17:53 / 22.01.2019
9 868

Ҳасан табиб аслида ким? «Унинг қилаётган иши табобат талабларига умуман тўғри келмайди»

Ҳасан табиб аслида ким? «Унинг қилаётган иши табобат талабларига умуман тўғри келмайди»
Фото: «Дарё». Ҳасан табиб.
Ўзбекистонликлар ва ижтимоий тармоқ фойданувчиларига «Ҳасан табиб» номи орқали танилган андижонлик Ҳасанбой Исмоилов билан «Дарё» мухбири Миролим Исажонов суҳбат уюштирди.

Сўнгги пайтларда «Ҳасан табиб» номи ижтимоий тармоқларда, хусусан, YouTube ҳамда Facebook’да тез-тез такрорланиб, қизғин муҳокамалар марказига айланмоқда. Шаҳрихонлик табиб сифатида нафақат Ўзбекистон, балки қўшни давлатларда ҳам донғи кетган бу инсоннинг фаолиятини ёқлаганлардан кўра, қораловчилар кўпчиликни ташкил этади.

Хўш, Ҳасан табиб аслида ким? У чиндан ҳам табибми? Агар табиб бўлса, фаолияти қачондан бошланган? У нима учун ҳузурига келган беморларга фақатгина уч маҳсулот: асал, хандон писта ва нўхатни истеъмол қилишни тавсия қилади? Унинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларини кимлар юритади? Блогерлар ва интернет фойдаланувчиларининг танқидларига муносабати қандай? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Шаҳрихон туманининг «Наврўз» маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳасан табиб билан суҳбатлашиш учун унинг ҳузурига отландик.

- Табиб сифатидаги фаолиятингизни қачондан бошлагансиз?
- Дадам косиб бўлган. Оилада олти ўғилнинг бешинчисиман. Мен ҳам асли косибман. Олдинлари шу ҳунар билан шуғулланганман. Табиблик фаолиятимга эса ўттиз йил бўлиб қолди. Одамлар келиб мурожаат қилади. Уларнинг ҳолатини кўриб эса йўқ деёлмайман.

- YouTube видеохостингида шахсий каналингиз борлигига кўзимиз тушди. Уни ўзингиз юритасизми?
- Тўғрисини айтсам, интернетга унчалик тушунмайман. YouTube билан боғлиқ ишларни Сардорбек исмли укамиз юритади. Аслида бу йигит тўрт йил давомида АҚШда даволаниб, икки марта мия операциясини бошдан ўтказган. Тутқаноқ касаллигига даво тополмаган ва унга шифокорлар бу касалликнинг шифоси мавжуд эмаслиги, умрининг охирига қадар дори ичиб юришдан бошқа иложи йўқлигини таъкидлашган. Сардорбек ҳам шаҳрихонлик. У 2015 йили олдимга келди ва унинг касаллигига ташхис қўйдик. Уч-тўрт ой ичида эса у соғлом бўлиб кетди. Шундан сўнг Сардорбек «Ака ер юзида менга ўхшаб, шифо тополмай юрган беморлар жуда кўп. YouTube’га сиз ва фаолиятингиз ҳақида видеолар жойлаб турсам қаршилик қилмайсизми?», деди. Унга рад жавобини бердим. Негаки, табиблик менга ортиқча юк. Кунига йигирма соат ишлайман. Тиним йўқ ишонсангиз. Эрталаб ва тушликдан кейин қабулимга келганлар билан шуғуллансам, бошқа вақтда оғир касалларнинг ёнига олиб кетишади. Орадан бир неча ой ўтгач, Сардорбек яна ўша мавзуда гап бошлади: «Сиз ўзингизни ўйлайдиган одам экансиз. Менга ўхшаган касаллар олдингизга келиб, шифо топса ёмонми?», дея охири мени бир амаллаб кўндирди. Тўрт йилдирки, YouTube’даги видеоларимни Сардорбек жойлаб туради.

- Олдингизга шифо топиш умидида келган инсонларнинг касаллиги турлича бўлса-да, нима сабабдан уларнинг барчасига айнан асал, хандон писта ва нўхат ейишни тавсия этасиз?
- Қуръони Каримнинг беш жойида асалнинг шифолиги зикр этилган. Шу сабаб Ёсин сурасини ўқиймиз. Асал ва унинг шифоси тўғрисида жуда кўп бор изланишлар олиб борганман. Ўзимга тегишли қўлланма сифатидаги «Минг дард муолажаси»дан бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида фойдаланишяпти. Хандон писта асаб тизимини юмшатиб беради, асал эса ювади. Пистани беморнинг ёши ва асаб системасига қараб тавсия қиламан. Энг кўпи билан 11 дона писта ейишини тавсия этаман. Нўхат организмни «чўткаси» ҳисобланади. Кўпчилик нўхат еллик, дея тановул қилмайди. Аслида эса нўхатни организмга гўштдан кўра фойдаси кўпроқ. Бу уч маҳсулот фойдасини чуқур ўрганганим боис тавсия қиламан. Мия бу маҳсулотлар қувватини жамлаб, кейин организмга ташлайди ва таъсир кўрсатади.

- Ўзбекистон халқ табобат академиясининг фаолиятингизга муносабати қандай?
- Уч-тўрт йил олдин Россия Федерациясига борганимда, мия саратонига чалинган бир чақалоққа ташхис қўйганман ва буни кўрган соҳа ходимлари мени табобат бўйича ишга таклиф этишди. Аммо бунга рози бўлмадим. Ўша йили юртимизга қайтгач, ҳуқуқ тартибот органи ходимларига учрадим. Туман ИИБ, туман прокуратураси ва туман солиқ бўлимидагилар билан гаплашдим ҳамда ўша йилдан бошлаб йиллик декларация тўлаб келаяпман. Қуръон ўқиб даволаш фаолиятим ноқонуний эмас. Яқинда Президентимиз халқ табобатини ривожлантириш бўйича имзолаган қарорини эшитиб, қувониб кетдим. Ўзбекистон халқ табобат академиясига лицензия олиш учун керакли ҳужжатларни топширганман. Энди уларнинг жавобини кутаяпман.

- Айрим блогерларнинг сиз ва фаолиятингиз ҳақидаги материаллари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларни юзага келтиряпти. Танқидий изоҳлар ғашингизни келтирмаяптими?
- Бундан бехабарман ва уларнинг фикри мен учун қизиқ эмас. Олдимга фақат Шуҳрат ва Анвар ака исмли блогерлар келган холос. Шуҳрат ҳатто онамни олдингизга олиб келаман, деганди. Кейин менга нисбатан билдирган салбий фикрларидан ҳайрон бўлдим. Қолган блогерларнинг барча фикрлари ёлғон ва туҳмат. Уларнинг ҳеч бири ёнимга келмаган.

- Айтишларича, таниқли санъат соҳаси вакиллари ҳам сизга мурожаат қилиб туришаркан...
- Бу бор гап. Аммо улар қайси қўшиқчию актёрлар эканлигини айтолмайман. Яқинда бир актёр оғир ҳолатда машинада келди ва муолажаларга тўғри амал қилгани учун қисқа фурсатда оёққа туриб кетди.

16 450 000 сўм даромад солиғи тўлаган
Ҳасан табиб билан кечган суҳбатимиздан очиғи кўнглим тўлмади. 1 соату 13 дақиқа давом этган мулоқотимиз мобайнида у баъзи саволларимга мужмал жавоб берди. Ҳатто унинг айрим жавобларидан кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан киши.

Шундан сўнг Шаҳрихон туман давлат солиқ инспекцияси мурожаат қилдим. Мазкур ташкилотдан олинган маълумотларга кўра, Ҳасан домла ҳақиқатдан 2016 йилдан бери солиқ тўловчи сифатида фаолият кўрсатиб келади. У жисмоний шахс сифатида 2016–2017 йил жами йиллик даромади тўғрисида декларация топширган ҳамда ўрганиш кунигача 16 450 000 сўм даромад солиғи тўлаган.

«Даволаш усуллари табобат талабларига зид»
Мен авваллари бу инсонни даволаш усулларига қизиқмасдим. Яқинда ходимларим унинг ҳаммага бир хил ташхис қўйиб, даволаётганини видеога олиб келишди. Уни ўзи билан кўришганда ҳам бу йўл билан касал даволаб бўлмаслигини айтиб, керакли маслаҳатларни бердим. Келгусида бизнинг ташкилотга аъзо бўлиши ва унинг тартибларини тушунтирдим. Ўзи яхши, ақлли одамга ўхшади. Аммо қилаётган иши табобат талабларига умуман тўғри келмайди. У шу пайтгача кимларни қайси касалликдан халос этгани тўғрисида бизда аниқ маълумотлар йўқ. Ҳасанбой агар биз айтган ҳужжатларни тўлиқ тайёрлаб келса, унинг фаолиятини чуқур ўрганиб, сўнг бирор аниқ жавоб айтишимиз мумкин.

Иброҳимжон Асқаров, Ўзбекистон табобат академияси раиси

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳасан табиб аслида ким? «Унинг қилаётган иши табобат талабларига умуман тўғри келмайди»