) масканлари, енгил конструкциядаги умумий овқатланиш масканлари, «Wi-Fi» ҳудудлар ва мусиқали фавворалар, «Бўзсув» каналининг Чилонзор туманидан ўтган қисмида 800 метр масофада инвесторлар ҳисобидан «Гондола» қайиқларида сайр қилиш масканлари, каналларга туташ ҳудудларда «Book cafe», «Open air» кинотеатрлари, «Экстремал спорт турлари», «Сунъий пляж» ташкил этилади.

Барча ишларни 2019 йил декабрь ойига қадар якунлаш режалаштирилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентдаги каналлар бўйида 12 та сайилгоҳ ташкил этилади