Барча болалар учун нафақа ажратиш таклиф қилинди

  • 03 февраль 2019, 08:32
  • 5 112
  • Жамият
  • Барча болалар учун нафақа ажратиш таклиф қилинди
    БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) 1 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда 2034 йилгача Ўзбекистондаги барча вояга етмаган болаларни нафақа билан қамраб олиш таклиф қилинди. Тадбир «Юксалиш» Ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя учун ЯИМнинг 9,7 фоизини ажратади. Бироқ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами мунтазам ижтимоий ёрдам олаётгани йўқ. Кам таъминланган оилаларнинг ўртача нафақа олиш давомийлиги 4,7 ойни ташкил этмоқда.

    Фақатгина 17 фоиз болали оилалар фарзандларини парваришлаш учун нафақа олмоқда. Нафақалар умумий қашшоқлик даражасини камайтиришга ижобий таъсир кўрсатмаяпти. Ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламида 15 ёшгача бўлган болалар сони катталарга нисбатан 1,5 баробар кўпроқ.

    Болалар қашшоқлиги оилаларда яшаётган кексалар нафақаси ҳисобига енгиллаштирмоқда.

    ЮНИСЕФИ томонидан ўтказилган ижтимоий ҳимоя тизимлари таҳлиллари аҳолининг фақатгина 1 фоизи даромади ойига 1,6 млн сўмни ташкил этишини кўрсатди. 76 фоиз аҳолининг кунлик харажатлари 15,7 минг сўмдан камроқ. Қашшоқлик чегарасида яшаётган одамларнинг ярмига яқини ижтимоий ёрдам олмайди.

    Кам таъминланган оилалар фарзандлари келажаги учун зарур бўлган касбий ва олий таълим олишларини таъминлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. 12 фоиз иқтисодий фаол аҳоли иш билан таъминланмаган. Бу ёшларнинг иш берувчилар томонидан қўйилган билим ва малакаларга эга эмаслиги билан боғлиқ. Натижада миграция даражаси ортиб бормоқда, дея таъкидлади ЮНИСЕФнинг ижтимоий ҳимоя бўйича халқаро эксперти Стивен Кидд.

    Шу муносабат билан ЮНИСЕФ Ўзбекистон учун 2 ёшгача бўлган барча болалар учун 150 минг миқдорида ойлик нафақа тайинлашни таклиф қилди.

    Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, болалар нафақаларини тўлаш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш бошланғич босқичда молиявий харажатларни кўпайтиришни талаб қилмайди. Истиқболда эса ҳар йили ЯИМнинг 0,05 фоизи миқдорида оширишни тақозо этади холос. Бу билан 2030 йилда 14 ёшгача бўлган, 2034 йилда 18 ёшгача бўлган барча болаларни нафақа билан қамраб олишга замин яратилади.

    Ногиронлиги бўлган болалар нафақа тизимини ислоҳ қилиш учун қўшимча изланишлар олиб борилиши лозим. Бугунги кунда ногиронликнинг оғир шаклларига эга 3−17 ёшдаги болаларнинг фақатгина 48 фоизи кўмак олади.

    «Болаларни нафақалар билан қамраб олиш келгусида салбий иқтисодий оқибатлар хавфини камайтиради», — деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили Рафаэль Кливлеев.

    » » Барча болалар учун нафақа ажратиш таклиф қилинди