17:07 / 22.01.2019
8 504

Жамшид Кенжаевни ўлдирганликда гумонланаётган Шодали Қиличов: "Уни ўлдиришни хоҳламагандик"

Жамшид Кенжаевни ўлдирганликда гумонланаётган Шодали Қиличов: "Уни ўлдиришни хоҳламагандик"
21 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Шодали Қиличов, Саидазим Камолдинов, Алижон Ҳамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бошланди.

2018 йилнинг 8 августидан 9 августига ўтар кечаси, тахминан, соат 00:25 ларда Юнусобод туманидаги Aurum 898 тунги клуби олдида жанжал оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси 25 ёшли Жамшид Кенжаев оламдан ўтган эди.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А. Нишонов ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.

Иш бўйича раислик қилувчи С. Каримов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Шодали Қиличов (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган), Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Саидазим Камолдинов (1994 йилда Фарғона вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган), Алижон Ҳамраев (1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган) ва Жаҳонгир Ёрқулов (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган) га нисбатан жиноий иш кўрилаётганлигини эълон қилди.

«Repost.uz» судланувчи Шодали Қиличевнинг кўрсатмаларини келтириб ўтди. Қуйида унинг кўрсатмаси тўлиғича эътиборингизга ҳавола этилади.

Биз ўша куни кечқурун кўчада ишлаётгандик. Менинг вазифам тунги клубга кираётган меҳмонларни текшириш эди. Четроқда тургандим, шу пайт Кенжаев келиб қолди. У оқ шим кийиб олганди. У ерда клубда анчадан бери ишлаётган қўриқчилар ҳам турганди, Жамшид улар билан сўрашди, мен унинг исми Жамшид эканлигини кейинроқ билдим.

Эшик олдида Володя турганди. У Жамшидни ичкарига киритмади. Володя Жамшидга «Нарсаларингни шу ерда қолдир, бизга ишонмасанг машинангга ташлаб кир, кейин оволасан», деди. Жамшиднинг қўлида пичоқ бор эди. Мен унга яқинлашдим ва пичоқ билан ичкарига кириш мумкин эмаслигини айтдим. Унга «Ака, қўлингиздагини ташлаб, кириб кетаверинг, мен бу ерга янги келганман», деб айтдим. Шунда Жамшид «Тур, йўқол», деди. Биз мижозларга ҳурмат билан «сиз»лаб мурожаат қилишимиз керак.

Эшик олдида онамнинг укаси — тоғам турганди. У ҳам Жамшидга пичоқ билан ичкарига кириш мумкинмаслигини айтганида, Жамшид тоғамга қўполлик қилиб «Эй, қўлингни торт!» деди.

Жамшид тоғамга қўл кўтарди, тоғам уни итариб юборганида Жамшид йиқилди.

Жамшидни итаришаётганларида мен бундай қилиш мумкин эмаслигини айтдим. У пичоғини олиб, бизга яқинлаша бошлади. Кейин тоғам Шералининг кўксига пичоқ билан бир марта зарба берди. У ерда Жамшиднинг дўсти ҳам бор эди. Аниқ эслолмаяпман…

Ўша пайтда аҳволим шунақа эдики, ҳозир тасвирлаб беролмайман. Биз уни ўлдиришни истамагандик, бунақа мақсадимиз йўқ эди. Шунчаки, уни қуролсизлантирмоқчи эдик. У ерда меҳмонлар, аёллар бор эди.

Ундан пичоқни ташлашини сўрадим, у ташламади, баттар дарғазаб бўлди. У пичоқни тоғамнинг томоғига тиради, тоғам «Пичоқни олинглар, пичоқни олинглар» деб такрорларди.

Тоғамнинг кўксидан қон оқа бошлаганди. Мен пичоқ билан 5—6 марта Жамшиднинг бошига урдим, шундай қилсам у пичоқни ташлайди деб ўйлагандим, лекин у ташламади. Уни ўлдириш ҳаёлимда ҳам йўқ эди. У пичоқни ташламаганини кўриб, ўзимни йўқотиб қўйдим. У жинси ва футболка эди, усти қон бўлиб кетди. Нима қилаётганимни билмай қолдим.

Шундан кейин бошқа болалар югуриб келишди, тез ёрдам чақиришни айтиб бақира бошлашди. Биз иш вақтида телефондан фойдаланмаганимиз учун ҳеч кимда телефон йўқ эди. Шу пайтда ИИБ ходими келиб қолди. Биз унга пичоқларни топширдик, жанжал тугади. ИИБ ходими ёстиқ олиб келишимизни айтди, биз ёстиққа Жамшиднинг бошини қўйдик, сув олиб келиб, тез ёрдамни кута бошладик. Мен пичоқни Амир деган болага бергандим, у тез ёрдам чақирди. Тез ёрдам тахминан 35 дақиқаларда келди. Бунгача ИИБ ходими ҳамма маълумотларни йиғди.

Биз Жамшидни ўлдиришни истамагандик, ниятимиз уни қуролсизлантириб ичкарига киритиш эди. Ичкарида аёллар, чет элликлар бор эди, шунинг учун мақсадимиз Жамшидни қуролсизлантириш эди.

Ўлдириш ҳаёлимда ҳам йўқ эди, лекин икки ойлигимдан мени катта қилган тоғамга ҳужум қилганини кўрганимдан кейин ўзимни тутолмай қолдим.

Биз қочиб кетсак ҳам бўларди, лекин бу ҳаёлимизга ҳам келгани йўқ. Мен марҳумнинг ота-онаси ва рафиқасидан кечирим сўрайман.
Маълумот учун, ушбу жиноят иши бўйича кейинги суд мажлиси 23 январь куни бўлиб ўтади.

Манба: daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жамшид Кенжаевни ўлдирганликда гумонланаётган Шодали Қиличов: "Уни ўлдиришни хоҳламагандик"